Сенат ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари муҳокамасида сенаторлар Давлат бюджети маблағлари нималарга сарфланишига эътибор қаратди.
2019 йилда Давлат бюджети даромадлари 102,6 трлн. сўм миқдорида прогноз қилинмоқда, бу эса 2018 йилга нисбатан 38% ўсишни англатади. Давлат бюджети харажатларининг умумий суммаси 107,1 трлн. сўмни ёки жорий йилга нисбатан 36,4 фоизга кўпроқни ташкил этади.
Бунда ижтимоий соҳага Давлат бюджетидан сарфланадиган харажатлар 57,8 трлн. сўмдан ортиқни ёки барча харажатларнинг 54 фоизини ташкил этади (2018 йилга нисбатан ўсиш – 34,4 %). Бунда таълимга сарфланадиган харажатлар аввалги йилга нисбатан 25,5 фоизга ошади ва 28,4 трлн. сўмни ёки барча харажатларнинг 49 фоизини ташкил этади.
Соғлиқни сақлашга сарфланадиган харажатлар 2018 йилга нисбатан 30,5 фоизга ошади ва 12,1 трлн. сўмни ёки барча харажатларнинг 11,3 фоизини ташкил этади. Ижтимоий нафақалар, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ва компенсациялар тўлаш учун сарфланадиган харажатлар 5,2 трлн. сўмни ташкил этади, бу эса 2018 йилга нисбатан 61,8 фоизга кўпроқдир.
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурлари доирасида молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобидан 478 та аҳоли пунктида яшаш шароитларини яхшилашга 6,3 трлн. сўм йўналтирилади. 2019 йилда Давлат бюджети тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,1% миқдорида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Кейинги йилда иш ҳақи, пенсиялар, ижтимоий тўловлар ва стипендияларни ҳар ярим йилда аввалги йилдаги инфляция даражасидан паст бўлмаган миқдорда ошириш таклиф этилди. 2019 йил 1 январдан бошлаб ижтимоий нафақалар миқдорларини мутлақ суммада белгилаш назарда тутилмоқда.
Муҳокама якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.