Биласизми?

Ўзбекистон Хитой ишлаб чиқарган хавфсизлик воситаларига қизиқиш билдирди

Ўзбекистон Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов раҳбарлигидаги делегация Хитой Жамоат хавфсизлиги вазирлигига амалий ташриф буюрди. Дастлабки расмий учрашув 5 июль куни ХХР ЖХВ ҳузуридаги Биринчи илмий тадқиқот институтида бўлиб ўтди, деб хабар берди вазирлик матбуот-хизмати.

Мазкур илмий тадқиқот институти Хитой полиция тизимида алоҳида ўрин тутади. Айнан шу ерда яратилган кўплаб илмий ишланмалар, тадқиқот натижалари бугунги кунда ҳаётга татбиқ этилиб, жамоат хавфсизлигини таъминлашда, жиноятчиликка қарши курашда жуда қўл келмоқда. Мазкур институтда 2400 нафарга яқин ходим фаолият кўрсатади. Уларнинг 53 нафари фан доктори, профессордир.

Институтда яратилган ихтиролар, хусусан, турли қўпорувчилик ҳаракатларида, портловчи ускуналарни зарарсизлантиришда, жиноятчилардан ҳимояланишда ва яна кўплаб ҳар хил вазиятларда фойдаланишда асқотадиган кийимлар, ҳимоя воситалари Ўзбекистон ИИВ вакилларида қизиқиш уйғотди.

Айниқса, жамоат жойлари, метро ва одамлар қатнови кўп бўладиган масканларга ўрнатиладиган сканерлаш ускунаси кўпчиликнинг эътиборини торди. Унинг афзаллиги шундаки, ҳаракатланаётган жуда кўплаб одамларни шунчалик тез ва сифатли сканердан ўтказиб, улар орасидан, танасида турли портловчи мослама ёки қуролни яшириб ўтказишга уринган ёвуз ниятли кимсани тезда аниқлайди.

Бундан ташқари, давлат идоралари, ташкилотлар, муассасалар кириш жойига ўрнатиладиган мослама ҳам эътибордан четда қолмади. У орқали бинога кираётган шахснинг илгари жиноят содир этган-этмагани, қидирувдалиги тезда аниқланади. Меҳмонхоналар, муҳим қўриқланадиган объектларга киришда машиналарнинг таг қисмини ҳеч бир шахс аралашувисиз, мустақил текширадиган, хавф бўлса автоматик равишда хабар берадиган мослама ҳам вакилларимизда катта таассурот қолдирди.

Учрашув икки томон вакиллари учун кенгайтирилган тартибда ташкил этилган давра суҳбати тарзида давом этди. Мутахассислар институт фаолияти ҳақида Ўзбекистон Республикаси ИИВ делегацияси аъзоларига батафсил маълумот беришди. Транспорт, техникавий, кибержиноятчилик, терроризмга қарши курашиш ва яна кўплаб йўналишлар бўйича изланишлар олиб бораётган институт жамоасининг фаолиятига делегациямиз вакиллари алоҳида қизиқиш билдирди.

"Институт фаолияти билан танишиб, бу ерда яратилган ихтиролар жамоат хавфсизлигини таъминлашда, жиноятчиликка қарши курашишда қанчалик наф бераётганини англаб етдик. Институтда 53 нафар фан доктори, яна юзлаб турли соҳанинг етук мутахассислари фаолият кўрсатар экан. Шунча олимларнинг изланишлар олиб бориши, жон куйдириб меҳнат қилишидан шуни англаш мумкинки, улар ягона бир мақсадни кўзлашган: бу ҳам бўлса тинчликни таъминлаш, полициянинг жамоат хавфсизлиги, ҳуқуқбузарликларга қарши курашишдаги имкониятини ошириш, уни мукаммал ва кучли тузилмага айлантиришдир. Ишланмалар қизиқишимизни орттирди. Улардан келгусида Ўзбекистонда фойдаланишни хоҳлаймиз. Бундан ташқари, илмий изланишларда ҳамкорлик қилишни, бу ерда ходимларимизнинг малакасини оширишни истаймиз", — деди Ўзбекистон Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов.

Делегация аъзолари ходимлар хавфсизлигини таъминлайдиган, вақтни тежайдиган, энг муҳими, жиноятчиликка қарши курашишда асқатадиган айрим ишланмаларнинг қандай ишлатилишини сўраб-суриштиришди. Баъзи қурилмаларни мутахассислар ёрдамида шу ернинг ўзида ишлатиб кўришди.