Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 18 февралдаги 5349-сон "Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, мамлакатда рақамли иқтисодиётни, замонавий ахборот технологияларини давлат бошқарувида татбиқ этишни ривожлантириш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш кўзда тутилган ҳужжат лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинди, деб ёзади Kun.uz.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасида Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда қуйидаги йўналишлар белгилаб олинган:
— давлат ва хўжалик органлари, маҳаллий давлат органларининг жойларда зарур ахборот тизимлари ва ресурсларини, дастурий таъминот ва электрон хизматларнинг жорий қилинишини мувофиқлаштиришларини белгилаб олиш;
— мамлакатда рақамли иқтисодиёт, ахборот технологиялари бозорини, жумладан давлат хусусий шерикчилиги асосида технопарк ва коворкинг-марказлар фаолиятини ташкил қилиш орқали хорижий сармояларни жалб қилиш учун қулай шароит яратиш;
— замонавий телекоммуникация инфратузилмаси, алоқа технология ва тармоқларини ривожлантириш, замонавий телекоммуникация хизматларини ривожлантиришни жорий қилишни мувофиқлаштириш;
— давлат бошқарувида ва иқтисодиёт соҳаларида электрон хизматларни жорий қилиш, электрон тижорат ва дастурий таъминот бозорини ривожлантириш орқали рақамли иқтисодиётни юксалтириш;
— Интернетнинг миллий сегментини, рақамли медиа-контентни ташкилий, моддий-техник ва иқтисодий қўллаб-қувватлаш орқали ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
— шаҳар ва ҳудудий инфратузилмани бошқаришда фойдаланиш, хусусан турар-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш, транспорт логистикаси, хавфсиз ва «ақлли шаҳар» учун «ақлли тизим»ларни ишлаб чиқиш;
— малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш.
Комиссияга қуйидаги вазифалар юклатилади:
— икки ой муддатда давлат органларида ахборот-коммуникация технологияларининг ҳолати, жумладан ахборот тизимлари ва кадрлар билан таъминланганлик ҳолатини тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш;
— 2018 йилга қадар мазкур йўналишни такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш.
Шу билан бирга, 2030 йилга қадар «Рақамли Ўзбекистон» концепциясини ишлаб чиқиш юзасидан ҳам чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган. Қарор лойиҳаси муҳокамаси жорий йилнинг 31 августига қадар давом этади.