Футбол бўйича Европа Чемпионлар лигаси мусобақасининг иккинчи ярим финали доирасида ўтказилган ўйинда испан ва немис грандлари тўқнашди. Мадриддаги «Висенте Кальдерон» номли стадионга келган минглаб футбол мухлислари учун бу кун ҳақиқий байрам бўлди. Айниқса, ўз севимлиларининг биринчи ўйинда кимсан “Бавария” клуби устидан зафар қучгани мадрдирликлар қувончини икки ҳисса оширди.
Миллий чемпионатда “Барселона”ни изма-из таъқиб қилиб келаётган “Атлетико” Диего Симеони қўл остида ажойиб ўйинлар кўрсатмоқда. Ўзига хос жанговар характерга эга мазкур жамоа Гвардиола шогирдларини илк ўйинда бир тўқ фарқи билан мағлуб этишга муваффақ бўлди.
Ўйиннинг умумий манзараси ҳақида гапирадиган бўлсак, жамоаларнинг маҳорати тенг экани кўзга ташланди. Гвардиола жамоаси “Бавария” ўз услубида ўйнади. Тўп назорати борасида устунликка эришган бўлишса-да, Облак дарвозасига Алькантара, Мюллер, Рибери ва Левандовски сингари топ-футболчилар “йўл” топа олишмади.
Ўйиндаги ҳисоб 11-дақиқада очилди. “Атлетико Мадрид” аъзоси Сауль ўз индивидуал маҳорати эвазига "Бавария"нинг бир йўла тўрт ўйинчисини алдаб ўтиб, Мануэль Нойерни доғда қолдиришга муваффақ бўлди.
“Бавария” жамоасининг ҳисобни тенглаштириш йўлидаги барча уринишлари зое кетди. Бироқ жавоб ўйинида мюнхенликлардан кўп нарса кутиш мумкин. Мюнхендаги 75 минг томошабинни ўз бағрига сиғидира оладиган муҳташам “Альянс Арена” стадионида Симеоне шогирдларига осон бўлмаслиги аниқ.
Шундай қилиб, Симеоне ва Гвардиола ўртасидаги биринчи қарама-қаршиликда аргентиналикнинг қўли баланд келди.
Учрашувдан кейин бўлиб ўтган матбуот анжуманида мадридликлар устози Диего Симеоне ўйиндаги ҳисобдан мамнун эканини, жавоб ўйинида ҳам яхши ўйин кўрсатишларини таъкидлаган. Ўз навбатида Хосеп Гвардиола ҳам ўйинда катта устунликка эришганлари, бироқ яратилган вазиятлардан фойдалана олмаганликларини билдирган.
Европа Чемпионлар лигаси, 1/2 финал Атлетико Испания – Бавария Германия 1:0 (1:0, 0:0) Гол: 1:0 – 11 Сауль. Атлетико – Облак, Хуанфран, Хименес, Савич, Филипе Луис, Сауль (Парти, 85), Габи, Фернандес, Коке, Торрес, Гризманн. Бавария – Нойер, Лам, Мартинес, Алаба, Бернат (Бенатия, 77), Хаби Алонсо, Дуглас Коста, Алькантара (Мюллер, 70), Видаль, Коман (Рибери, 64), Левандовски. Огоҳлантиришлар: Дуглас Коста (40), Нойер (82), Бенатия (82), Сауль (84), Видаль (88).