Қарши туманидаги «Баркамол авлод» болалар маркази директори Ф. Норқобилов ўз хизмат хонасида пора олаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан ушланди.
Ўзбекистон Олий суди матбуот хизматининг "Sof.uz"га хабар қилишича, у С. Ўткировани марказга инглиз тили тўгараги раҳбари вазифасига ишга қабул қилиш учун 850 минг сўм талаб қилган.
Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти Нишон туман судининг ҳукмига кўра, у таъмагирлик йўли билан пора олганликда (Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан) айбдор деб топилди, унинг озодлиги чекланди ҳамда қўшимча жазо тариқасида муайян ҳуқуқлардан маҳрум этилди.