Ўзбекистон ўрик экспорти бўйича етакчи мамлакатлар бешлигидан чиқиб кетди, деб ёзмоқда Daryo.uz.
2017 йили Ўзбекистон энг юқори 6 та ўриндан бирини банд қилган. Шу йили Ўзбекистон ўрик экспорти ҳажмини 50 минг тоннадан тахминан 23 минг тоннага камайтирган. Ўзбекистондан олдинги ўринларни Испания, Туркия, Франция, Италия ва Греция эгаллаган.
2016 йили Ўзбекистон ўрик экспорт қилиш бўйича Испаниядан кейин 2-ўринни эгаллаб турган.
Мева ва сабзавот бозори мутахассисларининг фикрича, Ўзбекистондан экспорт қилинадиган ўрикнинг деярли 100 фоизи Россияга юборилади. Расмий манбаларнинг статистик маълумотлари Қозоғистондан ҳам катта ҳажмда ўрик экспорт қилинишидан далолат беради.
Савдо соҳаси вакилларининг фикрича, Қозоғистон ва Қирғизистон бугунги кунда Ўзбекистондан Россияга амалга ошириладиган мева экспорти учун транзит нуқта вазифасини бажармоқда.
Таҳлилчилар Ўзбекистондан келган экспорт жўнатмаларнинг аксарияти муваффақиятли бўлмагани, натижада уларга қайта буюртма берилмагани ҳақида фикр билдирмоқда. Бу ҳолатга экспорт қоидаларини яхши билмаслик, шунингдек, Ўзбекистондан Россияга мева юбориш билан боғлиқ қийинчиликлар сабаб бўлган. Маълумки, буюртмачи томонидан олдиндан 100 фоиз тўлов амалга оширилмаса, экспорт маҳсулоти жўнатилмайди.
Шунингдек, Россияда маҳсулотнинг сифати ва соғлиқ учун хавфсизлиги борасида мамлакатнинг ўз талаблари бор. Мураккаб ва қиммат логистика ҳам катта муаммолигича қолмоқда. Ўзбекистоннинг денгизга чиқиш йўли йўқ, қолаверса, асосий бозорлардан узоқда жойлашган.
Таҳлилчиларнинг фикрича, Ўзбекистон данакли меваларнинг экспортини янада кенгайтириш имконига эга, негаки мамлакатда мевалар Ғарбий яримшардаги бошқа давлатларга нисбатан тезроқ етилади. Демак, Ўзбекистон эртароқ етказиб берилган маҳсулот учун каттароқ нарх қўйилишига эришиши мумкин. Бунинг учун маҳсулот сифати устида ишлаш, мавсум давомийлигини узайтириш ва маркетинг тадқиқотлари олиб бориш зарур.
Аввалроқ Ўзбекистон гилос экспорти бўйича дунёда тўртинчи ўринга чиқиб, Испанияни ортда қолдиргани хабар қилинган эди.