Биласизми?

The Telegraph: “Ўзбекистонга ташриф буюриш учун 11 сабаб”

Буюк Британия ва жаҳоннинг нуфузли The Telegraph газетаси 8 июнь куни "Ўзбекистонга ташриф буюриш учун 11 сабаб" сарлавҳали мақолани чоп этди. Саёҳатчи ёзувчи Ҳейзел Плаш томонидан ёзилган мақола 8 июнь куни Миср самолётининг юртимизда фавқулодда қўниши дунё диққат-эътиборини Ўзбекистонга қаратилишига сабаб бўлгани билан бошланади.

Мақолада Ўзбекистон Буюк Ипак йўлининг энг муҳим бўлаги сифатида тилга олиниб, Ўзбекистоннинг Хива, Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари бу савдо йўлининг аҳамиятли марказлари бўлгани, шаҳарларнинг ялт-ялт бўй чўзиб турган миноралари, салобатли гумбаз ва кўзни сеҳрлайдиган қадама нақшларининг шукуҳи ғоятда пухталик билан қадимий ҳолатда сақлаб қолингани қайд этилади.

Тошкент – Ўзбекистон пойтахти 1966 йилги зилзиладан сўнг қайта бунёд этилган. Шаҳар 12 асрга тегишли масжидлар ва классик рус архитектурасининг ноёб намуналари бўлган бинолар уйғунлигида гўзал манзара касб этган.

Деворли шаҳар – Хива тирик музей тимсоли. У ЮНЕСКО муҳофазасига олинган. Буюк Ипак йўлининг марказий савдо шаҳарларидан бўлган Хива милоднинг 6 асрида бунёд этилган бўлиб, боши-кетини билиб бўлмайдиган узун кўчаларни тўлдириб турган гўзал ва ҳашамдор ибодатхоналар, мақбара ҳамда мадрасалар ажиб маҳорат билан қайта тикланган.

Айниқса, турмуш қураётган келин-куёвларнинг жонли феруза кошинлар остида суратга тушиши, ўйин-кулгу қилиши анъанага айланган. Эски шаҳар кўчалари бўйлаб кулолчилик буюмларидан  тортиб мўйнали бош кийимлари каби эсдалик совғалари сотадиган дўконлар тизилган.

Кечки бешлардан сўнг маҳаллий сайёҳлар сизга  осойишталик бағрида шаҳарни қайта кашф этиш имконини бериб, уй-уйларига йўл оладилар. Хива кўчаларида ўйноқи қалдирғоч тобора ботиб бораётган қуёш нурларини қидириб пастлаб учаётган, пушти само остидаги лой деворлар камалак ранг тусига кирган оқшом маҳалида сайр қилиш янада файзли.

Ўзбекона никоҳ тўйлари тарихий қадамжоларга ташриф билан бошланади. Келин-куёвнинг бир гуруҳ қариндош-уруғлардан иборат тўй навкари ва  суратга олиш жамоасининг байрамона кайфиятда юрганига ҳар қадамда гувоҳ бўлиш мумкин. Маҳаллий сайёҳларнинг хорижлик меҳмонлардан ҳам кўпроқ экани ажнабийларга янада хотиржамлик ва мароқ бағишлайди. Оқ зарҳал кийимдаги келинчакнинг 10 асрга мансуб ёрқин минора қаршисида суратга тушиш учун ҳозир бўлиши бошқа бир ерда кўриш маҳол бўлган бетакрор манзарадир.

Ўзбекистонда манзилга етиш янада осон. Ипак йўли давридаги туялар орқали саёҳатдан фарқли ўлароқ мамлакатда транспорт тизими такомиллашиб, сайёҳлар ўзларига мос усулда саёҳат қилишлари мумкин. Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб қисқа ва арзон парвоз рейслари, тезюрар поезд ва бошқа транспорт қатнови амалга оширилади. Ўзбекистоннинг барча шаҳарларида такси ва автобус хизматлари йўлга қўйилган. Шунингдек, Тошкентда замонавий ва ғоятда гўзал метро мавжуд. У ер аёл йўловчилар учун ҳам хавфсиз.

Ажнабий сайёҳларга нисбатан ёқимсиз эътибор Ўзбекистонга хос эмас. Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан фарқли равишда бу ерда сайёҳнинг фикри ва муносабати маҳаллий аҳоли томонидан қаттиқ ҳурмат қилинади. Шунга кўра, Ўзбекистонда сайёҳлар билан боғлиқ жиноятлар сони ҳам кўнгилни хотиржам қиладиган даражада жуда паст. Маҳаллий аҳолининг 90 фоизи мусулмон. Аммо бу ерда аёллар паранжида юришмайди, гендер тенглиги юқори даражада таъминланган.

Тўғри, эҳтимол сиз бу юртни харитадан топишга қийналарсиз. Лекин, Ўзбекистонга саёҳатдан сўнг бошқаларга ҳеч иккиланмасдан ушбу тинч ва осойишта мамлакат бўйлаб кезишни тавсия қила бошлайсиз.

Темур ва унинг авлодлари Хива, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини энг кўркам манзилларга айлантириш мақсадида империянинг барча ҳудудларидан энг яхши кошинкор уста, рассом ва меъморларни бу ерларга чорлаганлар. Бугун ҳам тарихий бозорларни эсга солувчи қадамжолардан моҳир ҳунармандларнинг кулолчилик асарлари, кашта ва ипак кийимлари, мусаввирлик ишларини харид қилиш мумкин.

Тошкент, Бухоро Европа шаҳарлари каби хилма-хил маданият ҳамда манзараларга бой космополит шаҳарлар: кўллар ёнбошидаги дам олиш масканлари, ландшафтли жамоат парклари, диққатга сазовор жойлардаги қаҳвахоналар сайёҳни янада завқлантиради.

Инглиз тилидан Шуҳрат Сатторов таржимаси ва таҳрири