Биласизми?

Ўзбекистонда хорижлик ўзбеклар учун 5 йиллик виза жорий этилади

Ўзбекистондаги мутасадди идораларга 2018 йил 1 октябргача бўлган муддатда хорижий фуқароларнинг турли тоифаларига қўшимча виза тартибларини жорий қилиш бўйича таклиф киритиш вазифаси юклатилади. Бу Президентнинг «Ўзбекистон Республикасига хорижий фуқароларнинг кириши тартибини оптималлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.

Ушбу виза тартиблари қуйидагилардан иборат бўлиши белгиланган:

Silk road — Ипак йўли мамлакатлари бўйлаб саёҳат қилаётган туристлар учун бошқа мамлакатлар виза белгиларини тан олиш имконияти билан;

«Ватандош» — келиб чиқиши Ўзбекистондан бўлганлар ва уларнинг оила аъзоларига 5 йиллик виза;

Golden visa  — йирик хорижий инвесторлар учун 10 йиллик виза.

Ташқи ишлар вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига хорижий фуқаролар учун визасиз кириш тартибини жорий қилиш натижасига кўра 2019 йил 1 мартгача бўлган муддатда фуқаролари Ўзбекистондан транзит орқали ўтадиган, вақтинча бўладиган ва чиқиб кетадиган мамлакатлар рўйхатини кенгайтириш бўйича таклиф киритиш топширилди.

Мазкур қарор билан ҳозирча Ўзбекистонда 101 давлат фуқаролари 5 кунгача визасиз қолиши мумкинлиги белгиланган.