Шавкат Мирзиёев 28 июль куни Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий клиник госпиталини бориб кўрди, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати.
Шавкат Мирзиёев ушбу шифохона собиқ тузум лойиҳаси асосида қурилгани ва эскича тартибда ишлаб келаётгани, бундай замон ўтиб бўлганини таъкидлади.
"Ушбу госпитални давлат-хусусий шериклик асосида иш юритишга ўтказиш, бошқарувда замонавий менежментни жорий этиш зарур. Шунда даромад ҳам бўлади, сифат ҳам таъминланади", - деди Президент.
Шифохона ҳудудини оптималлаштириш, биноларни реконструкция қилиш ва замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, бу ерга хорижий клиникалар ва мутахассисларни жалб этиш бўйича топшириқлар берилди.
Мазкур госпитал ўтган асрнинг қирқинчи йилларида қурила бошлаган. Бугунги кунда клиника қарийб 16 гектар майдонни эгаллаган.