Ҳид бу сизнинг тимсолингиз ва услубингизнинг кўринмас қисмидир. Одамлар у орқали сизни қабул қилишади. Биз қуйида ўзингизга мос атир танлашингиз учун тавсиялар берамиз.
Сизда таралаётган атир ҳиди туфайли
кишиларга ёқасиз,
одамларнинг сизга ишончи ортади,
стрессни пасайтиради,
ўзингизга ишончингиз ортади,
эътиборлироқ бўласиз,
аёлингизнинг сизга муҳаббати ошади.
Қизиғи шундаки, 80 фоиз эркаклар атир ишлатмасдан бу имкониятларни бой берувчилардир. Кўпчилик эркаклар хушбўйлаштирувчи воситалар ҳақида маълумотни қаердан излаш, ўзларига қандай атир танлаш ҳақида маълумотга эга эмас.
Бу мақоламизда сизни анвои ислар оламига олиб кирамиз ва ифорларни таснифлаймиз. Атир танлашни ўргатамиз.
Атир нима?
Хорижликлар парфюм деб атовчи хушбўй моддаларнинг спиртдаги эритмасини биз умумлаштириб “атир” деймиз. У табиий хомашёдан ёки синтетик моддадан таркиб топиши мумкин.
Хушбўй модда концентрацияси қанча юқори бўлса, ҳид шунча ўткир бўлади. Ҳид қанча ўткир бўлса, шунча узоқ сақланади.
Атир (духи), парфюмерия суви, хушбўйлаштирувчи сув (туалетная вода) ва одеколон ўртасида қанчалик фарқ бор?
Хушбўйлаштиргичлар турлича концентрацияда бўлади. Улар, асосан, 5 тоифага бўлинади:
- Мусаффолаштирувчи сув (Eau Fraiche). Унинг таркибида сув ёки спиртда эриган модда миқдори энг кам, хушбўйлаштирувчи модда концентрацияси 1-3 фоиз атрофида бўлади. Ҳиди бир соатга қолмай тарқаб кетади.
- Одеколон (Eau de Cologne). Унинг ҳиди ҳам ҳаммага таниш, хусусан, сартарошхоналарда анқиб туради. Асосан, эркаклар фойдаланади. Одатда тетиклик бахш этувчи енгил ис таратади. Хушбўй модда концентрацияси 2-4 фоиз. Икки соатча сақланиб туради.
- Хушбўйлаштирувчи сув (Eau de Toilette). Хушбўй модда концентрацияси 5-15 фоиз. 3 соатга яқин сақланади.
- Парфюмерия суви (Eau de Parfum). Бунда ҳам эркакларбоп, ҳам аёлларбоп восита назарда тутилмоқда. Концентрацияси 15-20 фоиз. Ҳиди 5-8 соатча қолади.
- Атир (Extrait de Parfum ёки Elixir de Parfum). Атир таркибидаги хушбўй модда миқдори энг кўп – 20-30 фоизгача. Камида бир сутка ҳиди сақланади.
Хушбўйликнинг даври
Хушбўйликнинг даври уч босқичга бўлинади, уни пирамида шаклида тасаввур қилиш мумкин. Пирамиданинг қаватлари чертма созларники сингари алоҳида ҳид пардаларига бўлинади.
Пирамида юқори, ўрта ва асос пардаларга бўлинади.
Юқори парда бу сепишингиз билан дарҳол сезиладиган ислардир. Юқори парда ислари 15 дақиқадан 2 соатгача сақланади. Бунга лаванда гули, лимон ва мандарин мевалари ҳамда денгиз ҳиди киради.
Ўрта парда исларини муаттар ислар юраги дейилади, бу атру ифорнинг бош элементидир. Улар юқори парда ҳидлари тарқаб кетгач, анқий бошлайди ва 3-5 соат таралиб туради. Атиргул, ясмин, настарин гулларининг вазмин ҳиди бунга мисол бўлади.
Асос парда ҳидлари терига ўрнашиб қолади. Сепилган жойидан тарқала бошлагач, хушбўй иси борича димоққа урилади. 5 соатдан 10 соатгача сақланади. Сандал дарахти, тутун ва тамаки иси, ванил ва мушк ҳиди шулар жумласидандир.
Чизиқли ва ночизиқли ҳидлар
Барча ҳидлар ҳам вақт ўтган сари ўзгармайди, уч пардали эмас. Чизиқли ҳидлар терига сепилиши биланоқ охиригача бир хил анқийди. Ночизиқли ҳидлар эса ташқи таъсирга қараб ўзгаради.
Иккала турдаги ҳиднинг ҳам ҳаётимизда ўз ўрни бор. Масалан, ишга отланаётганингизда сиздан таралаётган енгил хушбўйлик тобора қуюқ мушк ҳидига айланишини истамайсиз. Учрашувга шошилаётганингизда эса йўлда цитрус исини таратиб, манзилга етгач, кишини жалб этувчи бўй анқиб тургани яхши.
Дизайнерлик ҳидлари ва нодир ҳидлар
Дизайнерлик ҳидларини исталган атир-упа дўконидан топасиз. Одатда, Armani, Chanel ёки Burberry компаниялари ишлаб чиқаради. Барчасининг нархи бир-бирига яқин бўлиб, кенг омма учун тайёрланади. Кўпчиликнинг дидига мўлжалланган, хавфсиз. Бундан ташқари, арзон моддалардан тайёрланади.
Нодир ҳидларни юқори сифатли қимматли моддалардан олинади. Бу ишнинг ўз касбининг усталари бажаради. Нодир ифорлар кам сонли оммага мўлжаллаб чиқарилади. Анъанавий ислар меъдасига текканлар нодир исларнинг харидорига айланиши мумкин, аммо дизайнерлик ҳидларидан бирмунча қиммат туради.
Нарх масаласи
Атирнинг нархи қимматлиги доимо сифатлилигини билдиравермайди. Кўплаб машҳур атирларнинг ҳамёнбоп турлари етарли. Ё бўлмаса, қиммат ва нодир моддани спиртга аралаштириб ёқимсиз бўтқа ис олиш мумкин.
Атир нархини белгиловчи асосий омилларнинг бири ундаги хушбўй модданинг концентрациясидир.
Дизайнерлик атирларининг кўпчилиги ўзаро “қариндош” бўлади. Масалан, Ralph Lauren атири сизга ёқса, бу компаниянинг янги маҳсулотларидан қўрқмай сотиб олаверинг, номидан қатъи назар хушбўйи таъбингизга ўтиради.
Қолаверса, нархда рекламанинг ҳиссаси бор. Ўзига хос услуб ва бренд учун ҳам, барибир, ҳақ тўлаймиз.
Ҳиднинг барқарорлиги ва “этаги” (шлейфи)
Бу икки хусусият ҳиднинг узоқ сақланиши ва атрофдагилар димоғига урилишини тавсифлайди. Ҳиднинг “этаги” қанчалик узун бўлса, шунча узоққа етиб боради ва атрофдагиларга шунчалик яхши сезилади.
Аммо ҳиднинг бу хусусиятлари ўткир бўлмаслиги керак. Чунки ўткир ис киши меъдасига уриб қолиши мумкин. Ҳамма жойда тўғри келавермайди. Тижорий учрашувга қип-қизил футболкада бормайсиз-ку.
Сифатли ва сифатсиз атирлар
Ҳиднинг барқарорлиги, нодирлиги ва “этаги” билан танишиб чиқдик. Айнан шу хоссалари орқали атир баҳоланади.
Цитрус ёки денгиз ҳиди сепилгач, 5-7 соатда тарқаб кетади. Агар тезроқ тарқалса, бундай ёзги атир унча сифатли эмас. Қишки атирлар барқарорроқ бўлади ва 10 соатга яқин сақланади, уларнинг асос пардаси жуда интенсивдир.
Атир харид қилаётганингизда билагингизга суртиб синаб кўринг, қанча сақланишини аниқланг. Вақт ўтган сари ҳиди ўзгариб қолиши мумкинлигини текширинг.
Атир сифатини магазиндаги тилимланган қоғоз тестерда (блоттер) синаш керак эмас.
[caption id="attachment_4890" align="aligncenter" width="500"] Блоттер[/caption]
Яхши атирни қандай танлаш ва харид қилиш лозим?
Биринчи ўринда атир сизнинг жисмингизга мослигини аниқлаш керак. Кўрмасдан ёки интернет орқали харид қилманг. Магазинга киринг ҳамда ўз қўлингиз ва бурнингиз билан синаб кўринг. Бир мартада икки турдаги атирни искаб кўрманг, ҳиди аралашиб кетади.
Синаб кўриш
Атирни билагингиз ёки тирсагингизга сепинг.
Бир атирни искагач, иккинчисига ўтишдан олдин рецепторларингизни “тозалаш” учун бошқа нарсани ҳидлаб олиш керак. Одатда, атир-упа магазинларидаги тестерлар ёнида янчилмаган кофе солинган идиш туради. Уни ҳидлаб рецепторларни тозалаб олиш эсингиздан чиқмасин.
Атир ҳидининг ҳамма тусини (аккорд) аниқланг. Тилимланган қоғозчалардан фойдаланмай, ўз танангизга сепиб кўринг.
Атирни сепгач, бир соат ичида ҳиди тусланишига эътибор қилинг. Бундан ҳид пирамидасини аниқлаб оласиз.
Шишача ҳажми қанча бўлсин?
Атир шишалар, одатда, 30, 50, 100 мл ҳажмли бўлади.
Ҳаётингизда биринчи марта атир харид қилаётган бўлсангиз, яхшиси, кичик шишачадагисини танланг. Мабодо, дидингизга ўтирган муаттар бўйни топсангиз, катта шишачадагисини сотиб олишингиз мумкин, чунки мижозларини саросимага солиш учун компаниялар баъзи атирларни ишлаб чиқаришни вақтинча тўхтатиб қўйишади.
Камёблигига эътибор қаратинг
Эркаклар, кўпинча, атирнинг камёблигига диққат қаратишмайди. Улар парфюмерия ўзига хосликни талаб қилмайдиган соҳа деб ҳисоблашади, гўё. Эсда тутиш лозимки, одамларда сизнинг ҳидингиз орқали хотира, таассурот ва ҳиссиётлар уйғонади.
Агар камёб атир сепмасангиз, бошқалардан фарқли жиҳатларингиз камаяди. Эрталаб нима кийишингизга астойдил ҳафсала қилсангиз, қандай бўй таратишингизни ҳам эътиборга олинг.
Атир қандай сепилади?
Атирни қуруқ тоза терига сепиш керак. Ювингандан сўнг сепиш маъқулдир. Теридан 7-20 см узоқликда тутиб сепинг.
Пульс урувчи нуқтага сепинг. Яна тананинг энг иссиқ нуқталарига сепиш лозим: бўйин, кўкрак, ияк ости, билак, тирсак, елка. Сепгандан сўнг зинҳор артманг. Бунда ҳид пирамидаси бузилади ва муаттар уйғунлик йўқолади.
Атирни устингиздан сепиш тўғри эмас. Айрим эски китобларда атирни ҳавога сепса, зарралар тери ва кийимга ўтиради, деб ёзилган. Бу беҳуда тавсиядир, атир ҳавога совурилгани қолади.
Шунингдек, атирни либосингизга ҳам сепманг. Биринчидан, уни терингизга сепиб синагансиз, шунинг учун матода қандай ис таратишини билмайсиз. Иккинчидан, матода атир из қолдириши мумкин, ювиб кетказиш қийин.
Атирни бўлар-бўлмасга сепавериш ярамайди. Шишачангизда сепгич бўлмаса, бармоғингизни оғзига босиб, идишни тўнтаринг ва бармоқ учида қолган юқини суртинг.
Атирнинг яроқлилик муҳлати
Одатда, ишлаб чиқарилган санасидан бошлаб 3-5 йилни ташкил қилади. Бир флакон атир қанчага етади?
100 мл атирни 1000-1500 марта сепиш мумкин. Бу 14-16 ой ишлатиш мумкин деганидир.
50 мл атирни ўртача 735 марта сепилади. Бу шишача 7-8 ойга етади.
Узоқ муддат яроқлилигини йўқотмасин десангиз, қоронғу, қуруқ ва салқин хонада сақланг. Ўзгарувчан ҳарорат ва намлик атирни бузади. Қуёш нурлари тик тушмасин. Ҳавога учиб кетмаслиги учун қопқоғини маҳкам бураб ёпинг.
Ҳид ўзингизга хос белгиларингиздан биридир. Сиздан таралган атир иси одамларни ўзига тортади. Таъбингиздаги муаттар бўйни топсангиз, бу ҳақиқий лаззатдир. Парфюмерия ўрганишга, қизиқишга арзийдиган соҳа. Ҳамиша хуш бўй таратиб юринг.
lifehacker.ru сайти мақоласи асосида тайёрланди