Биласизми?

Хитойнинг энг бадавлат кишиларидан бири 25 ёшлиларга маслаҳат берди

Сеулдаги конференцияда ёш йигит молиявий ҳолати 22,2 миллиард долларга баҳоланувчи Alibaba Group асосчиси Жек Мага савол билан мурожаат қилди: "Ҳозир 25 ёшда бўлиб, эндигина бизнесни бошлаётган бўлганингизда нималар қилган бўлардингиз?"

Осиёнинг энг қимматбаҳо интернет-компаниясининг яратувчиси бу саволга қандай жавоб бергани ҳақида "Ahnjin Yoo" маълумот берди.

1. Имкон изланг Имкон ҳамма ерда бор. Ҳозир барча инсонлар интернет - бу келажак эканлиги ҳақида гапиришмоқда. Тахминан 10 йилча аввал интернет одамларга ажойиб туюларди, чунки у тўғрисида ҳеч ким билмас эди. Эндиликда интернет мураккаблашиб бормоқда, чунки ҳамма ақлли кишилар шу ерда. Шу боис сиз реал секторга чиқишингиз керак.

2. Технологияларни қўлланг Агар сиз ресторан очишни истасангиз, унинг бошқалардан ажралиб туриши учун замонавий технологияларни қўлланг. Агар сартарошхона очиш ниятида бўлсангиз, IT-технологиялар ва data'дан фойдаланинг - барчадан ажралиб туришга ҳаракат қилинг. Технологияларни нафақат hi-tech, балки ҳамма жойда қўллаш мумкин.

3. Кенгроқ фикрланг "Қарши томонини" ўйланг. Бирор нарсага аксарият ўз розилигини бераётган пайтда бир дақиқага ўйланинг: бу тўғримикан? Аслида ҳам шундай қилиш керакмикан? Ҳамма бир нарсага қарши чиққан бир пайтда ҳам фикрлаб кўринг. Эҳтимол, улар ноҳақдир? Балки бу ерда яширин имкониятлар бордир?!

4. Хавотирланманг Агар ёшингиз 25да бўлса - хавотир олманг. Йўл қўйган ҳар қандай хатоингиз - сиз учун улкан сабоқ.

5. Шошилманг Мен ўзим учун ёш авлодга сўзлаб берадиган "схема"мни  белгилаб олдим: 20 ёшгача — талаба бўлинг. Тадбиркорликка шошилмай туринг, аввал билим олинг. 30 ёшгача — кимгадир эргашинг. Кичик жамоада ишлаб кўринг. Катта компаниялар ҳам яхши тажриба - у ерда сиз жараённи ўрганасиз, катта тизимнинг бир бўлаги бўлиб кўрасиз. Бироқ кичик компанияда сиз ўз ишингиз учун қайғуриш ва орзу қилиш, шунингдек кўплаб вазифаларни бажарашни ўрганасиз. 30 ёшгача қайси компанияда ишлашингиз эмас, қайси раҳбардан иш ўрганганингиз муҳимдир. Яхши раҳбар сизга муҳим нарсаларни ўргатади. 30 ёшдан 40 ёшгача  — агар сиз ҳақиқатдан ҳам тадбиркор бўлмоқчи бўлсангиз, ўзингизга ишлайсиз. 40 ёшдан 50 ёшгача — ўзингиз яхши уддасидан чиқадиган иш билан шуғулланинг, бошқа манзилларни кўзламанг, янги соҳа учун бироз кеч. Диққатингизни ўзингизнинг энг яхши ютуқларингизга  қаратинг. 50 ёшдан 60 ёшгача — ёшларнинг қўлида ишланг, чунки улар кўп нарсаларни сизлардан яхшироқ уддалашади. Шу боис уларга ўргатинг, уларга сармоя киритинг. 60 ёшдан кейин — вақтни ўзингиз учун сарфланг, сизни соҳиллар ва қуёш кутмоқда.

6. Хатоларга йўл қўйинг Менинг 25 ёшлиларга маслаҳатим — етарлича хатога йўл қўйинг. Хавотир олманг. Сиз йиқиласиз ва кўтариласиз, яна йиқиласиз - кўтариласиз. Бундан завқланиб яшанг, ёшлигингиз ва ҳаётингиздан баҳра олинг.

Манба: Kun.uz