Ўзбекистонлик ёш курашчилар Петко Сиракова ва Иван Илиев хотирасига бағишлаб 23 ёшгача ёшлар ўртасида эркин, аёллар ва юнон-рум курашлари бўйича халқаро мусобақада 10 та медални қўлга киритди. 24−26 февраль кунлари Варнеда (Болгария) бўлиб ўтган турнирда 15 мамлакатдан 213 спортчи иштирок этди.
Gazeta.uz'нинг ёзишича, Олимжон Ҳикматов ва Абдурауф Бозорбоев мураббийлиги остидаги кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бешта олтин ва бешта бронза медалини қўлга киритди. Эркин курашчилар ўртасида Рустам Жўраев (50 кг) ва Баҳодир Аслонов (97 кг) олтин, Рамазан Ибодов (65 кг), Муҳаммадали Мухторов (70 кг) ва Ҳасанбой Раҳимов (125 кг) бронза медалига сазовор бўлди.
Юон-рум кураши бўйича Ислом Бахомов (59 кг), Мирзобек Раҳматов (66 кг) ва Жалгас Бердимуратов (80 кг) энг юқори поғонани забт этган бўлса, Тўрабек Тиркашев (59 кг) ва Фазлиддин Намозов (71 кг) бронза медалини қўлга киритди.
Мирзобек Раҳматов «Энг яхши техника» номинацияси ғолибига айланди.