Саломатлик

Тестостерон — куч-қувват берувчи гормон!

У шундай гормонки, эркаклардаги куч-қувват, муваффақият, ижодкорлик, жинсий фаоллик, хуллас, кучли жинс вакиллари ҳаётининг барча жабҳасида бевосита ва билвосита иштирок этади. Ушбу гормон аёлларда ҳам учрайди, бироқ жуда ҳам оз миқдорда.

Уйқусизлик, депрессия, мушаклар массасининг камайиб кетиши, анемия (камқонлик), терининг қуруқшаб кетиши, қорин қисмида ортиқча ёғларнинг тўпланиши, жинсий заифлик ва ўзини ёмон ҳис этиши каби омиллар қонда тестостерон гормонининг камайиб кетганидан далолат беради. Ақлий салоҳиятнинг сустлашуви ҳам қондаги тестостероннинг камайганидан юзага келиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бу каби аломатлар сезилса дарҳол шифокор кўригидан ўтиш, тестостерон таҳлили учун қон топшириш мақсадга мувофиқ.

Бир қанча сабабларга кўра ушбу гормон миқдори камайиб кетиши мумкин. Масалан, психологик жароҳатлар, меъёридан ортиқ алкогол маҳсулотларини истеъмол қилиш, ёғли носоғлом таомлар (фаст фуд сингари) ҳамда таркибида кўп миқдорда кофеин ва холестерин бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш. Шунингдек, жинсий аъзоларнинг жароҳат олиши ёки камҳаракатлилик (узоқ муддат ўтириб ишлаш), ёшга оид ўзгаришлар ҳам қонда тестостероннинг камайиб кетишига хизмат қилади.

Мазкур гормон эркаклар ҳаётида қанчалик муҳим ўрин тутса, унинг ҳаддан зиёд кўпайиб кетиши ҳам шунчалик зарарли. Бундай пайтда эркакларда тажовузкорлик, ортиқча тукларнинг ҳаддан зиёд ўсиб кетиши, юзда йирингли ҳунсбузарларнинг кўпайиши, айрим ҳолларда эса ўз жонига қасд қилишга мойиллик ошиб кетади. Бу каби ноодатий аломатлар ҳам тезда шифокор қабулига бориш зарурлигидан далолат беради. Таъкидлаш ўринлики, эркаклар қонида тестостероннинг ўртача миқдори 10–40 нмол/л ни ташкил этади.

Тестостерон миқдорини ошириш учун аввало маст қилувчи ҳар қандай ичимлик ва тамаки маҳсулотларидан воз кечиш талаб этилади. Шунингдек, кофе ичишни ҳам чеклаш лозим. Овқатланиш ратсионига эркаклар балиқ гўшти, мева ва сабзавотларни албатта киритишлари шарт. Товуқ ва бедана тухуми, денгиз маҳсулотлари, ёнғоқ, ошқовоқ ва кунгабоқар уруғлари, занжабил (имбир), саримсоқ пиёз тановвул қилиш ҳам кони фойда.

Олтин илдиз, элеуторококк, махсарсифат левзей сингари ўсимликлар тестостероннинг табиий мамбаи ҳисобланади. Улардан тайёрланган дамлама ушбу гормон меъёрини таъминлайди.

Ҳар куни ўртача саккиз соатлик уйқу тартибига риоя этиш мақсадга мувофиқ.

Жисмоний фаолликка катта эътибор қаратинг. Ҳафтасига ҳеч бўлмаса бир маротаба сузиш ҳавзасига боришни канда қилманг. Эрталаб югуриб, кўпроқ пиёда юришга ҳаракат қилинг. Чунки жисмоний фаолликнинг тестостерон миқдорини ошириши кўплаб тажрибалар вақтида исботланган.

Тестостерон меъёрини таъминлашга хизмат қилувчи бирорта дори воситасини шифокор маслаҳатисиз истеъмол қилманг.