Иш

Қандай қилиб ўз ишини ёқтириш мумкин: бешта оддий қоида

Бахт, бу — эрта тонгда уйғониб ишга иштиёқ билан боришинг, кечқурун эса хуш кайфиятда уйга қайтишингдир. Бажараётган ишимиз ўзимизга ёқмаса, у ҳолда нима қилишимиз керак? Мутахассислар бунинг осонгина ечимларини ишлаб чиққан бўлиб, уларнинг тавсиялари кишига ўз касби, қилаётган ишини яна ёқтириб қолиши учун ёрдам бериши мумкин.

Ўз ишингизга масъулият билан қаранг

Қайси касб эгаси бўлишингиздан қатъи назар, у хоҳ сотувчилик, ўқитувчилик ёки бухгалтерлик бўлсин, ишингизга масъулият билан қарашингиз керак. Бироқ жуда кам сонли одамларгина ўз ишига масъулият билан қарайди. Агарда сиз ишингизга жиддий ёндашсангиз, фаолиятингизда маъно пайдо бўла бошлайди.

Унутманг, ишингизнинг натижаси учун фақатгина сиз жавобгарсиз. Ҳеч ким сиз учун қайғурмайди, шу лавозим сизга юклатилган эканми, бу ишингиз – сизнинг жавобгарлигингиздир.

Ўзингизга кўпроқ масъулият олишдан, фаолиятингиз доирасини кенгайтиришдан қўрқманг. Олдингизга кўпроқ вазифа қўйиб, иш жараёнига ўзгартишлар киритинг. Шунда ҳар қандай иш маъносини ўзгартиради ва охир-оқибат тушуниб етасизки, кўп нарса сизга боғлиқ, ҳеч нарса бефойда, буҳуда эмас.

Дунёни яхшилашга интилинг

Тасаввур қилингки, сизнинг ишингиз бекорга кетмайди: у дунёни озгина бўлса ҳам яхшироқ қилади, сиз одамларга ёрдам бераяпсиз ва якуний натижа ёки маҳсулотда ўз улушингиз, ҳиссангиз бор.

Масалан, сотувчи одамларга яхши маҳсулот олишга кўмаклашади, автобус ҳайдовчиси минглаб одамларни ўз манзилларига етказиб қўяди, фаррош биноларни чиннидай тозалайди, шифокор, ўқитувчи ёки ўт ўчириш ходимлари ҳақида сўзлашга ҳам ҳожат йўқ.

Одам ўз касбини фақатгина даромад манбаи сифатида кўрмаслиги керак: бу кишини яхши натижалар сари руҳлантирмайди.

Чунки яхшигина даромад кўрса ҳам ишидан маъно тополмайдиган сон-саноқсиз одамларни учратиш мумкин. Уларнинг аксарияти фақат пулни деб ишлайди ва фаолиятида даромаддан бошқа нарсани кўзламайди.

Малакангизни такомиллаштириб боринг

Ҳар бир касб эгасидан билим, тажриба талаб қилади. Бу тажрибалар ҳаётда ва келгусидаги мансаб пиллапояларида албатта ёрдам беради. Шунинг учун вазифангизни имкон қадар тўлиқ бажаришга интилинг ва доимо бир нарсани ёдда сақланг: ҳаракатларингиз ҳеч қачон зое кетмайди. Иш фаолиятдаги ҳар қандай тажриба муҳим.

Шуғулланиб турган ишингизга тегишли бўлган барча касбий малакаларни эгаллашни ўз олдингизга қатъий мақсад қилиб қўйинг.

Оддий сотувчи мисолида буни кўриб чиқсак: у меҳнат жараёнида одамлар билан ишлаш, мулоқот ўрнатиш, харидорнинг кўнглини топиш, маркетинг стратегияси, расталарни тузатиш ва ҳоказоларни ўрганиб, тажриба тўплаб боради. Буни ҳақиқий амалиёт деб аташ мумкин. Ҳар қандай касб эгасида ана шундай имконият мавжуд. Ушбу ҳақиқатни қанчалик эрта англасангиз, шунча яхшироқ ишлашни бошлайсиз.

Фаолиятингизни оптималлаштиринг

Ҳар кунлик иш тартибингизга нимадир янгилик киритиш, жараёнларни оптималлаштиришга ҳаракат қилинг, вазифаларни бажариш вақтини қисқартиринг, ташкилот ҳужжатлари таркибига янгиликлар жорий этиб, бўлимнинг ривожланиш режасини ишлаб чиқинг, одатдаги ҳаракатларингиз самарадорлигини оширинг.

Кўпгина қўшимча майда юмушларни ўйлаб топсангиз, улар ишингизни янада яхшилайди. Бу эса ишингиздан ички қониқиш ҳосил қилишингизга хизмат қилиши аниқ.

Фалсафий ёндашинг

Ҳаётингизнинг қайсидир қисмида бирор юмуш билан шуғулланар экансиз, буни чин виждон билан, бор кучингизни аямасдан, гўёки сизда бошқа танлов йўқдек бажаринг. Унутманг, ернинг қайсидир қисмида одамларда иш танлаш имконияти йўқ, кимдир яшаётган жойида биттагина бўлган шахтада кончи, кимдир саҳрода йўл қурувчиси, кимдир улкан бозорда чиқиндиларни йиғишга маҳкум, баъзилар эса мутлақо ишсиз.

Бир нарсани тушуниб етишингиз керак: катта маош одамни узоқ вақт рағбатлантира олмайди. Эртами ё кеч у сизга кичик ҳамда одатдагидек туюлаверади ва сиз зерикишни бошлайсиз.

Ҳа, албатта, пул муҳим: у истаганингиздек яшашингизни таъминлайди, бироқ ўзингизни рўёбга чиқариш ҳақида ҳам унутмаслик лозим.

Кўплаб одамлар: “Нима учун ишлаяпсан?” деган саволга: “Пул топиш учун”, дея жавоб беради. Шунинг учун ҳам уларни ишда бахтиёр деб айтиш мушкул: бундай кишиларга қўйиб берсангиз, ишламасдан кунини кеч қилса, агар кузатсангиз, ундайлар берилган вазифаларни бажаришдан чалғиб, кўп гапиришади, ўзини четга тортишади. Улар янгиликлар қидиришни, фаолиятининг юқори чўққиларига чиқишни исташмайди ва ишга шунчаки бориб-келишга кўникишган.

Сиз ўзингизга ёқмайдиган ишга қандай ёндашасиз?