2008 йилнинг август ойи. Туркменскийдаги Корзинка дўконимизнинг очилишидан бир кун аввал жинси ва майкада, уст-бошим чангга ботиб ходимларимиз билан биргаликда маҳсулотларни пештахталарга тахлаш билан овора эдик. Ҳар доимгидек, исталган дедлайн олдидан бўлгани каби ишимиз бошимиздан ошиб ётарди. Ўша дамда юмушларга шунчалик шўнғиб кетибмизки, ҳатто кеч кириб қолганини ҳам сезмабман. Бироз ўтиб укам Алишер ҳам майка ва эскироқ жинсиларида бизга ёрдам бериш учун келди. Мени кўриб:
- Эртага эрталаб очилиш маросими бўлади. Менимча, сочларингизни бироз калталатиш керак, деди. - Ҳа-я, ёдимга солганинг учун раҳмат. Эрталаб бориб келмоқчи эдим, чалғиб қолибман. Ҳозир қайси сартарошхона очиқ бўлиши мумкин? - Шу ерда қаердадир бор эди. Юринг, сиз билан бирга бориб келаман.
Сартарошхонага пиёда йўл олдик. Етиб келиб ичкарига кирганимизда даҳлиз охирида ресепшн жойлашган бўлиб, унинг ёнидаги диванда уч ёки тўрт нафар сартарош ястаниб олиб суҳбат қурарди. Улар ниманидир гапириб баланд овозда кулишарди. Бизни кутиб олиш у ёқда турсин, ҳатто қайрилиб ҳам қарашмади. Балки сизда ҳам шундай ҳолат бўлгандир, яъни ўзингизни бир зум кўринмас одамдек ҳис этгандирсиз.
- Бу ерда соч олдирсак бўладими, - дея қабулхонада турган қизнинг диққатини жалб қилмоқчи бўлдим. - Нима керак эди сизга? – менсимасдан гапираётгани яққол сезилиб турарди. - Сочимни олдирмоқчи эдим, - жавоб бердим. - Бизда фақат қайднома орқали ёзилиш мумкин. - Ёзиб олинг унда. - Фақат телефон орқали ёзиб олинади, - қиз ҳам бўш келгиси келмасди. - Гўшакни олинг ва сизга қўнғироқ қилдим, деб ҳисобланг ва ёзиб олинг. Тўсатдан пайдо бўлиб қизғин суҳбатларининг гўёки “белига тепишимиз” диванда ўтирган сартарош-усталарга ёқмагани аниқ эди. Улар бизни зимдан ёвқараш қилиб кузатар эдилар.
Шу онда қабулхонадаги қиз фикрини жамлаб қатъий оҳангда:
- Нархларимиз сизларга қимматлик қилади, - деди.
Алишер иккимиз бир-биримизга қараб хулоса қилар эканмиз, унга юзландик: - Узр, сиз ҳақсиз. Бизга қимматлик қилар экан. Балки янаги сафар келармиз...
Шу алфозда биз енгил бир тин олиб, сартарошларнинг илжайиб кузатишидан қутулиб у ерни тарк этдик.
Дўконга етиб боргунча бирор сўз демадик. Кейин эса қайсидир онда иккимиз ҳам бирданига бир-биримиз томонга бурилиб бир вақтнинг ўзида тўхтамасдан бу жуда муҳим дарс бўлганини гапира кетдик.
“Кийимига қараб муомала қилиш” энг ёмон ибора ва энг ножоиз иллат. Бу хулоса савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият олиб борадиган инсонларнинг, умуман, ўзини ҳурмат қилган ҳар бир инсоннинг қон-қонигача сингган бўлиши керак.
Айни ўша вақтдан бошлаб korzinka.uz тармоғининг асосий қонун-қоидалар бўлимига:
“Ёши, жинси, ижтимоий мавқеи, ирқи, эътиқоди, миллати, ташқи кўриниши ва бошқа хусусиятларидан қатъий назар, ҳар бир харидор тармоғимизда энг юқори даражадаги хизматлардан бирдек фойдаланиш ҳуқуқига эга”, деган бандни киритдик.
Зафар Хошимов