МДҲга аъзо давлатлар дўстона армиялари ўртасида ҳарбий-амалий спортнинг "Кўп кураш ҳарбий спорт комплекси" тури бўйича Минск шаҳрида ўтказилган ҳалқаро мусобақада Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари мезбонлардан кейин иккинчи ўринни эгаллашди.
Нуфузли мусобақада Беларусь (иккита жамоа), Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон республикалари, Россия Федерацияси каби МДҲга аъзо давлатлардан олтита жамоа иштирок этиб, 100 ва 3000 метрга югуриш, граната улоқтириш, турникда тортилиш, тўсиқли йўлакларни 400 метрга югуриш билан биргаликда ўтиш каби ҳарбий комплекс машқларни якка ва жамоа таркибида бажарди.
Мусобақада подполковниклар Мансур Мамадаминов ва Баҳодир Тўхтаназаров бошчилигидаги Мудофаа вазирлиги жамоаси юқори жисмоний тайёргарликларини намойиш қилди.
Кичик сержант Исоқжон Рустамов ягона тўсиқли йўлакларни 400 метрга югуриш билан ўтишда 2 дақиқаю 13 сония натижа қайд этиб, нуфузли мусобақада биринчи ўринни қўлга киритди ва ҳарбий кийимда мусобоқа рекордини ўрнатди (илгари мусобақа иштирокчилари спорт кийимида қатнашган эди).
Ушбу мусобақада 4 нафар ҳарбий хизматчи лейтенантлар Шохруҳ Низомов, Фахриддин Мамаризаев, кичик сержант Исоқжон Рустамов ҳамда Умид Аҳмаджонов “Ҳарбий-амалий спорт турлари бўйича спорт устаси” ва Аббос Исхақов "Ҳарбий-амалий спорт турлари бўйича спорт усталигига номзод" талабларини бажарди.
Учинчи ўрин Қозоғистон вакилларига насиб этди. Ғолиб ва совриндор жамоалар кубок, медаль ва дипломлар билан тақдирланди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳарбийлари ушбу халқаро мусобақаларда биринчи маротаба иштирок этмоқда. Жумладан, шу йилнинг 16-20 апрель кунлари Россия Федерациясида бўлиб ўтган ҳарбий-амалий спорт турининг "Командирлик стартлари" йўналиши бўйича ўзбекистонлик ҳарбийлар муносиб иштирок этиб, иккинчи ўринни эгаллаган эди.