Туркиялик Жунайт Чакир ҳакамлик қилган Европа Чемпионлар лигаси мусобақасининг ярим финалидан ўрин олган "Манчестер Сити" ҳамда "Реал" Мадрид клублари ўртасидаги учрашув дуранг натижа билан якунланди. Яъни ўйинда ҳисоб очилмади. Бироқ Манчестер шаҳрининг кўркам ўйингоҳи—“Этиҳад стедиум”га йиғилган минглаб мухлислар, кутилганидек, шиддатли ўйин гувоҳи бўлишди.
Айтиш керакки, ўйиндан аввал “Реал” етакчиси Криштиану Роналдунинг матчда иштирок этмаслиги аниқ бўлди, хатто қайдномага ҳам киритлмади. Миллий чемпионатда орттирган жароҳати боис, у Ла лигадаги бир ўйинни ҳам ўтказиб юборган эди. Хабарларга кўра, жорий мавсумдаги ЕЧЛнинг 10 учрашувида жами 16 та гол киритиб, турнир доирасида тўпурар бўлиб турган Криштиану Роналду “Сантяго Бернабеу” ўйингоҳида бўлиб ўтадиган жавоб учравшувида ҳам майдонга туша олмаслик эҳтимоли бор.
Ўйин ҳақида тўхталадиган бўлсак, икки жамоанинг кучи тенг экани сезилди. Зидан ва Пеллегрини шогирдлари анча эҳтиёткор ўйин кўрсатишди. Ўйиннинг дастлабки 10-15 дақиқасида тўп асосан дарвозалардан йироқда бўлди. Айтарлик хавфли зарбалар кузатилмади. Аста-секин “шаҳарликлар” ташаббусни ўз қўлига олди. Бироқ, "Реал" ҳам Англияга шунчаки ҳимояланиш учун келмаганини исботлади.
Роналдусиз “Реал”да Гарет Бейлнинг имкониятлари ва қирралари ёрқинроқ намоён бўлаётгандек. Ла Лигадаги охирги турда жамоасини муваффақият чўққисига олиб чиққан уельслик футболчи бу ўйинда ҳам бошқалардан бир калла устун эканини исботлай олди. Унинг тезкор “юришлари” шаҳарликларни саросимада ушлаб тура олди. Ўйинни ташкил этишда эса “Реал“Лука Модричга суянди. Биринчи бўлимнинг ўрталарида қироллик клубида бир-икта голли вазиятлар бўлди, бироқ Жо Харт ишончли ўйнади. “Манчестер Сити” таркибида Кевин де Брюйне фаоллиги билан ажралиб турди.
Иккинчи бўлимда Зидан шогирдлари аста ташаббусни ўз қўлига олди. Хесе, Каземиро, Пепеда жуда яхши имкониятлар юзага келганди. Аммо Харт гол бўлишига имкон бермади. Шу тариқа сўнгги йиллардаги биринчи рақамли етакчи Криштиану Роналдусиз ўйнаган “Реал” сафарда бир очко ишлади. Ҳар ҳолда Англия гранди билан мазкур натижа ёмон эмас. "Сантяго Бернабеу"да бўладиган ўйин яна ҳам шиддатли кечишини тасаввур қилиш қийин эмас.
Учрашувдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида “Реал” устози Зинедин Зидан икки жамоа имкониятини жавоб ўйинида тенг баҳолади. Пеллегрини эса дурангдан қониқиш ҳосил қилганини, сафарда жамоаси яхши ўйнаётганини айтиб, шогирдлари фақат ғалаба учун майдонга тушишини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, ЕЧЛ ярим финалининг навбатдаги жуфтлиги—“Атлетико Мадрид” ва “Бавария” жамоалари ўртасидаги ўйин бугун Тошкент вақти билан 23.45 да бошланади.
Европа чемпионлар лигаси, ярим финал Манчестер Сити Англия – Реал Мадрид Испания 0:0 Манчестер Сити – Харт, Компани, Клиши, Санья, Отаменди, Фернандо, Фернандиньо, Сильва (Ихеаначо, 40), Навас (Стерлинг, 77), де Брюйне, Агуэро. Реал Мадрид – Навас, Пепе, Марсело, Карвахаль, Рамос, Модрич, Каземиро, Бэйл, Кроос (Иско, 89), Васкес, Бензема (Хесе, 46). Огоҳлантиришлар: Пепе (24), Сильва (37).