Халқимиз жуда топқир. Мен бундай уддабурон одамлар бошқа жойда бўлмаса керак, деб ўйлайман. Ҳеч кимнинг хаёлига келмаган ишлар, кашфиёт ва ихтиролар фақат ўзбеклар томонидан ўйлаб топилса керак. Одамлардан пул ундиришнинг янгидан-янги усулларини кашф қилишда ўзбекнинг олдига тушадигани йўқ.
Халқ таълими вазирлиги мактаб ўқитувчилари ўртасида «Энг яхши дарс ишланмаси» деган танлов эълон қилибди. Одатда, турли танлов ва мусобақаларда ташкилотчилар ўринларни сотишдан даромад қилишига ўрганиб қолганмиз. Лекин бу сафарги танлов бошқачароқ. Мен фақатгина куни кеча содир бўлган бир воқеани айтиб бермоқчиман, холос.
Душанба куни кечқурун қишлоқ мактабида бошланғич таълимдан дарс берадиган холам телефон қилдилар. Мактаб раҳбарияти томонидан ўқитувчилар дарс ишланмалари танловида қатнашиши лозимлиги ҳақида топшириқ бўлибди. Бу ҳақида дарс ишланмалари қабул қилиш муддати тугашига бир кун қолганда айтишибди. Танловда мактабдаги барча ўқитувчилар қатнашиши шарт эмиш.
Сешанба куни ҳамма ўқитувчилар туман халқ таълими бўлимига (ҳозир бу ташкилот номи аллақандай тушунарсиз сўзлар, узундан-узоқ жумлалар йиғиндисидан иборат. Тушунарли бўлиши учун ҳамма билган туман халқ таълими бўлими сўзини ишлатмоқчиман) бориши, ўз дарс ишланмаларини таълим вазирлигининг интернетдаги саҳифасига жойлаштириши керак экан. Дарс ишланмалари Microsoft Word 2003 матн муҳарририда тайёрланиши шарт экан. Ўқитувчиларга дарс ишланмалари жойланадиган интернетдаги манзилни (tanlov.uzedu.uz) беришибди.
20 йиллик педагогик стажга эга холам ҳатто смс ёзишни ҳам билмайди. Мактаб ўқитувчиларининг аксарияти, айниқса, катта ёшдаги ўқитувчилар компютерда матн териш малакасидан мутлақо бехабар. Аммо ёшу-қари – барча ўқитувчилар танловда қатнашиши мажбурий эмиш. Мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари анчагина тушунган одам экан. Туман халқ таълими бўлимидаги дарс ишланмаларини компютерда ёзиб, интернетга жойлаб берадиган одам билан ҳаммасини гаплашиб қўйибди. Арзимаган 10 минг сўм эвазига уддабурон ходим ҳар қандай фандан дарс ишланмасини ўзи тайёрлаб берармиш (вундеркинд бўлса керак).
Холамнинг хаёлига дарров камина келган. «Компютери бўлса, интернетда алламбало сайтларга кириб юрса, бир оғиз айтаман, ўзи тайёрлаб, ўша айтилган сайтга жойлаб беради» деб ўйлаган. Туман халқ таълими бўлими ходимига бериладиган 10 минг, йўлкира (2 минг сўмдан 4 минг), тушлик (10 минг) – жами 24 минг сўм пулни, навбат кутиб кетказиладиган вақтни тежаш мумкин.
Шу кичкина илтимосга йўқ демадим, албатта. Интернет уммонида турли фан ва синфлар учун дарс ишланмалари тиқилиб ётибди. Холамдан олинган маълумотлар билан бирор тайёр файлнинг мазмунини ўзгартираману, ўша сайтга жойлаб қўяман, деб ўйладим. Чучварани хом санаган эканман.
Эртасига эрталаб дарс ишланмаси тайёр бўлганда, айтилган манзилга кириб кўрдим. Танлов низомини ўқидим. Маълум бўлишича, 18 апрел соат 24:00 гача дарс ишланмаларини танловга жўнатиш лозим экан. Файлларни ҳар бир мактаб учун ажратилган логин ва пароль билан мактаб кабинетига кириб, сайтга юклаш керак экан.
Холамга телефон қилиб, мактаб кабинетининг логин ва паролини сўрадим. Холам директор ўринбосарига қўнғироқ қилган. Директор ўринбосари эса логин-паролни туман халқ таълими бўлимининг уддабурон ходимигина билишини айтган. Ўша ходимнинг телефон рақамини топиб, ўзига қўнғироқ қилдик. У муҳтарам жаноб эса мактаб кабинетининг логин ва паролини фақат директор ўринбосарига беришларини айтдилар. Яна директор ўринбосари билан боғландик. Директор ўринбосари тўсатдан ўзгариб қолди. Мактабга комиссия келаётгани, иши кўплигини айтиб, биз сўраган нарсани пешиндан кейин аниқлаб беришга ваъда берди. Кутишга тўғри келди.
Пешин ўтиб, аср вақти яқинлашди ҳамки, қўнғироқ бўлмади. Холам билан боғландим. Билганим шу бўлдики, ишимиз ўхшамабди. Айтишларича, воқеа бу тарзда давом этибди: Мактабга ростдан ҳам комиссия келибди. Комиссиядан халос бўлгандан сўнг, холам ҳалиги гапни эслатибди. Директор ўринбосари дастлаб уларга норози боқибди. «15 минг сўмлик ишни гаплашиб, зўрға 10 мингга кўндиргандим. Ўқитувчиларимни ўйлаб шундай қилгандим», деб тўнғиллаганча туман халқ таълими бўлимига телефон қилибди.
Ажабки, 100 минг аҳоли истиқомат қиладиган шаҳар бўлмиш туманимиз марказида чироқ ўчиб қолган экан. Туман халқ таълими бўлими ходими чироқ келса, компютердан паролни кўриб беришни ваъда қилибди. Анча вақтгача қўнғироқ бўлавермагач, яна ўзлари боғланмоқчи бўлишибди. Дастлаб туман халқ таълими бўлимидан жавоб бўлмабди, кейин эса кутилмаганда туман халқ таълими бўлими ходимининг телефонига тушиб бўлмай қолибди. Смсларга ҳам жавоб олишолмабди.
Хуллас, у билан қайта боғлана олишмабди. Холам уйга қайтмоқчи бўлганда эса директор ўринбосари: «10 мингни бериб кетаверинг, ўзлари ўрнингизга киритиб қўйишади. Овора бўлиб нима қиласиз?» дейишни ҳам унутмабди. Аммо холам унамабди. Дарс ишланмаси тайёрлигини, паролни беришса, ўзи киритиб қўйишга қодирлигини, бўлмаса, танловда қатнашмаслигини айтиб, уйига қайтиб кетибди. Мен айтмоқчи бўлган воқеа шу тарзда ниҳоясига етган.
Танловга дарс ишланмалари қабул қилиш 18 апрел куни тунда ниҳоясига етди. Холам бу танловга ўз ишини юбормади. Ўқитувчилар бу танловга қизиқишгани ҳам йўқ. Қатнашиш мажбурий дейилгани учун ҳамма 10 минг сўмдан йиғиб бера қолибди. Комиссия келгани учун ўқитувчилар туман халқ таълими бўлимига ҳам бора олишмаган. Пул берганларнинг рўйхатини директор ўринбосари бояги уддабурон ходимга жўнатибди. У эса 50 нафар ўқитувчи учун ўзи дарс ишланмаси тайёрлаб, танлов сайтига жойлаган бўлса керак.
Энди ўйлаб кўрайлик: Туманимизда 70 та мактаб бор. Мен тилга олган мактабда жами 54 нафар ўқитувчи бор экан. Бошқа мактабларда қанча ўқитувчи борлигини билмайман. Ҳар бир мактабда ўртача 40 нафар ўқитувчи 10 минг сўмдан йиғиб берди деб фараз қиламиз (аслида бундан кўпроқ бўлиши ҳам мумкин):
40 х 10 000 = 400 000
400 000 х 70 = 28 000 000
Йигирма саккиз миллион сўм! Туман халқ таълими бўлими битта танловда шунча даромад қилиб турса! Бу пулларнинг ҳаммаси уларнинг қўлига етиб бормаса керак. Мактаб раҳбариятлари ҳам ўз улушини олади, албатта. Халқ таълими бўлими ходимлари шунча ўқитувчи учун алоҳида-алоҳида дарс ишланмаси тайёрлашига ишониш қийин. Улар тайёр файллардаги ўқитувчининг исм-шарифларини ўзгартириб, танловга жўнатишларига шубҳа йўқ.
Тахминан бир ойча олдин «Йилнинг энг яхши ўқитувчиси» танловининг биринчи босқичи ҳам деярли шундай тартибда ўтганини эшитгандим. Ўқитувчилар халқ таълими вазирлиги сайтида онлайн тест синовидан ўтишлари лозим бўлган. Қишлоқ ўқитувчиларининг аксарияти интернетни тушунмайди. Улар туман халқ таълими бўлимида тест синови учун узундан-узоқ навбат кутишган.
Бир нечта компютерда минглаб ўқитувчилар тест топширишини тасаввур қилиб кўринг. Ўзбек нимани билмайди? – Навбатда туришни билмайди! Бу ҳам етмагандай, гоҳ компютерларнинг айримлари ишламай қолса, гоҳ чироқ ўчиб қолади, гоҳида эса интернет узилиб қолади. Ўзбек нимани ёмон кўради? – Кутишни ёмон кўради! Ўзбек нимани яхши кўради? – Иши тезроқ битишини яхши кўради! Ечими яна оддий: 10 минг сўмдан йиғилсин! Тестдан сиз учун ўзимиз ўтиб қўямиз! Ўзбек нимани ёмон кўради? – Ҳамма пул берганда бир ўзи қарши чиқса, мулзам бўлишни ёмон кўради! Кўпга келган тўй... Мактаб раҳбарияти кўрсатмаси бўйича ўртача натижа учун тест ечилади. Кейинги босқичга ўтиши келишилганларга юқорироқ натижа қилиб берилади.
Бу ишлар, биринчидан, кўзбўямачилик учун қилинса, иккинчидан ўқитувчиларни шилишнинг янгича усулига айланиб қолгани кишини ғазаблантиради. Ўша мактаб директорининг ўринбосари ва Туман халқ таълими бўлими ходими билан гаплашиб қўймоқчи ҳам бўлдим. Аммо... Ўзбек нимани ёмон кўради? – Ҳақ талашишни, ўз ҳуқуқини талаб қилишни ёмон кўради! Ўзбек нимани яхши кўради? – «Оч қорним – тинч қулоғим» қабилида жим юришни яхши кўради! Холам ҳам тинч юришимни маслаҳат бердилар. Ўзбекчилик...
Лекин саволлар туғилади: Бу танлов нима учун ўтказиляпти ўзи? Халқ таълими вилоят ва туман тармоқларида ишлаётган раҳбарлар чўнтагини тўлдириш учунми? Нима учун бу каби танловларда ҳамма қатнашиши шарт қилинган? Ўқитувчи танловда қатнашишдан бош тортишга ҳаққи йўқми? Интернет орқали танлов қилишдан олдин чекка жойларда шунга яраша шароит яратилиши керак эмасми? Нега ўқитувчидан дарс ўтишни талаб қилиш ўрнига, узундан-узоқ навбат кутишга мажбурланади? Нега ўқитувчи бундай танловлар учун пул сарфлашга мажбурланади? Пластик картада ойлик оладиган ўқитувчидан нақд пулда 10 мингдан йиғилаётган пуллар қаерга кетяпти? Бу йиғимлардан кимлар манфаатдор?
Саволлар кўп, жавоб эса, ҳар доимгидай, очиқ қолаверади.
Манба: Sof.uz