Ўзбекистон Республикаси Президенти «Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари ғолибларини пул мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисида»ги фармойишни имзолади. Ҳужжат матнини ЎзА келтирди, деб Daryo.Uz ёзмоқда.
«Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ёшлар ўртасида олимпиада ҳаракатини тарғиб этишдаги фаол иштироки, Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларидаги юксак спорт маҳорати ва мардлиги, халқаро спорт майдонларида Ўзбекистоннинг нуфузи ва обрў-эътиборини оширишга қўшган катта ҳиссаси учун ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 12 июлдаги ПҚ-2558-сонли қарорига мувофиқ қуйидаги спортчилар бирйўла тўланадиган пул мукофоти билан тақдирлансинлар», — дейилади фармойишда.
Жумладан, Нурудинов Руслан Шамилевич (оғир атлетика), Дўсматов Хасанбой Марфжон ўғли (бокс), Зоиров Шахобидин Шокирович (бокс), Гаибназаров Фазлиддин Хасанбаевич (бокс) олтин медаль олгани учун ҳар бири 200 000 АҚШ доллари билан, Гиясов Шахрам Джамшедович (бокс), Мелиқўзиев Бектемир Рўзматжон ўғли (бокс) кумуш медаль олгани учун ҳар бири 100 000 АҚШ доллари билан, Ахмадалиев Муроджон Қаҳор ўғли (бокс), Тулаганов Рустам Тўлқин ўғли (бокс), Собиров Ришод Рашидович (дзюдо), Урозбоев Диёрбек Бахтиёр ўғли (дзюдо), Тасмурадов Елмурат Зулипхар-ули (юнон-рум кураши), Наврузов Ихтиёр Каримович (эркин кураш), Ибрагимов Магомед Идрисович (эркин кураш) бронза медали олгани учун ҳар бири 75 000 АҚШ доллари билан мукофотланади.
Пул мукофотларини тўлаш Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан хорижий валютада — АҚШ долларида, банкда жисмоний шахслар учун белгиланган тартибда очиладиган депозит ҳисобрақамларидан, солиқ ундирилмасдан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу мақсадлар учун зарур пул маблағлари ўз вақтида ажратилишини таъминлаши, Марказий банк эса Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки билан биргаликда ажратилган маблағларни Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг буюртманомалари бўйича белгиланган тартибда конвертация қилиши белгиланди.
Фармойишнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юкланди.