2019 йилда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистондаги инфратузилмавий лойиҳаларга 1 миллиард доллардан кўпроқ маблағ йўналтиради. Бу ҳақда Вашингтонда ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё департаменти бош директори Вернер Липах маълум қилди, деб ёзади Kun.uz.
Липахнинг айтишича, Ўзбекистон Покистондан кейин ОТБнинг заёми, гранти ва техник кўмагини олувчи иккинчи йирик давлат ҳисобланади. Маблағлар темир йўл самарадорлигини оширишдаги, сув таъминотидаги янги лойиҳалар ва бошқа ташаббуслар учун ажратилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон ОТБга аъзо бўлган кунидан бошлаб банк мамлакатимиздаги умумий қиймати 17 млрд долларлик 60 дан кўпроқ лойиҳани молиялаштирган.
“Марказий Осиёнинг шундоқ марказида жойлашган Ўзбекистоннинг иштирокисиз минтақада миқёсидаги у ёки бу энергетик, транспорт-логистик лойиҳани амалга ошириб бўлмайди”, деб таъкидлаб ўтган Липак.
Шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилажак лойиҳалар Марказий Осиё минтақаси учун катта аҳамиятга эгалиги таъкидлаб ўтилган. Бунга мисол тариқасида Ўзбекистон ҳукумати томонидан илгари сурилаётган Мозори-Шариф-Ҳирот йўналиши бўйича темир йўл қурилиши лойиҳаси келтирилган. Бу лойиҳанинг амалга оширилиши Афғонистон орқали юкларни ташиш ҳажмини анча оширишга имкон беради, бу давлатдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланишни тиклашга муҳим ҳисса бўлади ҳамда минтақадаги иқтисодий ҳамкорликнинг янада кенгайишига хизмат қилади.