Навоий вилоятида Венгрия инвестицияси иштирокида қўшма корхоналар ташкил этилади. «Дунё» ахборот агентлиги хабар беришича, вилоят ҳокими ўринбосари Ўктам Исломов бошчилигидаги Навоий вилояти делегациясининг Венгрияга ташрифи давомида бу борада келишувларга эришилган, деб ёзади Kun.uz.
Венгрия миллий савдо уйида ўтказилган бизнес форумда Навоий вилоятидаги «Sharq yog’-moy sanoat» МЧЖ ва Virgin Oil Press Ltd компаниялари совуқ пресс усулида турли мойлар ишлаб чиқариш бўйича қиймати 1 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш борасида келишув имзоланди.
Венгриядаги ярим фабрикатлар ва гўшт маҳсулотлари, музлатилган мева-сабзавотлар ишлаб чиқарадиган энг йирик Mirelite Mirsa компанияси билан ҳамкорликда Хатирчи туманида мева-сабзавотларни чуқур музлатишга ихтисослашган қиймати 30 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилади.
Балиқни қайта ишлайдиган Metrimpex Co.Ltd компанияси билан ҳамкорликда Навоий вилоятида балиқ етиштириш, қайта ишлаш ва қадоқлаш ҳамда музлатилган балиқ ва балиқ филесини экспорт қилишга ихтисослашган қўшма корхона ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. Бу йўналишда Венгрия инвестицияси 500 минг еврони ташкил этади.
Шунингдек, музокаралар натижасида Ўзбекистонга 400 бош Holstein зотли йирик шохли қорамол келтириладиган бўлди.