Биласизми?

Баҳриддин Чустий: ошпазлик - эркаклар касби

Бизда ошхона, уй-рўзғор юмушлари, овқат пишириш; булар аёлларнинг иши деган қараш шаклланган. Лекин аслини олиб қарасак аксарият машҳур ошпазлар эркак эканлигини кўришимиз мумкин. Эркак.уз ана шундай машҳур ошпазлардан бири, ўзбек ошхонасининг етакчиларидан, барчамизга таниш Баҳриддин Чустийни суҳбатга тортди.

Баҳриддин Чустийни алоҳида таништириб ўтишга ҳожат йўқ бўлса керак. Ошхона.уз интернет саҳифаси, кўплаб дунё шаҳарларидаги фаолиятлари, турли телеканаллардаги чиқишлари, ошпазлар мусобақаларида қатнашиш ёки уларни ташкиллаштириши орқали ўзбек ошхонасини дунёга танитаётган Баҳриддин, ошпазлик билан бир вақтда стартапчилик, тадбиркорлик ва оила раиси вазифаларини ҳам аъло даражада бажариб келмоқда.

Баҳриддиндан даслабки сўраган саволимиз унинг танлаган касби ҳақида бўлди:

Ошхона, пишир-тушур деганда эркакларимизда, булар аёлларнинг иши деган қараш шаклланиб қолган. Бундай қараш сизнинг фаолиятингизда қийинчиликлар туғдирмаганми? Умуман бу қарашларга сизнинг фикрингиз қандай?

Аввалари тутган касбим яъни ошпазликка вақтинчалик касб деб қараганман ва қачонлардир бошқа касб бошини тутиш керак деб ҳисоблар эдим. Ҳаттоки интернет тармоқларида касбим ҳақида сўрашганда ошпаз эканлигимни ошкор этишдан уялган кунларим ҳам бўлган.

Дарҳақиқат, пазандалик бу аёлларга ҳос хусусият. Пазандалик яқинларини хушнуд этиш учун қилинади. Ошпазлик эса омма учун таом тайёрлашдир. Бу алоҳида бир касб, даромад манбаи ҳисобланади. Шу сабабдан у билан асосан эркаклар шуғулланадилар.

Баҳриддин ўзбек Интернети УзНетъда саноқли муваффақиятли лойиҳалардан бири бўлган Ошхона.уз сайтининг муаллифи. Кейинги саволимиз шу ҳақида бўлди:

Ошхона.уз лойиҳасини яратиш фикри қандай пайдо бўлди, ўзбек Интернетида бундай лойиҳа яратишнинг қандай қийинчиликларини санаб ўта оласиз ва умуман УзНетъни қандай ислоҳ қилиш керак деб ҳисоблайсиз?

Ошхона.Уз сайти очилмасидан олдин, УзНетдаги турли ҳил форум ва Интернет саҳифаларида тайёрлаган таомларимиз расмини ва баъзан ретсептини жойлаб турар эдик. Кўплаб фойдаланувчилар таклифлари асосида миллий ошхонамизга аталган ўзбек тилидаги веб саҳифа ташкил қилинган.

Қийинчикларни ўзимиздан келиб чиққан ҳолда ёзадиган бўлсак, ретсепт ёзишда аввало имловий хатоларнинг таҳрири, ошхонага оид сўзларнинг таржимаси, баъзан сайт учун тайёрлаган таомларнинг кўнгилдагидек чиқмаслиги ва сайтга янги маълумотлар киритилишининг барқарор эмаслиги каби муаммоларга дуч келмоқдамиз.

УзНетдаги яратилаётган янги лойиҳаларни аксари рус тилида эмас, балки ўзбек тилида бўлса янада аъло бўлса керак деб ўйламан. Турли соҳалардаги давлат сайтлари фаойлияти йўлга қўйилганлиги кишини қувонтирадию, бироқ фаолиятини янада такомиллаштирса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Яқинда Баҳриддин ўзини тадбиркорлик соҳасида ҳам синаб кўра бошлади. Ғарбда "слиск-то-бриск" деб номланган бизнес модел бор, унда онлайн фаолият юритадиган интернет нашрлари ўз фалоиятини офф-лайн, яъни интернетдан ташқарига олиб чиқадилар. Ўзбекистонда бу моделни биринчилардан бўлиб Чустий амалга оширди. У ўзи туғилиб ўсган Чуст шахрида биринчи Ошхона.уз тамаддихонасини очди ва таъкидлаш керакки қисқа вақт ичида унинг довруғи Ўзбекистондан ташқариларга ҳам тарқалиб улгурди. Ҳозирда Ошхона.узнинг иккинчи таммадихонаси Тошкентда очилиши кутилмоқда ва бу борадаги ишлар қизғин давом этмоқда.

Ундан тадбиркорлик фаолияти ҳақида сўрайман:

Баҳриддин, Интернет лойиҳаси устида ишлаш билан, тўгридан-тўғри иш жойи очиб, тадбиркорлик билан шуғулланиш орасида катта фарқ бўлса керак? Ўз ишини бошламоқчи бўлган ўқувчиларимизга қандай маслаҳатлар берган бўлар эдингиз?

Аввало эътибор учун катта раҳмат, жон деб маслаҳат берган бўлар эдим, аммо биз айни дамда маслаҳат берувчилар эмас, балки маслаҳат олувчилар тоифасига мансубмиз. Чунки хабарингиз бор биз бу лойиҳани бошлаганимизга ҳали ҳеч қанча вақт бўлмади ва бу қилган ҳамда қилмоқчи бўлган ишларимизда атрофимиздаги ушбу соҳа вакиллари, устозларимиз кўрсатмалари асосида фаолият юритамиз.

Бу борадаги қийинчиликлар ҳақида нималар дея оласиз? Шу қисқа вақтда олган тажрибангизга асосланиб бизнес қилмоқчи бўлганлар нималарга тайёр бўлиши керак деган бўлар эдингиз?

Ҳар бир янги бошланган ишда молиявий қийинчиликлар кўп кузатилгани каби, биз ҳам шундай муаммоларга дуч келганмиз. Муносиб кадрлар етишмаслиги каби муаммоларга ҳали ҳам учраб турибмиз.

Шу каби қийинчиликларга дуч келганда, бошлаган ишни тўҳтатиб қўймасдан ўз мақсади сари интилишини маслаҳат берган бўлар эдим.

Онлайн лойиҳалар ва тадбиркорликдан ташқари Баҳриддин Ўзбекистонда ва халқаро миқёсда турли тадбирларда қатнашиб боради ва ўзи ҳам тадбирлар ташкиллаштириб туради. Шу билан бирга у оила бошлиғи ва бир фарзанд отаси ҳамдир.

Баҳриддиндан оиласи ҳақида ва иш билан оила ўртасида тўғри мувоззанат сақлаш ҳақида сўрайман:

Оила ва иш ўртасидаги мувозанатни сақлаш сизнингча эркак киши учун қанчалик муҳим ва бу борада сизнинг тажрибангиз қандай?

Янги корхона бўлгани боис кўп ҳолларда ишга эрта кетиб кеч қайтадиган кунларимиз бўлади, ҳаттоки баъзан тадбир ва босқа бир лойиҳалар сабабли дам олиш кунисиз ишлашга ҳам тўгри келган пайтлар бўлади. Шундай ҳолларда табиийки оила иккинчи даражага ҳам тушиб қолади ва аслида эса аксинча бўлиши керак.

Лекин имкон қадар рисоладагидек бўлишга ҳаракат қилмоқдамиз, аммо буни нечоғлик уддалай оляпмиз бу ҳақда бирор нима дея олиш мушкул бўлса керак.

Чустийнинг Фасебоок саҳифасидан олинди

Эркак кишининг кўнглига йўл унинг ошқозони орқали ўтади дейишади, сизнинг кўнглингизга йўлни топиш қийин бўлган бўлса керак?

Кўпинча уйда махсус ва тансиқ таом тайёрланганда аксига олиб уйга қорин тўқ ҳолда келаман, кунда қилинадиган соддароқ таом бўлганда эса оч келаман, шундай ҳоллардаги ҳолатни ўзиз тасаввур қилиб олаверинг (кулади).

Ошхона.уз лойиҳаси раҳбари Баҳриддин Чустийнинг уйдаги ошхонасида ким бошлиқ?

Агар ойим турган ҳовлига борсак, ойимлани кўрсатмалари билан аёлим туради. Агарда ўзимиз бўлсак аёлимни ўзи ижод қилади.[/тҳрее_фоуртҳ_ласт]

Баҳриддиндан келажакдаги режалари ҳақида сўрайман:

Ниятимиз Ошхона.Уз тармоқларини диёримизнинг бошқа туман ва вилоятларида ҳам очиш ва албатта чоп этилиб борилаётган миллий ошхонамизга оид маълумот ва ретсептларни жамлаб китоб ҳолга келтириш.

Суҳбатимизни якуни сифатида сизнинг фикрингизча барча эркакларимиз қила олиши шарт бўлган 3 та таомни санаб ўтсангиз? 

  1. Палов
  2. Кабоб
  3. Шўрва

Баҳриддин, мароқли суҳбат учун сизга ташаккур билдирган ҳолда ҳозирги фаолиятингизга  ривож ва келажакдаги режаларингизга омад тилаб қоламиз.

Сизга катта раҳмат. Фурсатдан фойдаланиб эркак.уз сайти ўқувчиларининг барча ўйлаган эзгу нийятларига эришишларини ва хонадонларини ҳаловат асло тарк этмаслигини тилаб қоламан. Қолаверса бизни суҳбатга чорлаган сайт мутасаддиларига ҳам ўз миннатдорчилигимни изҳор этган ҳолда, қилган ва қилмоқчи бўлган барча ишлари унумли ва давомли бўлишини тилаб қоламан.

Баҳриддин ўқувчиларимизни қизиқтирган бошқа саволлари бўлса уларга ҳам жавоб беришга розилик билдирди. Агарда сизни қизиқтирган саволларингиз бўлса шу ерда сўрашингиз мумкин.