Биласизми?

Тошкентда металлни қайта ишлашга ихтисослашган юқори технологияли завод очилади

12 июль куни Тошкент шаҳрида металлни қайта ишлашга ихтисослашган юқори технологияли «MetalProcessing» МЧЖ заводининг очилиши бўлиб ўтади. "Ўзтўқимачиликсаноат" ассоциацияси матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди, деб ёзади Kun.uz.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси ҳукумати, "Ўзтўқимачиликсаноат" ассоциацияси, Иқтисодиёт вазирлиги ва бошқа идораларнинг қўллаб-қувватлаши остида амалга оширилмоқда.

"Ўзбекистонда металлни қайта ишлашга доир лойиҳани ишга тушириш текис металл ишлаб чиқариш янги даврининг бошланишини билдиради. Бу - нафақат республикада Rieter машиналарини маҳаллийлаштириш сари муҳим қадам, балки Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёдаги замонавий металлни қайта ишлаш саноати ривожига муҳим ҳисса ҳамдир", - дейилади "Ўзтўқимачиликсаноат"да.

Маҳаллийлаштириш дастурини ижро этиш ва "Ўзтўқимачиликсаноат" ассоциацияси импортини қисқартириш мақсадида Rieter AG компанияси билан ҳамкорликда Швейцария делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи ташкил қилинмоқда. Делегацияга Швейцария Федерал иқтисодиёт, таълим ва илмий тадқиқотлар вазири Иоганн Шнайдер-Амман бошчилик қилади.

Ўзбекистон томондан янги завод очилишида Вазирлар Маҳкамаси, "Ўзтўқимачиликсаноат" ассоциацияси, Иқтисодиёт вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади.