Ўзбекистонда маҳкумлар об-ҳаво шароити йўл қўйса, иш вақтидан бўш пайтларида тоза ҳавода жисмоний машғулотлар билан шуғулланиш ҳамда жазони ўташ муассасаси психологик хизмати ходимлари томонидан кўрсатиладиган психологик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Рашул Кушербаев ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
«Ўтган ҳафтада Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида депутатлар маҳкумларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш ва шароитларини яхшилаш масаласига оид қонун лойиҳасини кўриб чиқиб маъқулладилар. Жумладан, «Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонуни лойиҳаси кўриб чиқилиб, унга кўра кодекснинг 9-моддасига қўшимчалар киритилди», — деб ёзади депутат.
Расул Кушербаевнинг қўшимча қилишича, «маҳкумлар психологик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ тадбирларда фақат уларнинг розилиги билан иштирок этади, меҳнат қонунчилигига мувофиқ хавфсиз меҳнат шароити, дам олиш, таътил, шунингдек, меҳнатга ҳақ тўланиши» бўйича қўшимча ҳуқуқлари белгиланди.
Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигини 70-йиллигига бағишланган тадбирлар дастури ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2015 йил 17 декабрдагирезолюцияси (қарори) билан қабул қилинган Маҳкумлар билан муомала қилишнинг минимал стандартларини 13-қоидасида маҳкумлар фойдаланадиган ҳамма бинолар, энг аввало, ётиш бинолари барча санитария талабларга жавоб бериши кераклиги, бунда тегишли эътиборни иқлим шароитларига, айниқса бу биноларнинг кубатурасига, уларнинг минимал майдонига, ёритилишига, иситиш ва ҳаво алмаштиришига қаратиш керак.
Шу боис, Қонун лойиҳаси билан кодекснинг 84-моддаси «Маҳкумларнинг яшаш жойи» бўйича ҳам қўшимчалар киритилмоқда. Яъни «озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар сақлаш шароитига қараб белгиланган тартибда тасдиқланган санитария-гигиена ҳамда қурилиш нормалари ва қоидаларига мос келадиган умумий турар жойларда, хоналарда ёки камераларда яшайдилар».
Амалдаги таҳрирда эса «озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар сақлаш шароитига қараб умумий турар жойларда, хоналарда ёки камераларда яшайдилар» деб белгиланган бўлиб, маҳкумларнинг «санитария-гигиена ҳамда қурилиш нормалари ва қоидаларига мос келадиган» турар жой, хона ёки камераларда яшаш кўзда тутилмаган эди.
Жиноят-ижроия кодексининг 87-моддасига ҳам бир қатор қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, «озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахс тиббий кўрикдан жазони ижро этиш муассасасига қабул қилинганда ҳамда жазони ўташ вақтида унинг мурожаатига асосан ва даврий равишда, бироқ, олти ойда камида бир марта ўтказилади. Тиббий текширувдан ўтказиш махфийлик шартларида амалга оширилади.
Маҳкум жазони ижро этиш муассасасига қабул қилинган вақтдан бошлаб, ўн беш кун давомида суҳбат ўтказилади, у муассасанинг карантин хоналарида тиббий кўрик ва санитария-гигиена тадбирларидан ўтказилади.
Жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти маҳкумлар муассасага қабул қилинганда, шунингдек, шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлганда тиббиёт ходимларининг зудлик билан киришини таъминлаши шарт.
Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш зарурати туғилганда, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий муассасаларига жойлаштирилади.
Ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга муҳтож маҳкумлар даволаш муассасаси ҳуқуқига эга колонияларга ёки маҳкумларга мўлжалланган ихтисослаштирилган касалхоналарга юборилади, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий муассасаларига жойлаштирилиши мумкин.
Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахс оғир касалликка чалинган ҳолларда, жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти маҳкумнинг розилиги билан унинг яқин қариндошлари ёки унинг ўзи кўрсатган бошқа шахсларни дарҳол хабардор қилади.
Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахс оғир касалликка чалинган ҳолларда телефон орқали қўшимча сўзлашишга, шунингдек шифокорнинг рухсати билан қўшимча учрашувга рухсат берилади".
Кодекснинг 97-моддаси «Маҳкумлар билан тарбиявий иш олиб бориш» ҳам янги қисмлар билан тўлдирилмоқда. Шу жумладан ушбу моддада қуйидагилар назарда тутилган:
«Тарбиявий ишлар босқичма-босқич амалга оширилади:
озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахс жазони ижро этиш муассасасига келган вақтда унинг психологик портретини тузиш орқали тузалиш йўлига ўтиш мойиллигини аниқлаш;
озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг онгини ўзгартириш тадбирларни ўтказиш ва уларда содир этган жиноятига нисбатан пушаймонлик ҳиссини уйғотиш;
озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг талаб қилинаётган касб ва мутахассисликларга ўқитиш ишларини ташкил этиш ва ўқишни тугатгандан сўнг тегишли ҳужжатни бериш ҳамда кейинчалик ишга жойлаштириш".
Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигини 70-йиллигига бағишланган тадбирлар дастурининг ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2015 йил 17 декабрдаги резолюцияси (қарори) билан қабул қилинган Маҳкумлар билан муомала қилишнинг минимал стандартларини 39-қоиданинг 1-бандида муассаса маъмурияти томонидан маҳкумни ҳар қандай қилмишига, агар унда тўғридан-тўғри руҳий касаллик ёки ақлий заифлик кузатилса, интизомий жазо чораси қўлланилиши мумкин эмаслиги кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, мазкур қоиданинг 3-бандида муассаса маъмурияти маҳкумга интизомий жазо чорасини қўллашидан олдин, унинг руҳий касаллиги ёки ақлий заифлиги, хулқи ва тартиббузарлик ёки қилмиш содир қилишга таъсир кўрсатган ҳолатлари ўрганиб чиқиши керак.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ЖИКнинг 105 ва 106-моддаларга тегишли қўшимчалар киритилмоқда. Яъни Кодекснинг 105-моддасининг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилмоқда:
- озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар қуйидаги ҳолларда интизомий жавобгарликка тортилмайди:
- меҳнат нормаларини бажармаганлиги учун, агар бу ишдан бўйин товлаш ёки рад қилиш оқибати бўлмаса;
- озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг руҳий ҳолати бузилишининг бевосита оқибати ҳисобланган ҳар қандай тартиббузарлиги учун.
ЖИК 106-моддасининг тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда берилмоқда:
«Интизомий жазони қўллаш чоғида ҳуқуқбузарлик содир этилган ҳолат, маҳкумнинг хулқ-атвори ва шахсий хислатлари, маҳкумнинг хулқига тартиббузарлик ёки қилмиш содир этишга таъсир этадиган ҳамда интизомий жазо чорасини қўллаш учун сабаб бўлган руҳий ҳолат бузилишининг мавжудлиги, шунингдек олиб ташланмаган ва бекор бўлмаган интизомий жазолари бор-йўқлиги инобатга олинади».
Ушбу модданинг амалдаги таҳририда интизомий жазони қўллаш чоғида ҳуқуқбузарлик содир этилган ҳолат, маҳкумнинг хулқ-атвори ва шахсий хислатлари, олиб ташланмаган ва бекор бўлмаган интизомий жазолари бор-йўқлиги инобатга олиниб, «маҳкумнинг хулқига тартиббузарлик ёки қилмиш содир этишга таъсир этадиган ҳамда интизомий жазо чорасини қўллаш учун сабаб бўлган руҳий ҳолат бузилишининг мавжудлиги» кўрсатилмаган эди, дея якунлайди Қонунчилик палатаси вакили.