Ўзбекистон Президенти «Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилди.
Қарорда қайд этилишича, пойтахтда хизматни ўташни ташкил этиш амалиётини ўрганиш сутканинг кечки ва тунги вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мавжуд куч ва воситаларини тақсимлашнинг етарли даражада самарали эмаслигини кўрсатди ҳамда бу пойтахтда криминоген вазиятга тезкор таъсир кўрсатиш, уни назорат қилиш ва баҳо бериш имконини бермаяпти. Ушбу вақтда ҳуқуқбузарликлар умумий сонининг ярмидан кўпи, айниқса, оғир ва ўта оғир жиноятларнинг содир этилаётганлиги ҳам бундан далолат беради.
Тошкент шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, сутканинг кечки ва тунги вақтида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида уларнинг яқин ҳамкорлигини ташкил этиш мақсадида:
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси, Олий суди, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашининг 2018 йил 1 июлдан Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимига қуйидагиларни назарда тутадиган «Хавфсиз пойтахт» концепциясини эксперимент тариқасида жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди:
Соат 16:00 дан 8:00 га қадар вақт оралиғида ички ишлар органлари, Миллий гвардия саф бўлинмалари жамоат тартибини таъминлаш кучларининг камида 70 фоизини, шунингдек, жамоатчилик вакилларини жалб қилиш орқали куну тун уч сменали патруль режимини ташкил этиш;
Ички ишлар ва прокуратура органларининг профилактика, тезкор ва тергов бўлинмалари, маъмурий судлар, адвокатура, шунингдек, суд-тиббий экспертиза хизматлари ходимлари томонидан сутканинг кечки ва тунги вақтида хизмат фаолиятини тўлиқ амалга ошириш, кейинчалик сутканинг кундузги вақтида ўн олти соат давомида уларни бевосита хизмат вазифаларини бажаришдан озод этиш;
Ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш ва уларга чек қўйиш мақсадида ички ишлар органлари бўлинмалари, биринчи навбатда, жамоат тартибини таъминлаш кучларининг патруль гуруҳлари ҳодиса содир бўлган ёки сигнал берилган жойга максимал тезкорлик билан етиб боришини таъминлаш.
Патрульлик қилиш учун бириктирилган ҳудудда жамоат тартибини бузиш ҳолатлари мавжуд эмаслиги, уларнинг ўз вақтида олди олиниши ва уларга чек қўйилиши сутканинг кечки ва тунги вақтида хизмат олиб бораётган жамоат тартибини таъминлаш кучлари фаолиятини баҳолашнинг энг муҳим мезонлари ҳисобланади.
Сутканинг кечки ва тунги вақтидаги фаолият жамоат тартибини таъминлаш кучларининг ва жалб этилган давлат органлари бўлинмалари шахсий таркибининг яқин ҳамкорлигида ташкил этилади. Жамоат тартибини таъминлаш кучлари томонидан сутканинг кечки ва тунги вақтида автомобилларда патруллик қилиш аралаш тартибда, яъни ҳам автомобилларда, ҳам пиёда амалга оширилади.
Сутканинг кечки ва тунги вақтида хизмат олиб боришга жалб этилган жамоат тартибини таъминлаш кучлари ва давлат органлари шахсий таркибининг фаолияти даврий равишда сутканинг кундузги вақтидаги иш билан алмаштириб турилади. Концепцияни амалга ошириш доирасида жамоат тартибини таъминлаш кучларини мувофиқлаштириш ва алоқа мобил марказларининг фаолият юритиши амалиёти жорий этилади ва улар ички ишлар бўлимлари хизмат кўрсатиш ҳудудларига бириктирилади.
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг ўринбосарлари лавозимлари тегишлича Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосарлари лавозимларига ўзгартирилади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашининг Тошкент шаҳрининг ҳар бир маҳалласида «Фидокор ёшлар» жамоатчилик патруль гуруҳларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди. Ушбу гуруҳлар таркиби муддатли ҳарбий хизматни ўташ ниятида мудофаа ишлари бўйича туман бўлимига мурожаат қилган ҳарбий хизматга чақирилувчилар, республика олий ҳарбий таълим муассасаларига, шунингдек, ички ишлар органларининг таълим муассасаларига кириш истагини билдирган номзодлар ва ички ишлар органларида хизмат қилиш истагини билдирган номзодлар орасидан шакллантирилади.
2018 йил 1 августдан Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш кучлари таркибида хизмат олиб бораётган ходимлар ва ҳарбий хизматчиларга ҳар ойлик иш якуни бўйича патруллик ҳудудида оғир ва ўта ўғир жиноятларга бевосита чек қўйганлиги, уларни аниқлаганлиги ёки фош этганлиги, шунингдек, тергов ва суддан яширинган шахсларни ушлаганлиги учун лавозим маошининг 50 фоизигача бўлган миқдорда бир марталик пул мукофоти бериш тартиби ўрнатилади.