Саломатлик

Семизликдан қутулиш учун беш маслаҳат

“Дўмпайган қорин ҳомиладор аёлга ярашур”, дейди донолар. Сайтимиз мухлислари орасида семизликдан азият чекиб, ортиқча вазндан халос бўлишни режалаштириб юрганлар учраши мумкин. Қуйида озиш учун маслаҳатларни ҳавола этамиз. Тавсияларимизнинг ўзига хослиги шундаки, улар кечки пайт бажаришга мўлжалланган.

  1. Натрийдан парҳез қилинг

“Агар эрталаб қоринни қаппайтириб уйғонишни истамасангиз кечки овқат маҳали туздан воз кечинг”, дейди америкалик таниқли парҳезшунос, тўғри овқатланиш бўйича маърузачи ва Small Change Diet китоби муаллифи Кери Ганс (Keri Gans). Ортиқча туз организмда сувни тутиб қолади, бундан қорин ва оёқ шишиши келиб чиқади. Яхшиси, кеч маҳали сабзавот ёки ёғсиз гўшт еган маъқул. Таъкидлаймиз: туз ёки таркибида туз бўлган зираворларсиз.

  1. Тунда машқ қилинг

Озиш учун терлаб-пишиб машқ қилишнинг нафи катта. Одатда, эрталаб машқ қилиш керак, деган фикр кенг тарқалган. Саҳарлаб туриб машқ қилиш ҳақида хаёл суриш маза, аммо вақтли туриб жисмоний машқ қилувчиларнинг ўзи бармоқ билан саноқли бўлса керак. Қолаверса, ишга бориш учун вақт тиғиз.

Кечқурун машқ қилса, бўлмайдими? Бўлади, аммо айримлар кечки пайт машқ қилса уйқу қочади, деб ўйлайди. Бу фикрни йиғиштиринг, эрталаб улгурмасангиз, жисмоний машқ фурсатини кечга кўчиринг. АҚШнинг National Sleep Foundation ташкилоти ўрганишича, куннинг қайси қисмида жисмоний машқ қилганларига қарамасдан 60 фоиз инсонлар тунда маза қилиб ухлар экан. Ортиқча вазн билан тунда курашинг.

  1. Кўп сув ичинг

H₂О ажратувчи аъзолар фаолиятини меъёрлаштиради ва иштаҳани бўғади. Турли ёшдаги кишилар устида ўтказилган тажриба овқатдан олдин “никко” ичилса, тановул камроқ бўлишини кўрсатди. Кам есангиз, озишингиз турган гап. Кичик эслатма: иссиқ кўрпадан туриб ой ёруғида ҳожатга чиқмаслик учун ётишдан бир соат олдин сув ичишни тўхтатинг.

  1. Қоронғу хонада ухланг

Қоронғуликда организм мелатонин ишлаб чиқаради. Мелатонин гормонини тиббиётчилар қаттиқ уйқу билан боғлашади. Шунингдек, мелатонин етишмовчилиги ортиқча вазн тўпланишига олиб келади. Кўпчилик парҳезшунослар қоронғу хонада ором олиб ухлашни маслаҳат беришлари бежиз эмас.

  1. Салқин жойда ҳордиқ чиқаринг

АҚШ биотехнологик ахборотлар Миллий маркази тадқиқоти қизиқ факт келтирди: 18 даража ҳароратда ухлаганлар 24 даража ҳароратда ухлаганларга нисбатан 7 фоиз ортиқ калория йўқотган. Ҳа, бу кўп эмас, аммо озишга бир оз ёрдам беради.

lifehacker.ru сайти мақоласи асосида тайёрланди