Маданият

Яхшилик занжири |Ибратли воқеа

Ўша куни тонгда у тағин минг хижолат билан аёлини ишхонасида қолдириб, яқин атрофдаги метро бекатига йўл олди. Йўл-йўлакай рафиқасига ҳам шу аҳволда ишлаш осон эмаслигини ўйлади. Лекин, бу ерни шаҳар деб қўйибди. Бир кунлик даромаддан айрилиш ҳам оиланинг хотиржамлигига таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Айниқса, ёш оила бўлса. Шу каби хаёллар гирдобидаги бу одам метродан тушиб, мармар зиналар орқали юқорига кўтарилди. Ёмғир томчилаётган, туманли тонг бўлишига қарамасдан, у йўлнинг нариги томонида, эски "Мерседес" ёнида совуқдан жунжикиб турган кампирнинг ёрдамга муҳтож эканини пайқади.

Ўзи томонга келаётган йигитнинг юзида илиқ табассумни кўрган бўлса ҳам, совуқдан дийдираб турган кампир ич-ичидан хавотирга тушди. Бир соатдан буён шу алфозда турибди, бирор йўловчи тўхтамади. Эҳтимол, бу бирор безори бўлса керак. Уриниб қолган уст-боши ҳам унинг пулга муҳтожлигини исботлайди. Қаршисидаги одам олдига етиб келгунича кекса аёлнинг кирмаган гумон эшиги қолмади.

"Хайрли тонг, хоним! Ташвишланманг, сизга бирор хусуматим йўқ. Ёрдамга муҳтож эканингизни сезиб келавердим. Э, ҳа, шина тешилиб қолибди-ку! Умид қиламанки, машинада ортиқчаси топилади", деди нотаниш йигит.

Унга қандай муносабатда бўлишни билмай турган кампир совуқдан бўлса керак, ҳалиям жойидан қимирламай турарди.

“Ҳа, айтганча, менинг исмим Брайн, Брайн Андерсон”, қўшимча қилди ҳожатбарор одам.

Кампир ўзига келганида Брайн машина остига энгашиб домкрат учун жой излаётган эди. Брайн шинани алмаштириб, билинар-билинмас мой юққан қўлларини чўнтагидан олган тоза дастрўмолига артди, тиззалаганда шимига юққан нам тупроқни қоқиб ташлади. У эшикни очиб, кампирга ўтириб олишига ёрдамлашди.

"Авлиё Луис мавзесидаги черковдан қайтаётган эдим. Сиз ёрдам бермаганингизда, ҳайронман яна қанча пайт бу ерда қолиб кетар эдим. Эсим қурсин, сиздан қанчага қарздор бўлдим?"

Брайн жилмайди ва багажникни ёпди. Кампир бу яхши одам тўхтамаганида аҳволи нақадар аянчли тус олишини тасаввур қиларди. Унинг сахийлиги тутган, ҳожатбарор неча пул сўраса беришга тайёр эди. Аммо одамларга пул эвазига ёрдам бериш Брайннинг феълига хос эмас эди. Унга ҳам яхшилик қилишган, у ҳам бошқаларга яхшилик қилиши керак. У шундай деб ҳисоблар, шу вақтга қадар ана шу қоидага биноан яшаб келаётган эди.

"Модомики мени хизматим учун рози кўриш истагида экансиз, сиз ҳам ёрдамга муҳтожларга қўл чўзинг. У эса бошқаларга беминнат ёрдам беришга одатлансин", деди Брайн ва юз ифодасида чексиз миннатдорчилик зоҳир бўлган кекса аёл машинасида кўздан ғойиб бўлгунича ортидан қараб қолди.

Машинада танига иссиқ югурган кампирнинг қалби у анчадан буён гувоҳ бўлмаган одамгарчиликдан кейин ғалати ҳисга тўлган эди. У анча йиллардан кейин, аниқроғи эрининг қазосидан 13 йил ўтиб, бугун яна ўзининг ёлғиз эмаслигини ҳис қилди. Одамларга яна ишона бошлади.

Совуқдан қуриган силласига тетиклик бағишлаш ниятида пастроғдаги қаҳвахона қаршисида тўхтади. Эски урфдаги стуллардан бирига ўғли совға қилган севимли сумкасини қўйиб, бошқасига ўзи ўрнашиб олди. Официант жилмайганча кампирга ёмғирда ивиган оппоқ сочларини қуритиши учун сочиқ тутқазди. Сочларини қуритаётиб кампир аёлнинг ҳомиладор эканлигини, тахминан саккиз ойлик ҳомила билан уни ишлашга мажбур қилаётган сабабларни ўйлай кетди. Унинг самимий табассуми ортида нақадар азоб ва улкан бардош борлигини тушунди. Нимагадир Брайнни эслади.

Кекса хоним одатига мувофиқ енгил тамаддидан сўнг илиб қолган қаҳвани ичиб тугатгач, ҳомиладор официантни имлади, унинг қўлига юз долларлик купюра тутқазди. Эрта бўлгани боис, касса ҳали ёпиқ эди. Официант қайтим учун майда пул қидириб кетди. Қайтиб келганида эса, кампир ўрнида йўқ экан. Унинг машинаси ҳам жойида йўқ. Қоғоз сочиқдаги ёзув унинг диққатини тортди.

Уни ўқишга киришиши билан кўзларидан ёш чиқиб кетди.

"Мендан қарздор эмассан. Мен ҳам зарур маҳалда одамлардан яхшилик кўрганман. Энг оғир маҳалда одамлар умидларини йўқотмасликлари учун сенга туҳфа этилаётган муҳаббат занжирининг узилишига йўл қўйма".

Ўша куни тунда гарчи толиққан бўлса ҳам, аёлнинг кўзига уйқу йўламади. Ишдан кеч қайтадиган турмуш ўртоғинининг келишини кутди. Кекса аёл кейинги ойда фарзандли бўладиган оиланинг муҳтожлигини қаердан сезганлиги тўғрисида ўйлади. Ич-ичидан улар ёлғиз эмасликларини ҳис қилди. Эшик қўнғироғининг овози уни хаёллар гирдобидан тортиб олди.

"Раҳмат, сенга Брайн Андерсон! Борингга шукур! Ҳаммаси яхши бўлади, мана кўрасан, азизим!" у машаққатли иш кунидан қайтган эрини мана шу сўзлар билан қарши олди.

Инглиз тилидан Шуҳрат Сатторов таржимаси