Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Facebook’даги саҳифасида мактаб таълими соҳасидаги мавжуд муаммолар ечими бўйича таклиф-мулоҳазаларни билдиришни сўраган эди. Мазкур мурожаатга жавобан 3 кунда 3 мингдан ортиқ таклиф келиб тушди.
«Президент томонидан халқ таълими тизими мамлакатимиз келажаги учун энг муҳим соҳалардан эканлиги ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтилган эди. Бу ҳақиқатда халқимиз учун жуда долзарб соҳа эканлигини биргина мавжуд муаммоларни ечими бўйича одамлардан йиғилган онлайн-форма орқали юборилган таклифлар сонидан ҳам билса бўлар экан: 3 кунда 3 мингдан ортиқ таклиф келиб тушибди, ҳали ҳам давом этаяпти», — таъкидлади Шерзод Шерматов.
Вазирга кўра, энди ушбу таклифларни таҳлил қилиб, улар юзасидан тизимли ишлаш керак бўлади. Ҳозирги кунда Халқ таълими вазирлиги тузилмасини қайта тасдиқлаш бўйича Президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқилмоқда ва имкони борича ушбу лойиҳага ечими тез бўлиши мумкин масалаларни киритишга ҳаракат қилинади. Янги тузилма тасдиқланиб, вазирликда самарали ишлайдиган команда шакллантириб олинганидан кейин эса тизимли равишда муаммолар ечими бўйича ишланади.