Sof.uz сайтига урганчлик блогердан мактуб келди. Унда ёзилишича, маҳаллий ўқитувчиларга 10 минг сўмдан концерт чиптаси сотилмоқда. Сотиб олиш мажбурий, тазйиқ остига тушмаслик учун ҳам ўқитувчилар чипта сотиб олиши керак. Ундан тушган маблағ обод маҳалла учун сарфланиши айтилмоқда.
Маҳаллий концертларга мажбуран чипта сотилиши тез-тез учраб туради, аммо обод қишлоқ учун давлат дастури қабул қилиниб, алоҳида маблағ ажратилаётган бир пайтда концерт уюштириб, ўқитувчилардан пул йиғилиши илгари кузатилмаган ҳолат. Бу ҳол кишида “ўқитувчиларнинг пулига давлат қараб қолибдими?” деган тасаввурни уйғотади.
Чипта фотосуратини урганчлик блогер мактубига илова қилди. Ундан 7 июн куни Урганчдаги “Авесто” амфитеатрида “Обод қишлоқ – обод юрт” шиори остида хайрия концерти ўтказилаётганлигини билиб олиш мумкин.
Ўтган йилнинг декабр ойида самарқандлик талабаларга “маънавияти юксалиши учун” Хоразмдаги театр чипталари сотилган эди.