Айни пайтда маиший техника воситаларисиз кундалик турмушимизни тасаввур қилиш анчагина мушкул. Ҳар биримизнинг хонадонимизда балки барча зарурий уй техникалари мавжуд бўлмас, бироқ айнан телевизор бундан мустасно. Ҳа, телевизор (деярли) барчанинг уйида бор, у билан вақтнинг қандай ўтганини сезмай ҳам қоласиз.
Қуйида телевизорни харид қилиш пайтида эътибор берилиши лозим бўлган жиҳатларни санаб ўтамиз. Улар сизга яхши ва сифатли телевизор танлашга кўмаклашади, деган умиддамиз.
Диагональ
Телевизор харид қилишдан олдин у кўриладиган масофа ва ўрнатиладиган жойни белгилаб олиш керак. Мутахассислар 2,5-3 метрдан томоша қилинадиган телевизорнинг диагонали 25-32 дюйм атрофида бўлиши мақсадга мувофиқлигини қайд этишади. Меҳмонхоналар учун 40-50 дюйм энг оптимал ечим ҳисобланади. Ошхона учун 19-24 дюйм, ётоқхона учун 32-40 дюймли телевизорларни ўрнатиш тавсия этилади.
Аниқлик формати
Аниқлик формати деганда телевизор экранидаги пикселлар сони назарда тутилади (бу ҳақда батафсил бу ерда танишиб чиқиш мумкин). Бугунги кунда HD ва Full HD форматидаги телевизорлар кенг тарқалган. Унутманг, телевизор экранининг аниқлик формати қанчалик юқори бўлса, унинг намойиш сифати ҳам шунчалик тиниқ бўлади. Албатта, бунда аниқлик формати телевизорнинг нархига ҳам таъсир кўрсатади. Шунинг учун кичик диагоналли телевизорларни харид қилганда HD форматли версияларни танлаган маъқул. Боиси, кичик экранли телевизорларда юқори даражадаги аниқлик формати у қадар кучли сезилмайди.
Бундан ташқари, ҳозирги пайтда бозорда Ultra HD ёки 4К аниқлик форматидаги телевизорлар ҳам таклиф қилинмоқда. Ушбу форматда телевизордаги намойиш Full HD форматига қараганда бир неча марта юқори бўлади. Бироқ мазкур форматнинг эффекти кўпроқ катта диагоналли (камида 55 дюйм) телевизорларда билинади. 4К намойиш учун видео ҳам айнан мазкур форматда олиниши талаб этилади.
Smart TV
Ҳозирги замонавий телевизор шунчаки транслация учун хизмат қилмайди. Улар қамраб олган ва олаётган функциялар кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Эндиликда Smart TV хусусиятига эга телевизорларни LAN кабель ёки Wi-Fi орқали интернет тармоғига улаб, иловаларни юклаш (худди смартфондаги сингари), ўтказиб юборилган кўрсатувларни кўриш, онлайн кинотеатр орқали исталган фильмни томоша қилиш, YouTube’даги видеолардан баҳра олиш, браузерда маълумотлар қидириш ва ҳатто махсус консолларсиз баъзи бир ўйинларни ҳам ўйнаш мумкин. Қисқа қилиб тушунтирганда, Smart TV бу телевизорга мўлжалланган компьютерлашган тизим бўлиб, у орқали қурилмага қўшимча функция ва сервисларни тақдим этадиган иловаларни юклаб олиш мумкин.
Рақамли сигнал стандартлари
Телевизорда сифатли каналларни кўриш учун қурилмадаги экран аниқлиги юқори бўлиши билан бирга, у турли рақамли сигнал стандартларини қўллаб-қувватлаши ҳам талаб этилади. Ҳозирда дунёнинг кўплаб мамлакатларида DVB-T (янгироғи DVB-T2) рақамли сигнал стандарти қўллаб келинмоқда. Ушбу сигнал ёрдамида юқори намойиш форматида узатиладиган рақамли (DTV) каналларни кўриш мумкин.
Тасвирни янгилаш частотаси
Бундай бирлик муайян вақт оралиғида тасвирнинг неча марта янгиланишини англатади. Одатда, 60 Гц кўплаб телевизорлар учун стандарт режим ҳисобланади. Бироқ ўта динамик саҳналарда ушбу бирлик камлик қилиши ва натижада тасвир бироз хира ҳамда сифатсиз кўрсатилиши мумкин. Шунинг учун тасвирни янгилаш частотаси 120 Гц бўлган телевизорларни харид қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Уланиш интерфейслари
Мазкур интерфейслар телевизорга ҳар хил турдаги ташқи қурилмаларни улаш имкониятини беради. Биринчи навбатда, (антенна слотидан ташқари) телевизорда HDMI ва USB портлари кўзда тутилган бўлиши лозим. HDMI слот орқали телевизорга медиаплеер, консоллар ва ташқи дискларни улаш мумкин, USB порт эса флешкалар улашга хизмат қилади. Шунингдек, телевизорни харид қилиш пайтида LAN, SCART, аудио портларнин мавжудлигига эътибор қаратинг.
Сервис марказлар
Албатта, телевизор танлашда ишлаб чиқарувчининг сервис марказлари билан қизиқинг. Улар телевизорни таъмирлаш ва профилактика қилишда муҳим ўрин эгаллайди.