Янги уйга кўчар маҳали Томас болалик уйининг ҳар қаричини кўздан кечирди. Хизматкорлардан ўзига қадрдон жиҳозларни машинага авайлабгина юклашларини илтимос қилди. Болалигида кийимлари сақланган шкафнинг юқорисидан онасининг севимли қизил ғилофли жомадони чиқди. Томас уни эҳтиёткорлик билан стол устига қўйиб, очди. Онасига тегишли буюмлар орасидан чиққан сарғиш қоғозни олди. Мактуб остига унинг муаллимаси имзо чеккан экан. Бу имзо Томасга онаси билан боғлиқ хотирани эслатиб юборди.
У пайтда Томас биринчи синфда ўқир эди. Ўша куни у муаллима унга берган, онасига бериши зарурлигини тайинлаган мактубни волидасига келтириб берди. Хатга кўз ташлаётган онаизорнинг ғамгин кўзларида ёш айланди, сўнг фарзандини бағрига олди.
“Муаллимам нима деб ёзган экан?” қизиқиб сўради ўғил онасидан.
“У сени ўта қобилиятли эканингни, бу мактаб сенга тўғри келмаслигини айтиб, мендан сени бирор нуфузли мактабга ўтказишимни сўрабди,” она жилмайишга ҳаракат қилиб жавоб қайтарди.
Жомадондан топилган, вақт уринтириб қўйган мактубни Томас ўқиб ҳайратга тушди.
“Сизнинг ўғлингиз руҳий касал. Илтимос, уни ихтисослашган бошқа бирор мактабга жойлаштирсангиз. Ҳурмат билан муаллима.”
19 ва 20 асрнинг тенгсиз даҳоларидан бири Томас Эдисоннинг киприклари бехосдан намланди. Онасининг қанчалар оқила аёл бўлганига яна бир бор амин бўлиб, волидасини дуо қилиб, гўзал тақдири учун ундан миннатдор бўлди.
Инглиз тилидан Шуҳрат Сатторов таржимаси