Гўзал ҳаёт ўзи келмайди. У ўқиб-ўрганиш, мунтазам интилиш, қаттиқ меҳнатнинг натижасидир. Бу бахтли ҳаётга берилган энг муносиб таъриф. Акс ҳолда, Жанубий Ҳиндистоннинг узоқ Мадурай шаҳрида, оддий оилада дунёга келган болакай 2016 йилда океан ортининг энг кўп ҳақ тўланадиган раҳбарларидан бирига айланмас эди.
2015 йилда Google компаниясига эгалик қилувчи Alphabet Inc. холдинги ташкил этилгач, келиб чиқиши ҳиндистонлик бўлган Сундар Пичаи Google компаниясига раҳбар этиб тайинланади.
Сундар Пичаи 1972 йилда Ҳиндистоннинг Тамил Наду штатида, инженер-электрик хонадонида таваллуд топган.
Google'нинг бўлажак раҳбари ёшлигиданоқ илмга чанқоқлиги билан тенгдошларидан ажралиб турган. У мактабда камгап, аммо сўзлари маънога тўла, уятчан ўқувчи бўлган. Электроника маҳсулотларини "титкилаш" унинг учун энг севимли машғулот эди.
Уни инсоният ҳаётига енгиллик олиб келаётган компаниянинг даҳоси дейишади.
Сундар жуда камсуқум ва камтарин инсон. У билан суҳбатлашаётган оддий инсон ҳам унинг халқаро аҳамиятга эга компаниянинг раҳбари эканини ҳис қилмайди.
2016 йилнинг илк ойида Лас-Вегасда ўтган Электроника маҳсулотлари истеъмолчилари кўргазмаси чоғида ҳам жаноб Пичаи кўргазмани ёлғиз ўзи айланиб, янги маҳсулотлар билан танишиб чиқади. У билан суҳбатда бўлганларнинг кўпчилиги нафақат дунёнинг энг салоҳиятли инсонларидан бири билан суҳбатлашгинини, қаршисида Google'нинг раҳбари турганини ҳам сезишмайди.
Сундар Пичаи Ҳиндистоннинг Харагпур технологиялар институти (бакалавр), АҚШнинг Стэнфорд университети (магистр), шу билан бирга Пенсильвания университетида таҳсил олган.
У хотини Анжали Пичаи билан бакалаврда ўқиб юрган кезлари танишиб қолган ва айни вақтда 2 фарзандлари билан биргаликда Калифорнияда истиқомат қилишмоқда.
Ўрта ҳол ҳиндистонликлар каби болалиги 2 хонали уйда ўтган Пичаи оиласи бугун 5 ётоқхонали, ичида теннис корти, футбол майдонига эга ҳовлида истиқомат қилади.
2004 йилда Google компаниясидаги фаолиятини оддий менежерлик лавозимидан бошлаган Пичаи 2015 йилда 66 миллиард АҚШ доллари кирим бўладиган, 16 миллиард доллар даромад кўрадиган компаниянинг раҳбарига айланди.
Менежерликдан сўнг у вице-президент, сўнгра бош вице-президент, сўнгра Google иловалари учун маъсул шахсга айланди.
Жаноб Пичаи Google Chrome, Chrome OS, шунингдек Google Drive каби дастурий маҳсулот ва лойиҳаларнинг менежменти бўйича масъул лавозимларда фаолият кўрсатган. У компаниянинг Gmail ҳамда Google Maps лойиҳаларининг ривожига катта ҳисса қўшган.
Google томонидан ишлаб чиқилган Google Search, Google Toolbar, Google Pack, Google Gears, Gmail Apps, Maps иловалари, Android One мобиль операцион тизимини яратишда ҳам Сундар Пичаининг саъй-ҳаракатлари юқори.
Жаноб Пичаини ҳамкасблари моҳир дипломат, деб билишади. Раҳбар сифатида у ҳар бир ходим билан муомалани маромига етказади. Компанияда уни ёмон кўрадиган, ундан озор чеккан бирор ходимни топиш маҳол.
Сундар Пичаининг болалиги илмий китоблар бағрида ўтди. Уларнинг оиласида телевизор ҳам, автомобиль ҳам бўлмаган. Сундар Google компаниясига ишга кирганидан сўнг ота-онаси ўғли билан гаплашиб туриш учун уйга телефон тармоғини торттиришади.
Сундарнинг отаси ўғлини АҚШда ўқитиш мақсадида, банкдан қарз олади.
MasterCard, Microsoft, PepsiCo каби дунёнинг етакчи компанияларини Сундар Пичаига ўхшаган келиб чиқиши ҳиндистонлик бўлган инсонлар бошқаради.
Нью-Ҳемпшир университети томонидан ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, ҳиндистонликларга хос хокисорлик ва юксак илмий салоҳият қоришмаси ва касбий интилиш уларнинг муваффақият сири экан.
Пичаи болалигида компьютер мутахассиси бўлишни режа қилмаган. У бошқа ҳиндистонликлар сингари крикет мухлиси бўлган крикетчи бўлишни мақсад қилган. У мактаб жамоасининг сардори бўлган.
Пичаи доимо оддий оиладан келиб чиққанини, ота-онаси унинг учун ҳаётнинг қулайликларини ўтказиб юборганлари, ўғиллари таълим олиши учун улар кези келганда қулай ҳаётдан воз кечганларини таъкидлайди.
Шунингдек, Пичаи иқтисодий қийинчилик сабаб мактабни ҳам битирмаган онасига ўхшаган юз минглаб ҳиндистонлик аёлларнинг ўқиб-изланишлари учун интернет орқали махсус лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда. У шу йўл орқали ота-онасига барчаси учун раҳмат айтмоқчи.
Alphabet холдинги раҳбари Ларри Пейж меҳнаткаш Сундарни доимо компаниянинг тоғларидан бири деб билган. Шу сабабли ҳам, уни раҳбар лавозимига кўтарди. Қолаверса, унга компания акцияларидан ажратиб, меҳнатига нисбатан юксак ҳурмат кўрсатди.
2016 йилнинг 3 февраль куни 43 ёшли Сундар ПичаигаAlphabet холдингининг $199 миллион долларга тенг бўлган 273,328 дона акцияси топширилган. Акциялардан тушган навбатдаги мукофот пули билан бирга Пичай нархи тахминан $650 миллион долларга тенг акциялар эгасига айланди. Натижада Сундар Пичаи АҚШда энг кўп ҳақ тўланадиган инсон деган шарафли номга эга бўлди.
Гувоҳи бўлганингиздек, Сундар Пичаи муваффақиятдан умидвор бўлиб ҳаракат қилди, меҳнатига муваффақият билан назар солди, муваффақиятни ҳис қила олди. Натижада, унинг ижобий натижаларидан бутун дунё ҳайратга тушмоқда.