«Саноқли кунлардан сўнг икки йиллик малака ошириш курсларида ўқиб улгурмаган юридик шахсга тегишли автоулов ҳайдовчиларини жарима кутмоқдами ёки йўқ?» — деган масалани кўтарди ЎзА.
1 июль санасига оз қолди. Ўзбекистон ҳудудида ҳаракатланаётган юридик шахсга тегишли бўлган автотранспорт ҳайдовчилари шу санадан сўнг махсус сертификатлари бўлмаса жаримага тортилиши мумкин. Чунки юридик шахсларнинг ҳайдовчилари қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда малака оширганлик тўғрисидаги сертификатга эга бўлиши ва уни ЙҲХ ходимларига тақдим этиши шарт. Maxсус сертификатга эга бўлиш учун эса ҳайдовчилар ҳар икки йилда малака ошириш ҳуқуқига эга бўлган автомактабда ўқиши лозим.
Шаҳарда эса юридик шахсга тегишли эканлигини билдирувчи рақамлар остида ҳаракатланаётган автомобиллар талайгина. Уларнинг барчаси икки йиллик малака ошириш курсларида таҳсил олиб улгурдими?
Ахир, мазкур масала юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиққанига (4.09.2017) кўп вақт бўлмади. Қолаверса, унга 23.02.2018 санасида ўзгартириш киритилди. Norma электрон нашри шарҳловчиси 1 июлдан юридик шахсга тегишли бўлган автомобиль ҳайдовчиларини жаримага тортиш баҳсли масала эканлигига шарҳ бериб ўтган эди.
Унга кўра «Малака ошириш даврийлиги амалиётда низоларга олиб келиши мумкин. Сертификат бланкасида «берилган сана» ва «амал қилиш муддати» устунлари назарда тутилган, яъни унинг амал қилиш муддати қайд этилади. Давлат ЙҲХХ инспекторлари сертификатга қараб, «2 йилда 1 марта» даврийлигига амал қилинган-қилинмаганлигини осон билиб олади.
Бироқ юридик шахсларнинг сертификат олиб улгурмаган ҳар бир ҳайдовчиси уни 1.07.2018 йилгача олиши мажбурий ёки мажбурий эмаслиги аниқ эмас», дейилади шарҳда.
Гап шундаки, 2 йиллик давр қуйидаги пайтлардан бошлаб ҳисобланиши мумкин:
- ҳайдовчилик гувоҳномаси олинган пайтдан бошлаб;
- 02.2018 йилдан, яъни малака ошириш мажбурияти жорий этилган кундан бошлаб.
Ушбу икки вазият юзасидан ҳайдовчи ва Давлат ЙҲХХ инспекторлари ўртасида баҳс юзага келиши мумкин.
«Йўл ҳаракати қоидаларининг 7-бандида вазиятга ойдинлик киритилмаган. Сертификат «қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда» мавжуд бўлиши керак. Бироқ қонун ҳужжатларида аниқ пайт мавжуд эмас», деб ёзади Norma нашри шарҳловчиси.
Мазкур муаммони қуйидаги икки хил вазият билан изоҳлаш мумкин.
- Фуқаро 27.10.2007 йилда ҳайдовчилик гувоҳномасини олди. Ҳайдовчилик стажи 10 йилдан ортиқ. 1.07.2018 йилда ҳужжатларни текшириш чоғида Давлат ЙҲХХ инспектори сертификатни талаб қилади. Ҳайдовчи эса малака ошириш мажбурияти жорий этилган пайтдан бошлаб ҳали 2 йил ўтмаганини ва у малака оширишга мажбур эмаслигини айтиб, ўзини оқламоқчи бўлади.
- Ҳайдовчи 1.07.2017 йилда ҳайдовчилик гувоҳномасини олди. 1.07.2018 йилда ҳужжатларни текшириш чоғида ДЙҲХХ инспектори сертификатни талаб қилади. Фуқаро ҳайдовчилик стажи атиги 1 йилни ташкил этиши ва у малака оширишга мажбур эмаслигини айтади.
Демак, саноқли кунлардан сўнг икки йиллик малака ошириш курсларида ўқиб улгурмаган юридик шахсга тегишли автоулов ҳайдовчиларини жарима кутмоқдами ёки йўқ? Агар улар жаримага, тортилса қонундаги қайси аниқ санага биноан уларни жаримага тортиш мумкин? ЎзА бу масалаларга ҳам аниқлик киритишни ваъда қилди.