Саломатлик

ЕЧЛ ярим финалида мадридликлар учрашмайдиган бўлди

Бугун Швейцариянинг Ньон шаҳрида футбол бўйича Европа чемпионлар лигасининг ярим финалига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Унда ярим финалда ўзаро рўбарў бўладиган жамоалар номи аниқланди. Қуръага кўра, ярим финалда икки испан гранди ўзаро тўқнашмайдиган бўлди. Бу дегани Мадриднинг икки жамоаси—“Реал” ва “Атлетико” ўз рақиблари тўсиғидан ўта олишса, финалда учрашиш имкони туғилади. Бу учун “Реал” жамоаси “Манчестр Сити”ни икки ўйин натижасига кўра мағлуб этиши, “Атлетико” эса немис гранди “Бавария” тўсиғидан ўтишига тўғри келади.

Ярим финалнинг илк ўйинлари жорий йилнинг 26 ва 27 апрель кунлари бўлиб ўтади. Жавоб ўйинларини  3 ва 4 май кунлари ўтказиши белгиланган. Шунингдек, қуръа маросимида жорий йилнинг 28 май куни Италиянинг Милан шаҳридаги муҳташам «Сан-Сиро» стадионида бўлиб ўтадиган финал учрашувида қайси жуфтлик ғолиби номинал мезбон бўлишига ҳам ойдинлик киритилди. Қуръа натижаларига кўра, биринчи жуфтлик («Манчестер Сити» - «Реал») ғолиби Европа чемпионлар лигаси финалида номинал мезбон мақомига эга бўлади.

Ярим финал жуфтликлари 26 апрель «Манчестер Сити» - «Реал»

27 апрель «Атлетико» - «Бавария»

Шунингдек, бугун Европа лигасининг 1/2 финалига ҳам қуръа ташланди. Унга кўра, мазкур турнирда ҳам икки испан жамоаси финалда учрашиш имконига эга бўлишди. Бунинг учун "Севилья" жамоаси "Шахтёр Д"ни, "Вильярреал" клуби эса "Ливерпуль" жамоасини мағлубиятга учратиши талаб этилади. 

Дастлабки ўйинлар 28 апрель санасида бўлиб ўтади. Жавоб ўйинлари 5 май санасига белгиланган. Финал ўйин 18 май куни Базель шаҳрида ўтказилади.

"Шахтёр" – "Севилья"

"Вильярреал" – "Ливерпуль"