Биласизми?

Усэйн Болт: Шакарқамиш майдонида бошланган пойганинг шукуҳли якуни

"Агар машаққатларни тажриба деб билсанг, бу тажрибалар сенга муваффақият келтиради", деган эди жамоат арбоби Жон Миллер. Унинг фикри хато бўлганида, бир вақтлар мешкоблик қилган қаҳрамонимиз кун келиб жаҳоннинг энг муваффақиятли кишилари қаторидан жой олмаган бўлар эди.

Келинг, ҳаммасини бошидан бошласак. Усэйн  Болт – қисқа масофада югуриш бўйича 9 карра Олипиада, 11 карра жаҳон чемпиони, 8 карра жаҳон рекордсмени, 100 дан ошиқ бошқа нуфузли чемпионат ва мусобақалар ғолиби. Усэйн  спринтер, яъни яқин масофага югурувчи спортсмен сифатида фаолиятини жуда эрта, ҳали шундай спорт тури борлигини англамаган болалик даврида бошлаган. Узун-узун қўл-оёқли Усэйн  отасининг топшириғига кўра, Ямайканинг Трелони ҳудудидаги бепоён шакарқамиш плантацияларида ишлаётган хизматчиларга  сув ташир эди. Қуёшнинг ўткир тиғи остида бир неча миль йўл босиб одамларга оби ҳаёт олиб бориш, улардан раҳмат эшитиш Усэйннинг руҳини кўтарар, у тинмай уй ва дала ўртасида қатнаб, сув идишларини кўтарганча бор кучи билан чопар эди.

"Жаҳоннинг энг чопқир жонли-машинаси" 1986 йилнинг 21 августида Ямайка шимолидаги кичкинагина Шервуд қишлоғида туғилган. Ёшлигидан жуда фаол ва беқарор бўлган болакай акаси билан крикет ўйнар, крикет коптокчаси ўрнида апельсиндан фойдаланишар эди.

Мактабда эса инглиз тили ва математика бўлажак енгил атлетика юлдузининг севимли фанлари бўлган. Унинг югуришдаги тезкорлик салоҳияти мактабдаги крикет ўйинларида енгил атлетика бўйича тренер Пабло Макнейлнинг диққатини тортди.

Болтнинг "муваффақият ҳикояси" 2002 йилда, 15 ёшлигида Ямайкада ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати мусобақаларидаги ғолиблиги билан бошланган. 15 ёшли ўсмирнинг олтин медални қўлга киритиши нафақат Ямайка, жаҳон спорт тарихида кутилмаган воқеа бўлди. Мазкур мусобақада у  4×100 метрга ва 4×400 метрга югуриш эстафеталарида чемпионатнинг кумуш медалини ҳам қўлга киритган.

2003 йилда эса Усэйн  Ямайка мактабларининг юқори синф ўқувчилари ўртасидаги мусобақаларда иштирок этиб, 200 (20,25 сония) ва 400 (45,3 сония) метрга югуриш бўйича рекорд натижа қайд этиб, ғолиб бўлади. Кўп ўтмасдан спринтер худди шу масофада 26 та Кариб денгизи мамлакатларининг 20 ёшгача бўлган енгил атлетикачилари орасида тенгсиз эканини исботлаб, CARIFTA спорт ўйинларида 200 (22 сония) ва 400 (23 сония) метрга югуриш бўйича янги рекордни ўрнатди, шунингдек, 4x100 и 4x400 метрга югуриш эстафеталарида ҳам чемпион бўлди.

Шу йилнинг июль ойида эса ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 200 метрга югуриш бўйича янги рекорд (20,40) ўрнатади. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас Усэйн  Болт Панамерика ёшлари ўртасидаги чемпионатда 200 метрга югуриш мусобақаларида финиш чизиғини 20,13 сонияда кесиб, янги рекорд муаллифи бщлган. Бу рекордни шу вақтга қадар ҳали ҳеч ким янгилагани йўқ.

2004 йилдан Усэйн Болт таниқли мураббий Фица Коулмэн қўл остида машқ қила бошлайди. Шу йилнинг апрель ойида ўтган навбатдаги CARIFTA Games чемпионатида ёшлар ўртасидаги 200 метрга югуриш бўйича мусобақаларида у финиш чизиғини 19,93 сонияда кесиб, 1985 йилда америкалик енгил атлетикачи Роя Мартин ўрнатган рекордни янгилади. Ва, Усейннинг рекорди ҳам анча йиллар ўтиб, 2014 йилда янгиланган.

[caption id="attachment_13139" align="alignnone" width="881"]Усэйн ғалабасини шундай нишонлайди. Усэйн ғалабасини шундай нишонлайди.[/caption]

Усэйн 2004 йилда Афинада ўтган Олимпиада ўйинларида иштирок этиб, жароҳати туфайли бирор натижа кўрсата олмайди.

2008 йилга қадар турли чемпионат ва мусобақалрда ғолиблик шоҳсупаларига кўтарилган Болт шу йилнинг 31 майида Нью-Йоркда ўтган мусобақаларида 100 метрга 9,72 сонияда етиб келиб, янги жаҳон рекордини ўрнатади.

Усэйн Болт 2008 йилда Пекинда ўтган Олимпиада ўйинларида иштирок этади. У 16 август куни 100 метрга югуриш бўйича мусобақада 9,69 сония билан яги жаҳон рекордини ўрнатади ва олтин медални қўлга киритади. 20 август куни эса 200 метрга 19,30 сония натижаси билан етиб келиб, бу йўналишда ҳам жаҳон рекордини ўрнатади ва 2-олтин медалга эга бўлади.

4×100 метрга югуриш бўйича эстафетада эса чопағон қаҳрамонимиз 37,10 сония натижаси билан Олимпия ва жаҳон рекордини ўрнатади ва Пекин Олимпиадасидаги 3-олтин медалини қўлга киритади.

2012 йилда Лондонда ўтган Олимпиада ўйинларида ҳам юқоридаги йўналишларда 3 та олтин медални қўлга киритади.

Айни дамда Бразилияда ўтаётган Рио-2016 31-Ёзги Олимпиада ўйинларида ҳам Болт учинчи маротаба 100, 200, 400 метрга югуриш бўйича олтин медалларни қўлга киритди.

У сўнгги 3 та Олимпиада ўйинларининг ҳар бирида 3 тадан олтин медални қўлга киритган, 2009 йилда 9.58 сонияда 100 метрни, 19.19 сония билан 200 метрни босиб ўтиб рекорд ўрнатган тенги йўқ чопқир.

Энди бир оз ортга қайтамиз. Ҳа, ўша – плантацияларда сув ташиб юрган болалик даврига. Меҳнаткашлиги, оқкўнгиллиги, одамларга яхшилик улашиш фазилати уни жаҳоннинг энг нуфузли – Олимпиада ареналарига бошлаб борган эди. Усэйн Болт мана шундай буюк натижалари билан уни олқишлаётган миллионлаб мухлислари қаршисида спортдаги фаолиятига якун ясамоқда. Унинг Рио-2016'да мусобақа жараёнидаги табассуми, ижобий кайфиятини бошқа бирор спортчида учратиб бўлмайди.

"Мен спортга мафтункорлик олиб киришга ва одамларни спортга қизиқтиришга ҳаракат қилдим, жаҳонга ўзимнинг нақадар кучли эканимни исботлай олдим, холос. Бошқа ҳеч нарса қилганим йўқ", дейди Усэйн Болт.

У жаҳонга меҳнат, тинимсиз ҳаракат, машаққатлар муваффақиятнинг онаси эканлигини яна бир бор эслатиб, спортни тарк этмоқда. Уни олқишлаётган миллионлаб инсонлар миясида кечаётган фикр эса ягона: "Усэйн Болтсиз пойга йўлкалари зерикарли тус олади ва биз бу "табассум қироли"ни соғинамиз!"

Шуҳрат Сатторов, журналист.