Спортнинг ҳеч бир турига қизиқмаган, умрида бир мартагина шуғулланиб кўрмаган инсон топилмаса керак. Спортнинг инсон танасига фойдаси тўғрисида гапириб ўтирмаймиз, бу худди офтобнинг аҳамияти ҳақида ваъз ўқиган билан бир хилдир. Қуйида айрим оддий спорт анжомларини қўлбола усулда ясаш ҳақида тўхталамиз.
Бокс қўлқопингиз йўқми?
Боксчилар “груша” деб атайдиган қопчани тез-тез уриб туриш кони фойда машқлардан Айниқса, зардангиз қайнаб турганда, бирор душманингизнинг қиёфасини тасаввур қилиб “груша”га мушт ёғдириш ҳузур бағишлайди. Аммо бокс қўлқоплари ҳамиша ҳамроҳимиз эмас. Ноқулай шакли туфайли кўпинча сафар халтамизга сиғмай қолиб кетаверади. Ёнингизда бокс қўлқопи бўлмаса, бирор нарсани хуморбостига муштлай олмасангиз қийин, албатта. Биз “тезпишар” бокс қўлқопи тайёрлашни ўргатамиз.
Эски пайпоқнинг ичига ғовак резина ёки поролонни жойлаб, сўнг шу пайпоқни кафтга киясиз (пайпоқ тоза бўлсин :) ). Эсда тутинг: мушт тукканингизда поролон ёки резина кафтнинг зарб берадиган орқа қисмида жойлашсин. Муштни тугасиз – мана зарб берадиган қисми ҳимояланган.
Энди махсус қопча шарт эмас, дарахт танасига, симёғочга ёки деворга баҳузур мушт ёғдиришингиз мумкин. Бу завқли машғулот. Саломат бўлинг.
Иш жойида қўлбола турник
Ушбу мақоламизни, энг аввало, ўтириб ишловчи касб вакиллари ўқишларига шубҳа йўқ. Яъни мунтазам компютер, идора иши билан шуғулланувчи ходим ҳар ярим соатда машқ қилиб турмаса, саломатлик билан аразлашиб қолади. Офис ходимлари учун энг яхши машқ бу умуртқани чиниқтиришдир.
Иложи бўлса, иш хонангизнинг ўзига турник ўрнатинг. Деворга қотириладиган турниклар магазинда сотилмай ётибди. Агар хонангизда бунга шароит бўлмаса ёки чўнтакни асраётган бўлсангиз камчиқим ва қўлбола йўлини ўргатамиз.
Шкафнинг четига қайишдан расмда кўрсатилганидай иккита илмоқ маҳкамланг. Қайишни бурама мих билан қотирган маъқул. Эркин ўрнашсин, керак бўлмаган пайтда шкаф девори ичкарисига қайириб қўйиш мумкин бўлсин. Сўнг 1 метрдан узунроқ темир қувур ёки полювгич сопини илмоқларга ўрнаштириб тортилсангиз бўлади. Машқни тамомлагач, таёқни олиб қўйишингиз мумкин.
Бундай турникда муаллақ осилиб туриш умуртқани чўзади. Оёқларни кўтариб-тушириб қорин пресс машқини бажариш мумкин. Шкаф оғирлигингизга бардош бермаса, мих билан деворга маҳкамлаб қўйинг.
Иш вақтида тез-тез турникка осилиб турсангиз, уюшиб қолган қон яхши айланади, керишиб-тортишиб олгач, иш қобилиятингиз тикланади.
“Агар умуртқа машқини бажармасангиз умуртқалар орасидаги лаппак (диск) яссилашиб кетади, тоғайлар ейилади. Ҳаракат қилинг – ёшарасиз!” –дейди, Пол Брегг “Умуртқа – саломатлик калити” асарида.
100sovetov.ru сайти мақоласи асосида тайёрланди