Биласизми?

Аваз Охун: Қизиқчи маънавий камчиликларнинг устидан кулиши керак

Аваз Охунни кўпчилик “Ҳожибой Тожибоевга ўхшаркан дейди”. Ана шу таъриф ҳам, унинг қизиқарли чиқишлари ҳам одамлар кўнглидан тез жой олишига сабабчи бўлди. Ижодкор билан суҳбатимиз давомида эса унинг нақадар самимий эканлигига гувоҳ бўлдик.

Савол: Сизда биринчи марта одамларни кулдириш истаги қачон ва нима сабадан пайдо бўлган?

Аваз Охун: Биринчи марта ўқувчилигимда мактаб йиғилишида бир миниатюрадан парча ижро этиб бергандим. Шундан кейин одамларнинг юзида озгина бўлса ҳам табассум кўришни истаб қолдим. Қизиқчилик ҳавасдан бошланади. Мен ҳам ойнаи жаҳон орқали қизиқчиларни кўриб, ҳавас қилганман.

Савол: Сизни марҳум санъаткор Ҳожибой Тожибоевга ўхшатишади. Ростдан ҳам у кишининг шогирди бўлганмисиз?

Аваз Охун: Раҳматли Ҳожибой аканинг ёнида шогирд бўлиб юрмаганман. Контцертларига кирардим, у кишига ҳавас қилардим. 2003 йилда контцертида чиқиш қилганман. Саҳнада дуо қилган. Машҳур санъаткоримизга ўзим билмаган ҳолда беихтиёр ўхшаб қолдим. Атайлаб қилсам ўхшамайди. Бизни ўхшатишларига сабаб, устознинг йўналиши, ўзига хос мактаби бор эди. Яъни халқнинг ўзидан олиб, ўзига берарди. Ҳожибой ака “Бир актёр театри” йўналишида ижод қилган. Мен ҳам шу йўналишни танлаганман. Балки шунинг учун ўхшатишар.

 

134444494

Савол: Айрим ҳолларда қизиқчиликнинг бачканаликка айланиши кўзга ташланмоқда. Қизиқчи одамларни кулдириш учун бепарда, ҳаёсиз гап айтишга ҳақлими?

Аваз Охун: Яқинда бир даврада ўтиргандим. Бир киши сиз бемаъни гап гапирмас экансиз-а, деди. Тасаввур қилинг, мен гапираётган гапни биринчи қаторда ўтирган ота-онам, ўртароқда ўтирган синглим, орқада ўтирга аёлим ва отахон-онахонлар эшитади. Қизиқчи шундай ижод қилиши керакки, саҳнадаги гапни ота-онаси ёнида ҳам, бошқалар олдида ҳам бемалол гапира олсин. Менга устозларим ўргатганидек, саҳнага чиқишдан олий мақсад, бу кулдириш эмас, балки томошабинга маънавий озуқа беришдир. Мухлис залда мириқиб кулсаю, томоша тугаганидан кейин нимага кулгани эсидан чиқиб кетса, бу қизиқчи учун яхши ҳолат эмас. Мухлис контсертингизга пул тўлаб кирдими, шунга арзирли маънавий куч, озуқа ола олиши керак.

Қизиқчиликда беҳаё мавзуларнинг кўпайиши, бу мактаб, устоз кўрмаган шогирдларнинг ўртамиёна уринишларидан бошқа нарса эмас. Бу томошабинни кулдиришнинг энг йенгил йўли. Қизиқчи ҳаракат қилса, озгина кузатувчан бўлса мавзу қалашиб ётибди.

Савол: Қизиқчи айтаётган ҳар бир ҳажвия ортида маълум бир дард, муаммолар акс этади. Айтинг-чи, репертуарингиздаги кулгули воқеалар кузатувлар маҳсулими ёки бадиий тўқима?

Аваз Охун: Латифалар халқ оғзаки ижоди ҳисболанади. Уни қурувчи ҳам, тракторчи ҳам айтиши мумкин. Ҳамма гап қандай айта олишда. Масалан қизиқчи оддийгина: эрталаб турдим, ишга бордим, тушлик қилдим каби гапларни ҳам актёрлик маҳорати билан кулгули қилиб айта олиши керак. Буюк бир режиссёрнинг шундай гапи бор: “томошабин нимани кўриш учун келади? У паузаларни томоша қилиш учун келади. Маҳоратли қизиқчи паузада ҳам кўп нарсани акс эттира олади.

Савол: Сўз усталари баъзан интернет орқали хандаларни таржима қилиб, халққа йетказишади. Бу латифалар орасида миллатимиз руҳиятига бегона, менталитетимизга ёт ҳолатлар акс эттирилганлари ҳам учраб туради. Бунга сабаб нима, қизиқчилар учун ёзилган манба камлигиданми ёки уларнинг дангансалигидан?

Аваз Охун: Ҳамма ҳар хил манбадан фойдаланади. Лекин энг асосийси, ҳажвияни қайси йўл билан олмасин, унинг мухлисга маъқул келиш ёки келмаслигини ўйласин. Томошабиннинг шахсиятига тегишга, бирор бир камчилигининг устидан кулишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Кимнингдир соқовлиги, кар ёки кўрлигини мазах қилиш мумкин эмас. Қизиқчи маънавий камчиликларнинг устидан кулиши керак. Қолаверса, ёшларимиз тақлидни яхши кўради. Қайсидир ёш санъаткорнинг гапирган беҳаё гапи ёки бирор хатти-ҳаракати ёшлар ўртасида оммалашиб кетаяпти. Ахир кўчада, чойхонада гапириладиган гапни саҳнага чиқариб бўлмайди.

Савол: Бир неча йил аввал Оқтош санаторийсида чиқиш қилганингизда, чипта нархи 4000 сўм бўлгани учун одамлар иккиланишган, сиз эса арзон деб менсимаяпсизлар деган экансиз. Ўшанда сизга хокисор йигит деб таъриф беришган экан. Айтинг-чи, бу хокисорлик табиийми ёки?

Аваз Охун: Санъаткорни нима барбод қилади? Манманлик. Айримларнинг ижроси зўр, ўзи эса одам сифатида унчаликмас деб одамларнинг ҳафсаласи пир бўлганини кўрганман. Санъаткорнинг халқ олдида гердайиб туришга ҳаққи йўқ. Санъатингиз қанча зўр бўлса, ўзингиз шунча камтар бўлишингиз зарур.

Савол: Тушкунликка тушганингизда бу вазиятдан қандай чиқиб кетасиз?

Аваз Охун: Устозим биров билан хафалашсанг, ҳаётингда муаммолар пайдо бўлса, аламингни, ғазабингни ижоддан, қалам ва қоғоздан олгин деб ўргатган. Мен ҳам бор диққатимни ижодга қаратаман. Ва айнан шундай фурсатларда энг яхши асарлар пайдо бўлади.

Зуҳра РЎЗИеВА суҳбатлашди.