Мулоҳаза учун мавзу

Мулоҳаза: ўз жонига қасд қилиш муаммонинг тўғри ечимими?

Кеча 25га кирган укам нохуш хабар айтиб қолди: Жиззахда бир синфда ўқиган қиз ўзини осиб қўйибди. У синфдаги энг чиройли, бўйлари баланд, мағрур, табиийки, ошиқлари сероб бўлган экан. Ундан аввалроқ эса андижонлик ҳамкасбим қайин укасининг ўз жонига қандай қасд қилганини сўзлаб берган эди. Россияда ишлайдиган йигит севган қизининг турмушга чиқаётганини эшитиб, онасига қўнғироқ қилади, суҳбат охирида телефонни ўша қизга олиб боришини айтади. Онаизор ўғлининг қандай вазиятда турганини билган ҳолда умид билан қизнинг уйига чопади. Қизнинг овозини эшитган йигит эса: “Сен билан бу ҳаётда бирга бўла олмадик, энди у дунёда бирга бўламиз, алвидо”, дейди холос. Гўшак ортидан эса “ғийқ-ғийқ” деган овоз эшитилиб қолади. Яна бир шунга ўхшаш ҳолат ўтган йилнинг ёзида Қашқадарёда бўлган. Шаҳрисабзлик қиз севган йигитининг тўйи куни келин-куёв айланишга келган вақтда Оқсарой устидан улар олдига ўзини ташлаб ҳаётдан кўз юмди...

Булар мен бир-икки кун ичида эшитган нохуш хабарлар. Афсуски, бу каби воқеаларга тез-тез гувоҳ бўлаяпмиз, эшитиб қолаяпмиз. Савол туғилади: нима учун ёшлар ўз жонига қасд қилмоқда? Наҳотки ўлим барча муаммолардан халос бўлишнинг ягона чораси сифатида кўринадиган бўлиб қолган? Эътибор берган бўлсангиз, мен мисол қилиб келтирган уч ҳолатнинг иккитасида суицидга севги сабаб бўлаяпти. Лекин омадсиз севги ҳам асосий сабаб эмас, назаримда. Ўз жонига қасд қилишга иродасизлик, билимсизлик, мўрт тарбия, нотўғри ёки бутунлай олиб борилмаётган тушунтириш ишлари, турли кино ва сериаллардаги шу каби саҳналар сабаб бўлаётгандек. Бир бошдан ушбу сабаблар ҳақида мушоҳада юритсак.

Иродасизлик. Ожизлик ва ироданинг заифлиги муаммоларни ҳал этишда ўлимдан бошқа йўллар борлиги ҳақида ўйлашдан чеклаб қўяди. Ўзини қийнаётган саволга кимдан жавоб олиши, яқинлари, таниган-билганларидан қайси бири унга ёрдам қўлини чўзиши мумкинлигини билмайди. Гўёки уни ҳеч ким тушунмайди, туйғулари билан ҳисоблашмайди ҳам, ўзини ёлғиз ва кераксиз, қўлидан ҳеч нима келмайдиган ожиз инсондек ҳис этади. Ўлим ҳақидаги тинимсиз хаёллар онгини бутунлай мавҳ этиб, шу йўл билангина барча изтиробларидан халос бўлишига қаттиқ ишона бошлайди.

Билимсизлик. Афсуски, кўпчилик ёшларнинг онгида ўлим, Жаннат, Дўзах, ўлимдан кейинги ҳаёт ҳақида нотўғри тасаввур шаклланиб қолган. Бу дунёда бирга бўлмаган одамлар у дунёда бирга бўлишига қаттиқ ишонишади. Аслида ҳам шундайми? Йўқ, бундай эмас, ўлимдан кейинги ҳаёт улар ўйлаганчалик жўн ва ҳаловатли эмас, ўзини ўлдирган одамлар эса Жаннатга кирмайди! У Худонинг қаҳрига ва норозилигига сабаб бўладиган иш – унга ато этилган омонат, яъни умрига ҳиёнат қилиб турган бўлсаю, “нариги” дунёда уни ким ҳам илиқ қарши оларди? Қолаверса, кейинги ҳаётимизда ким билан бўлишимизни ҳам ўзимиз белгиламаймиз, динимизда бу бўйича керакли маълумотлар, кўрсатмалар берилган ахир. Буни ёшларга тарғибот каналлари ва воситалари орқали диний илми бор масъуллар улар тушунадиган тилда англатиши, асл ҳақиқатни ошкор этиб, шариатда ўз жонига қасд қилган одамлар қаттиқ қораланиши, уларга ҳаттоки жаноза ҳам ўқилмаслиги кераклигини айтиши лозим.

Тарбия. Бугун кўпчилик ота-она ўзининг асосий вазифаси болани яхши едириб-ичириб, яхши кийинтириш, уни уйли-жойли қилишдан иборат, деб ҳисоблайдиган бўлиб қолган. Пул топиш илинжида кунлаб, ҳафталаб, ҳаттоки ойлаб фарзандлари билан бир дастурхон атрофида ўтирмайди, улар билан юзма-мулоқот қурмайди. Бола меҳр ва эътиборга зор бўлиб улғаяди. Натижада ҳаётининг энг оғир лаҳзаларидан ўзининг энг яқин инсонларидан кўмак олишдан ўзини тияди. Ўз жонига қасд қилаётган ёшларнинг аксарияти ана шундай носоғлом муҳит ҳукм сурган оилаларда вояга етишган.

Кино ва сериаллар. Жуда баҳсли масала. Бу фикрга кўпчилик қўшилар, аммо қарши чиқадиганлар ҳам кўп. Аммо энг машҳур севги қиссаларини эсланг: Ромео ва Жульетта, Фарҳод ва Ширин, Лайли ва Мажнун, Отабек ва Кумуш... Уларнинг деярли барчаси бахтсиз якун – ўлим билан тугайди. Бу каби ҳикоялар ҳам иродаси заиф ва билимсиз ёшларни ўлимдан қўрқмайдиган қилиб қўймайди, деб ким кафолат беради? Улар ўз жонига қасд қилаётган вақтда балки ўзи ҳақда кейин одамлар қандай ўйлаши, нималарни ҳис этиб, ўзларини қандай тутиши ҳақида ўйлар? Ўлими ва ундан кейинги ҳолатларни худди кинолардагидек драматик саҳна кўринишида тасаввур қилар балки? Изтироблар исканжасида одамлар уни ачиниш ҳисси билан ёдга олишини истаб, ҳаттоки кимлардир улар учун кўз ёши тўкишини кўз олдига келтирар? Ахир ўлим лаҳзалари киноларда шу қадар таъсирли, керак бўлса ҳавас қиларли даражада ишланади-ку!

Яшашни ўрганайлик!

Ҳаёт гўзал, у бир-икки муаммо билан тугаб қолмайди, мазмунини ҳам йўқотмайди. Фақатгина бир муддат кўзларга жилосиз кўриниши мумкин. Аммо ҳақиқат шундаки, вақт ўтиши билан ҳаммаси унут бўлади, босилган изларни қор қоплайди, яралар битиб, кам-кўстларнинг ўрни тўлади. Бир одамнинг ўрнини бошқаси эгаллайди, илиқ туйғулар сайқал топиб, яна жилваланишни, инсонни ширин хаёл ва тотли лаҳзалар оғуши етаклашни бошлайди.

Ёшларни тўғри йўлга йўналтириш учун эса аввало ўз тасаввурларимизни поклаб, уни олий ҳақиқат нурида тоблайлик, Яратганнинг амрлари ва кўрсатмалари асосида яшашни бошлайлик. Сўнгра билганларимиз ва амал қилганларимизни бошқаларга, ҳаёт синовларида тобланиб улгурмаган ёшларга ўргатайлик. Уларга энг оғир лаҳзаларда ҳам тушкунликка тушмасдан, курашган ва охир-оқибат мақсадига эришган инсонларнинг ҳаётини ибрат қилиб кўрсатайлик, ўзимиз ҳам уларга намуна бўлайлик!

PS: Бу борада сизнинг фикрингиз қандай? Ёшларни ўзини ўлдириш ҳақида фикрлардан чалғитиш, сохта тасаввурлар, ёлғончи туйғулар, ҳаётдаги турли хил синовларни енгиб ўтишлари учун уларга қандай йўл билан маслаҳат, тавсиялар бериш мумкин? Мулоҳазаларингизни биз билан бўлишинг. Зеро, ўткинчи туйғуларни деб боши берк кўчага кириб қолган ёшларга чиқиш йўлларини кўрсатиш, уларга ёрдам қўлини чўзиш барчамизнинг бурчими, инсоний вазифамиздир. Мулоҳазаларингизни мақола остида қолдиришингиз ёки [email protected] электрон манзилига йўллашингиз мумкин.