Ўзбекистонлик профессионал боксчи Қудратулло Абдуқаҳоров (10−0−0, 7 КО) Сингапурда 10 февраль куни бўлиб ўтган Battle of Champions бокс мусобақаси доирасида 10- ғалабасини қўлга киритди.
Қўрғонтепалик (Андижон вилояти) 23 ёшли спортчи танзаниялик Идда Пиаларига қарши рингга кўтарилди. Ўзбекистон боксчиси тўртинчи раундда техник нокаут билан ғалабага эришди. Бу ҳақда Gazeta.uz ёзмоқда.
25 март куни бўлиб ўтадиган навбатдаги учрашувда Ўзбекистон вакили ярим ўрта вазн тоифасида дунёнинг энг кучли 10 боксчисидан бири, World Boxing Council кумуш чемпионлик унвони соҳиби зимбабвелик Чарльз Манючи (20−2−1, 12 КО) билан жанг олиб боради. У Халқаро бокс федерацияси IBF рейтингида еттинчи, Жаҳон бокс ассоциацияси WBA рейтингида олтинчи, Жаҳон бокс кенгаши WBC рейтингида эса учинчи ўринни банд этиб турибди.
Қудратулло Абдуқаҳоров эса BoxRec — профессионал боксчилар қайдларини ўтказиш ва янгилаш бўйича нуфузли британ манбаси рейтингида вазн тоифаларидан қатъи назар Ўзбекистоннинг энг яхши профессионал боксчиси ҳисобланади. У World Boxing Federation, ёшларнинг World Professional Boxing Federation ва Осиёнинг Asian Boxing Council таснифлари бўйича 66,7 кг гача ярим ўрта вазн тоифасида чемпонлик унвони соҳиби саналади.