Биласизми?

Қуёшдан паналагич(кўзойнак)лар

Баҳор фаслининг иккинчи ойи ҳам ниҳоясига етай деб қолди. Олдинда май. Уни бемалол Ёз фаслига киритсак хато бўлмас. Негаки, у ўзининг иссиқ об-ҳавоси билан ёз ойларидан асло кам эмас. Хуллас, бу ёғига қуёшли, жазирама кунлар бизни кутаяпти. Энди кўчада “кўзойнаклар” янада кўпаяди. Ҳа, ҳа, сиз тўғри англадингиз. Ҳамма қуёшдан пана қилувчи кўзойнаклар сотиб олишга киришади. Маълумотларимиз инсон саломатлиги учун зарур бўлган қуёшдан кўзни ҳимоя қилувчи кўзойнаклар ҳақида.

Тарихда Тарихий маълумотларга кўра, Рим императори Нерон гладиаторлик жангларини зумрад билан зийнатланган ойна орқали томоша қилишни хуш кўрган.

Қадимги Хитойда 12-асрда судьялар нафақат нурдан ҳимояланиш, балки гувоҳлар билан сўров чоғида кўз ифодаларини беркитиш учун кўкиш кварц пластиналаридан фойдаланишган.

Жеймс Эскот 18-асрда рангли ойнакларни синовдан ўтказгани маълум. Бироқ бу қуёшдан ҳимоя қилувчи кўзойнаклар эмасди. Эскот фируза рангли ойнаклар кўриш қобилиятини яхшилайди, деб ҳисоблаган.

19-аср охири, 20-аср бошларидан кўзлари ёрқин нурдан касалланган одамлар қаҳрабо (сариқ ва жигарранг) кўзойнак тақишган. Кейинчалик таниқли киноактёрлар одамлар таниб қолмаслиги учун ана шундай кўзойнакка мурожаат қила бошлаган. Бундан ташқари кучли ёрғуликка эга тасвирга олиш майдончаларидаги прожектор чироқларидан уларнинг кўзлари қизариб кетарди. Шу боис, майдончадаги актёр ва актрисалар ҳимоя учун ҳам кўзойнак тақишга мажбур бўлишарди.

Қуёшдан пана қилувчи арзон кўзойнакларни оммавий ишлаб чиқариш 1929 йилда Америкада бошланган. Сэм Фостер Грант ана шундай кўзойнакларни Нью-Джерси шататидаги Атлантик-Ситида жойлашган чўмилиш соҳилларида сотишни йўлга қўйган.

Эдвин Лэнд поляроид фильтрли линзаларни кашф қилгач, 1936 йили поляроидли кўзойнаклар пайдо бўлди.

Вазифаси Кўзойнаклар кўзни ёрқин ранглар ва кучли ёрғуликдан асрайди ва кўриш қобилиятини оширади. Поляроидли линзалар эса металлсиз кенгликларда ялтирашни камайтириб беради, шу жумладан, сувда.

Шунингдек, мазкур буюм ёруғликнинг кўзга кўринадиган ва кўринмайдиган компонентларидан ҳимоялайди. Масалан, қордан кўзнинг тиниши, фотокератит, катаракт ва бошқа кўз касалликларини чақирувчи ультрабинафша нурларидан асрайди.

Сақлаш ва парваришлаш Кўзойнакни тозалаб юриш учун микрофибрадан махсус латта мавжуд. Футболкаларга артиш ярамайди. Агар унда чанг кўп бўлса, уни аввал совунли сувда ювиб ташлаб, сўнг юмшоқ латта билан артинг. Йўқса, ойнада турли чизилишлар ҳосил қилиши мумкин.

Сақлаш учун махсус ғилофлардан фойдаланган маъқул. Шунчаки сумка ёки шим чўнтаклари ишончли эмас. Шунингдек, бошга тақиб юриш ҳам тавсия қилинмайди. Биринчидан, ҳаракат чоғида унинг дастаси қимирлаб, эгилувчанлиги йўқолади. Иккинчидан, ундан ҳам чиройли кўринишдаги илиб юриш усуллари(расмда кўрсатилган) бор.

Танлаш Хўш, эркак киши кўзойнак ўзи нима учун керак? Шартми шунчалик? Биринчи, галда саломатлик. Кейин эса услуб учун. Уни танлашда ҳам шу жиҳатлар инобатга олинади.

Юз тузилиши бу борада муҳим аҳамиятга эга. Шу асосда кўзойнак танласангиз, у юзинизга ҳам яхши ўрнашади, ҳам ярашади ва услубингизни тўлдиради. Махсус инфографикадан ўз юз шаклингизни топинг ва шунга қараб кўзойнак танланг!

Интернет материаллари асосида тайёрланди.