Ўзини ҳурмат қиладиган ҳар бир эркак ташқи кўриниш ҳам шахсий ҳаётда, ҳам меҳнат фаолиятида муваффақиятга эришишнинг муҳим элементларидан бири эканига қатъий ишонади. Сочни чиройли услубда калталатиш имижни шакллантиришда катта аҳамиятга эга.
Албатта, эркакларнинг сочни калталатиш услублари аёлларники каби тез ўзгариб турадиган ҳолат эмас. Бироқ кучли жинс вакиллари шахсий имижини яратиш учун бир қатор интернет нашрларида ҳар йили урфга кирадиган усуллар эълон қилинади. Қуйидаги тақдим этилаётган сочни калталатиш услублари кимларгадир янги ғояларни тақдим этса ажаб эмас.
Биринчи навбатда ҳеч қачон урфдан қолмайдиган услуб – қисқа калталатишни айтиш жоиз. Ушбу услуб энг оммабоп бўлиб, алоҳида парваришни талаб қилмайди ва ҳамма жойда қатъий ҳамда батартиб кўринади. Шунинг учун ҳам қисқа калталатиш кўплаб эркакларга маъқул келади.
Янги мавсумда талабгир ва кенг оммалашаётган усуллардан бири гранж ҳисобланади. У ўзига алоҳида эътибор қаратадиганлар учун айнан мос тушади. Асосий ўзига хосликлари: қисқа ёки ўртача соч узунлиги, пешонага туширилган соч тутами, ён ва энса сочларининг калта қилиб олиниши.
XVIII асрда француз киборларида урф бўлган “Помпадур” соч қисқартириш услуби бу йилда ҳам кенг оммалашади. Бунда чакка сочлар қисқа олиниб, узун тепа сочлар пешонадан бошлаб баланд қилиб орқага таралади. “Помпадур” бир неча мавсумдан буён урфда турган Андеркат усулига жуда ўхшаб кетади. Улар ўртасидаги фарқ соч узунлиги ва таралиш услубидадир.
Ҳар қандай либос – костюм-шимдан тортиб, жинсигача билан мос тушиб кетаверадиган Undercut (инглизчада пастга қараб қирқилган маъносини беради) қисқа ва ўртача узунликдаги сочларда амалга оширилади. “Помпадур”дан қисқа чакка сочлари ва бошнинг орқа томонига қараб таралган узун сочлар билан фарқланади.
Канадка – бир неча йиллардан буён урфдан қолмаётган усуллардан. 2016 йилги мавсумда эътибор кокилларга қаратилади – у росмана қатъий, текис бўлмаган линияли кўринишга эга. Мазкур усул кўпроқ қисқа кўринишдаги калталатишдан зериккан ва ўз образини янгиламоқчи бўлганларга айни муддао. Канадка универсал усул бўлиб, батартиб ва чиройли кўринади, ҳар қандай юз ва тана шакли билан мос тушаверади.
Бу турдаги соч калталатиш услуби бирмунча содда: ён томонлардаги, айрим ҳолларда орқадаги сочлар жуда калта қилиб олинади. Айни пайтда пешон ва тепа сочлар узунлигича қолдирилади. Калта сочлардан учи тепага қараган узунроқ қисмларигача борган ҳар бир оралиқ тўлқинсимон шакл ҳосил қилиши керак. Стилистлар бунда қотирувчи воситалардан фойдаланишни тавсия этишади.
Британка деб номланувчи ретро-услуб бу йил ҳам эркаклар ўртасида кенг урфда бўлади. У анчагина универсал бўлиб, қатъий-расмий ёки ёшларбоп-ноформал услубларда ҳам қўлланилиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда услуб қатъий ва муваффақиятли бўлиб қолаверади. Британка айниқса қалин ва ўртача узунликдаги сочларга мақбул тушади.
Шунингдек, британка ёш ва баланд бўйли эркакларга ярашади. Юқорида тавсифи келтирилган Undercut замонавий соч калталатиш услуби ҳам аслида британканинг кўринишларидан бири ҳисобланади.