Ёшликда ўрганган билим тошга ўйилган нақш, ёш ўтгач эса қумга ёзилган нақш, дейишади. Албатта, 30дан ўтгач, киши қариб қолмайди, аммо болалик зеҳнини ҳамиша сақлаб қолиш ҳам имконсиздир.
Сайтимизда америкалик колумнист Дэвид Бейлининг шахсий тажрибасини чоп этмоқдамиз. Амалда қўллаб кўринг.
“Мен ёшим ўтган чоғида бир қанча чет тилларини ўрганганман. Француз тилини ўрганишни бошлаган кунимдан 17 кун ўтибоқ оддий сўзлар ёрдамида эркин гаплаша олардим. Олдиндан айтишим керак: бунгача испан тилини билардим.
...2005 йилнинг ёзида Бургундияда қиз ўртоғим билан дам олдим. У ерда ҳеч ким инглизча гапирмасди. Ўртоғим эса менинг французча ўрганишимни астойдил истаганидан инглизчада гаплашмай қўйди.
Шунинг учун мен ўрганиш машқи тартибини туздим ва ҳар куни такрорлай бошладим.
Саҳар туриб тўғри ва нотўғри феълларни ёзишга ўтирардим. Бу ишга икки соат сарфлайман. Икки ҳафтада қалин дафтарни тўлдириб ташладим. Ҳозиргача маълумотни эсда сақлаб қолишнинг энг яхши йўли ёзиб қўйиш, деб ҳисоблайман.
Ёзар эканман бир вақтнинг ўзида французча аудиодарслар тинглардим. Дискда ўқитувчи инглиззабон талабаларга машғулот ўтарди. Мен диққат билан тинглаб, уларнинг камчилигини топардим ва деярли хатосиз ўзлаштирардим. Икки ҳафта мобайнида таянч курсни ва давом эттирувчилар курсини икки марта эшитиб тугатдим.
Шунингдек, истироҳат боғи бўйлаб ҳар куни бир соатдан югуриш мобайнида французча мусиқаларни тингладим. Бирор-бир тилдаги сўзлар талаффузини ўрганиш учун мусиқа тинглаш ва қўшиқ матнини такрорлаш энг яхши усулдир.
Доимо ўртоғим ва унинг дўстлари билан бирга овқатландим. Улар тил ўрганмагунимча қўйишмади, “Оч қолишни истамасанг – ўрганасан”, деб уқтиришарди.
Тушликдан кейин француз тилидаги “Чарли ва шоколад фабрикаси” китобини тиришиб ўқирдим. Тилни тез ўрганишда болалар китобини мутолаа қилишдан яхшиси йўқ. Биринчидан, содда сўзлар билан ёзилган, иккинчидан бегона сўзлар маъноси тушунтирилган. Учинчидан, негадир, чет тилидаги болаларга мўлжалланган ҳикоялар мазмуни қизиқарли ва қувноқ бўлади.
Бундан ташқари, кунига камида бир соат вақтимни ўзим ҳақимда ёзишга ажратдим. Уни ўртоғим текшириб, хатоларимни тўғрилаб турди. Биров билан танишганда, кўпинча, “Қаерликсан?”, “Қандай иш билан шуғулланасан?”, “Франция ёқдими?” деган одатий саволлар беришади. Жавобларни олдиндан тайёрлаб, йўл-йўлакай сўз бойлигимни амалда қўллаб, суҳбатга дадил кириша бордим.
Яна бир сирни очаман. Одамлар гапни қовуштириш учун тез-тез ёпишқоқ сўзлар (“анови”, “ҳалиги”, “анақа”, “хўш”, “умуман”, “қисқаси”, “дейлик”) ишлатишади. Бу сўзларни ёдлаб олиш қийинмас, қолаверса, суҳбатда ўзингизга ишончни орттиради.
Ҳикоямнинг бошида айтганимдек, 17 кун ўтгач Парижга бордим. Биринчи куниёқ кафега кирдим ва истарали бир қизни учратиб, у билан суҳбат қурдим. Бир неча дақиқа ўтгач, у Францияда қачондан бери яшашимни сўради. Унга атиги 17 кунда тилни ўрганганимни айтганимда, лол қолди. У мени камида бир йилдан бери шу ерда яшайди деб ишонган экан.”
Муаллиф: Дэвид Бейли
adme.ru сайти мақоласи асосида тайёрланди