Адлия вазирлиги Бош прокуратура билан биргаликда инвестицион муҳитни тубдан яхшилашга қаратилган Ўзбекистон президентининг фармони лойиҳасини тайёрлади.
Лойиҳа Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамаси порталида қўйилган.
Лойиҳада инвестор ва тадбиркорлик субъектларини давлат органининг ноқонуний маъмурий актларидан ҳимоялаш механизмлари ўрнатилмоқда.
Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйишда қонунийлик ва аниқликни таъминлаш мақсадида, лойиҳада ер участкаларини олиб қўйишнинг аниқ ҳолатлари белгиланмоқда.
Турар жой ва ишлаб чиқариш объектларини бузиш фақат кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва мулкдорга етказиладиган зарарнинг ўрни қоплангандан кейин амалга оширилиши қайд этилмоқда.
Шу билан бирга, инвестициявий фаолиятни амалга ошириш учун ер участкаларини беришнинг янги механизмлари ишлаб чиқилган, хусусан, ер участкаларини 50 йилгача узоқ муддатли ижарага бериш тартиби жорий этилмоқда.
Ўзбекистон Республикасига камида 200 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга соддалаштирилган тартибда Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилиш учун яшаш гувоҳномасини ва кўп марталик визаларни олишнинг янги механизмлари таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, мамлакат иқтисодиётининг устувор йўналишларига катта миқдорда инвестиция киритган чет эл фуқароларига "Фахрий фуқаро" унвонини бериш масаласи кўриб чиқилади.