Биласизми?

100 ёшдан ошиш учун илмда исботини топган 7 тавсия

  1. Ижобий шахсият

Стэнфорд университетида 1921 йилдан буён узоқ яшаш сирларини ўрганишга бағишланган лойиҳа амалга ошириб келинади. 2011 йилда лойиҳа узоқ умр ва шахсиятга оид боғлиқликни эълон қилди. Унга кўра, ақлли, қатъиятли, тартибли, меҳнатдан қочмайдиган инсонларнинг узоқ умр кўриш имкони юқори бўлар экан. Боиси, бу фазилатларга эга инсонларда тушкунлик, хафақонлик каби салбий таъсирлар деярли кузатилмайди.

  1. Иллатлардан воз кечинг

Мисол учун, кашанданинг бошқаларга қараганда 10 йил камроқ яшаши илмий жиҳатдан асосланган. Аммо 45 ёшгача бўлган тамаки чекувчи бу иллатдан воз кечса, яна узоқ йиллар мобайнида умргузаронлик қилиш имконига эга бўлади. Спиртли маҳсулотларни сурункали истеъмол қилиш ҳам ўта хавфли одатдир. Шу боис, имкон борида улардан воз кечинг.

  1. Балиқ мойи

2013 йилда Ҳарвард университетининг Саломатлик мактаби эълон қилган илмий изланишларга кўра, танасида омега-3 ёғ кислотаси миқдори юқори бўлган инсонлар нисбатан узоқ умр кечириб, юрак хасталигига чалиниш эҳтимоли 35 фоизга камаяр экан.

Зиғир ёғи, лосось, ёнғоқ, скумбрия ҳамда исмалоқ омега-3 ёғ кислотасига бой бўлади. Уларнинг саломатликка фойдаси сероб, таркибидаги витаминлар тушкунликка қарши курашиб, кайфиятни кўтаради, қондаги холестерин миқдорини назорат қилади.

  1. Таълим олинг

Бир оз аввал 256 йил яшаган хитойлик  Ли Цинъюн ҳақида маълумот берган эдик. Бу инсон ўзининг узоқ яшашини ақлий салоҳияти билан боғлайди. Яъни, ақлнинг зийрак туриши одамнинг узоқ яшашини таъминлар экан. Бунинг учун эса билим керак бўлади.

2012 йилда АҚШнинг Касалликларни назорат қилиш маркази тадқиқот ўтказиб, олий таълимга эга инсонларнинг мактаб таълимига эгаларга қараганда 10 йил узоқ яшашини аниқлаган.

Қолаверса, ўқимишли бўлиш танани ортиқча жисмоний зўриқишлардан ҳимоя қилиб, соғлом турмуш тарзида ҳаёт кечиришга ёрдам беради.

  1. Бир жойда кўп ўтириб қолманг

Ўтириш бугунги замон кишиларининг сурункали одатига айланди. Ишлаш ёки дам олиш ҳаммаси узоқ ўтиришни тақозо қилади. Хусусан, бугунги одамлар кун давомдиа 9.3 соатини ўтириб, 7.3 соатини ухлаб ўтказмоқда.

Ёмон томони шундаки, кун давомида 6 соатдан ортиқ бир жойда ўтириб қолиш кейинги 15 йилда ўлиш хавфини 40 фоизга оширар экан. Сабаби, ўтирганда тана фаолиятида, хусусан овқат ҳазм қилишда, модда алмашинувида кескин ўзгаришлар содир бўлади.

Бу хавфдан халос бўлишнинг ягона йўли эса, ҳар 30 дақиқада туриб оёқ чигалларини ёзишдир.

  1. Кексаликда ҳам машқ қилинг

65 ва ундан кекса бўлганлар орасида ўтказилган тадқиқотлардан маълум бўлишича, ҳафтада 2 маротаба машғулот залига қатнайдиганларда узоқ умр кўриш эҳтимоли 46 фоизга ошар экан. Аммо бу ёшдаги 9 фоиз одамгина машқ қилишга ҳафсала қилар экан.

  1. Ижобий, аммо ҳақиқатга тик қарайдиган бўлинг

Атрофимиздаги минглаб реклама ва материаллар ижобийлик узоқ умр кўришнинг бош омили эканини айтса ҳам, тадқиқотлар бунинг ўзи етарли эмаслигини кўрсатмоқда. 100 ёшдан ўтганлар юбилейни фақатгина ҳаётни ижобий қабул қилганлари учун нишонламайдилар. Улар шу билан бирга ҳақиқатга тик қарайдилар. Керакли вақтда қатъиятли қарор қабул қилишдан улар қўрқмайдилар. Боиси ҳадеб кулиб, жилмайиб юрган билан ҳаёт гўзаллашиб қолмайди.

Юз билан бахтиёр юзлашиш сизга насиб қилсин!