Мулоҳаза учун мавзу

Алкоголизмдан воз кечиш ва ҳаётни севишга ёрдам берадиган сабаблар

Модомики бу саҳифани ўқиётган экансиз, сиз ўзингизни ёки бирор яқинингизни спиртли ичимлик истеъмол қилиш иллатидан халос қилиш истагидасиз.

Алкоголь маҳсулотлари ҳаётнинг муҳим таъминотчилари бўлмиш жигар, юракнинг бош ғаними. Унутманг – ҳаёт бу тарзда яшаш учун жуда қисқалик қилади.

  1. "Ичиш"дан воз кечишни бошлаш. Ҳаммаси иродага боғлиқ. Ҳаётни севиш учун асос топиш ёки яратиш зарур. Кераксиз бўлиш кун келиб қаттиқ пушаймонга сабаб бўлишини ҳис қилиш керак. Спиртли ичимликлар истеъмолини тўхтатиш орқали тушкунлик, ваҳима, юрак хуружи, хафақонлик, қўл-оёқ титраши каби хавфли хасталиклардан халос бўлиш мумкин. Шифокорлар спиртли ичимлик истеъмоли симптомларига қарши курашда бензодиазепин дори воситаларини тавсия қилишади. Булар қаторига алпразолам (Xanax), клоназепам (Клонопин), диазепам (валиум) ва лоразепам (Ативан) каби психоактив дориларни киритиш мумкин. Улар алкоголизмдан қутулишга ҳаракат қилаётган инсон организмида юзага келиши мумкин бўлган руҳий ҳолатларни енгиб ўтишга хизмат қилади ва хавфсиз ҳисобланади.
  1. "Ичиш"ни ташлаш ҳақидаги муносабатингизни ўзгартиринг. Унутманг, сиз сизга жондек азиз дўстдан воз кечиш учун ҳаракат қилаётганингиз йўқ. Аксинча, сиз ниҳоят ашаддий ғанимга қарши кураш бошладингиз. Бу жараёнда яхши хислатлар сизни қўллаб-қувватласа, худбинлик туйғулари бунга тўсқинлик қилади. Муносабат эса ижобий натижага хизмат қилади.
  2. Аниқ бир кунни белгиланг. Унгача ўзингизни руҳан тайёрланг. Агар муккасидан кетган "ичувчи" бўлсангиз, олдин шифокор билан маслаҳатлашиб, бир муддат режа асосида алкоголизм симптомларига қарши курашиш керак бўлади.
  3. Уйни спиртли ичимликларнинг идишларидан тозаланг. Уйга меҳмон келса, уларга ароқ, пиво ўрнига шарбат, салқин ичимлик таклиф қилишга журъат топинг. Улар бир муддат хафа бўлишса ҳам, охир-оқибат бунинг яхши жиҳатини тушуниб етадилар.
  4. Ҳис-туйғуларга эрк беринг. Йиғи келса, йиғланг. Кулиш керак бўлса, қаҳ-қаҳ отинг. Оч қолсангиз, овқатланинг. Бу сиз учун одатдагидан бошқача ҳаёт тарзидир ва бунга кўникинг.
  5. Улфатларга "хайр" денг. Кун келиб хасталик муқаррар ёқангиздан олганида уларнинг ҳеч бири сизга ёрдам бера олмайди. Боиси ўзлари ёрдамга муҳтож.
  6. Спиртли маҳсулотлардан бирданига воз кеча олмасангиз, унга қарши аста-секин курашинг. Ахир, Рим ҳам бир кунда қурилмаган. Кунлик ёки ҳафталик алкоголь миқдорини камайтириб боринг. Кичик натижалар катта ғалабаларни олиб келади.
  7. Агар ҳар-ҳар замонда, бир ўтиришда муккасидан кетиб ичиш одатингиз бўлса, энди ўзингизга ёрдам беринг. Ҳам ўзингизни, ҳам бошқаларни азобга қўйишдан кимга наф? Бундай маҳалда дастурхонга ўтиргач, қорнингизни тўйғазишга ҳаракат қилинг. Боиси, қорин тўқ бўлса, тана ароқни у қадар ҳам "тортмайди".
  8. Кўпроқ сув ичинг. Сув танадаги заҳарли моддаларни ҳайдаб чиқаради. Эркак киши кун давомида 3 литр, аёллар 2.2 литр сув ичиши керак бўлади.
  9. Одамларга нима сабабдан "ичиш"ни ташламоқчи эканлигингиз ҳақида ҳисобот берманг. Кимдир сизга ароқ узатса, шифокор буни маън қилганини айтинг, холос.
  10. Ишдан кейин "ичиш" одатингиз бўлса, унинг ўрнига бирор фойдали машғулот топинг. Мисол учун, фарзандингиз билан сайр қилинг ёки ота-онангизни зиёрат қилинг.
  11. Умидсизликка тушманг. Гарчи, кўп вақтдан буён спиртли ичимлик истеъмолига ружу қўйган бўлсангиз ҳам, қисқа муддатда саломатликни тиклашингиз мумкин. Инсон танаси қайта тикланишга мойил. Фақат унга ёрдам бериш керак.
  12. Тунда ўлик ёки кома ётгандан кўра, эс-ҳуш жойида ҳолатда ётиш қанчалар завқли эканини наҳотки билмасангиз? Ёки тонгда ёрилай деб турган, ошқовоқдай шишган каллани кўтариб юриш сизга малол келмаяптими? Сиздан анқиётган ҳидга чидаб яшаётган яқинларни хурсанд қилиш вақти келгандир? Ўзингизни жазолашни бас қилингда, алкоголдан халос бўлиб, ҳаётни севишга куч топинг.
  13. Ичиш учун биргина сабаб бўлиши мумкин, аммо ичмаслик учун саноқсиз сабаб йўқ эмасми? Ҳатто фарзандингизни ҳам бағрингиздан итараётган омил ҳам шу ароқ эканини тан олмайсизми? Оилада мустаҳкам ўринга эга бўлиш, аҳмоқларча кўринмаслик, эрта ўлиб кетмаслик, иш ва ҳаётда ўз ўрнига эга бўлиш, ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлиш, фарзандларга намуна бўлиш учун ҳам бу ғанимга қарши курашинг.
  14. Ичиш ёки ичмаслик, ҳаёт ёки мамотни танлашга тенг. Соғлик – энг катта бойлик. Қила олишга ишониш – мақсаднинг ярмига етиш демакдир. Мақсад қилинса, ҳеч қачон яшаш учун кеч эмас.

Қуйидаги суратга қараб, спиртли ичимликларнинг деярли барча тана аъзолари учун хавфли эканини аниқ тасаввур қилиш мумкин.

Ёдда тутинг, ҳаётда саломатликдан ҳам муҳимроқ нарса йўқ. Яшаш ҳам, севиш ва севилиш ҳам шунга боғлиқ. Бахтли яшашга ҳақлисиз, боиси дунёга келиш ҳуқуқи берилган ҳамма бунга муносиб.

Доимо соғ-саломат бўлинг!