Биласизми?

Шавкат Мирзиёев: Биз шундай буюк мероснинг давомчилари бўла туриб, илмда ортда қолдик

15 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси маркази пойдеворига рамзий тамал тошини қўйди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

“Давлатимиз раҳбари тадбирга йиғилган диний уламолар ва барча юртдошларимизни Рамазон ҳайити билан табриклаб, марказ қурилишининг шундай улуғ айём кунида бошланаётгани замирида эзгу ният, чуқур мазмун борлигини таъкидлади”, - дейилади хабарда.

Шавкат Мирзиёев ўтган йили 1 сентябрь куни Тошкентдаги Ҳазрати Имом мажмуасида бўлиб, мазкур марказ қурилиши, мақсад ва вазифалари юзасидан кўрсатмалар берган эди. Шу асосда мазкур қадимий мажмуа ёнидан ўн гектарга яқин жой ажратилди. Лойиҳа ишлаб чиқилиб, ҳудуд қурилишга тайёрланди.

“Бу марказни қуришдан мақсад ислом маърифатини ўрганиш, боболаримизнинг буюк меросини авваламбор халқимизга, дунё ҳамжамиятига етказишдир. Худо хоҳласа, ҳамма саъй-ҳаракатларимиз ёшлар таълим-тарбиясига, илм-фанга, маданиятга, тинчлик-осойишталикка замин яратади”, деди президент.

Бу ерда музей ташкил этилади, илмий фаолият йўлга қўйилади. Ўзбекистондан етишиб чиққан олим ва мутафаккирлар меросининг тарихий ва замонавий цивилизациядаги ўрни тадқиқ этилади. Уларнинг илмий-маънавий жасорати, улуғ инсоний фазилатлари кенг тарғиб қилинади. Мумтоз адабиёт ва санъат намояндалари ижодининг инсонпарварлик моҳияти чуқур очиб берилади.

Марказ биноси Ўзбекистондаги қадимий мадрасалар кўринишида, гумбазли қилиб қурилади. Кутубхона, ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар, конференция зали, хизмат хоналари ва бошқа объектларни ўз ичига олади.

“Биз шундай буюк мероснинг давомчилари бўла туриб, илмда ортда қолдик. Бугунги ташаббусларимиз,  бошлаган ишларимизни барча мусулмон мамлакатлари тан оляпти. Энди шунга муносиб бўлишимиз, илм-маърифатда ўрнак бўлишимиз керак”, деди Ўзбекистон раҳбари.