2016 йилнинг 3 июнь куни ҳаёт билан видолашган 20-асрнинг бетакрор спортчиси Муҳаммад Алининг умр йўли кучли истак, яхшилик, шукуҳ, обрў-эътибор, одамийлик, бахтиёрлик, эътиқод каби ҳаётий қоида ва амалларга бой бўлди. Қуйида унинг феъл-атвори ҳамда турмуш тарзига хос баъзи одатлар, амаллари ҳақида маълумот берамиз.
Кучли ирода
Афсонавий бокс қироли Муҳаммад Алининг сўнгги 32 йиллик умри Паркинсон касаллигига қарши курашиш билан ўтган бўлса ҳам, у бутун умр қаддини тик тутиб, кучли спортчиларга хос ирода билан яшади. Ҳатто боксчи ўлимидан бир неча кун олдин ҳам кафтини мушт қилганча, чемпионларга хос нигоҳ билан камера қаршисида суратга тушган экан.
Ўз ватқидаги журъат
Илк ўта машҳур спортчи сифатида Муҳаммад Али тобора оммалашаётган телевизион шоуларни уруш, ирқчилик, ижтимоий ҳаётга ҳақидаги оламшумул ҳамда янги мавзулар билан янада ранг-баранг қилди.
Йирик сиёсатчилар ҳам Вьетнам урушининг тўғри ёки нотўғри экани ҳақида индамай турган бир пайтда, Алининг чақмоқдай овози бу урушнинг инсоният тарихидаги катта хато эканини таъкидлади.
Муносиб мақсад
"Мени рингда жанг қилаётган ҳолатда кўрган бўлсангиз, сиз мен тўғримда рақибини дўппослаётган ваҳший одам деган хаёлга борманг. Аслида менинг муштлашишдан мақсадим бор. Одамлар мен айтаётган сўзларга қулоқ тутишлари учун ҳам муваффақиятли бўлишга мажбурман", деган эди Муҳаммад Али таржимаи ҳолида.
Али ҳар доим қулай вазиятда долзарб мавзу ҳақида сўзлашни одат қилган.
Ҳаёт сабоғи
"Мен рингда Америка учун жанг қилдим ва Америка учун олтин медални олдим. Ўша куни ресторанга кириб, буни нишонлашни истадим, аммо америкаликлар мени ресторандан қувиб чиқаришди. “Қора танлисан”, деб менга овқат беришмади. Алам билан соҳилда кезар эканман, Америка учун олган олтин медални дарёга улоқтирдим.
Масжидга келиб қолдим ва у ерда оқ танли билан қора танли бир сафда ўтирганини, бир-бири билан оға-инидек суҳбатлашишаётганини, бирга намоз ўқиб, кейин бир-бирини бағрига босаётганини кўрдим. Мен Исломни қабул қилишимни айтдим. Имом менга шаҳодат калимасини ўргатди.
Мен чемпионлик шоҳсупасида туриб, йиғламагандим, хозир йиғладим. Чемпионлигимдан кўра хозир буюкроқ мартабада турганимни ҳис қилиб, йиғладим…"
Ўз-ўзини ирода қила олиш
Муҳаммад Али ўз-ўзини ҳар доим идора қила олган. У ўз имкониятларига тўғри баҳо бера олар, бундан керилмас ва аксинча ўзига бўлган ишончга сукут билан қулоқ тутар эди. Унда қудрат ва мўминликни маҳорат билан уйғунлаштира олишдек ноёб фазилат бор эди.
Инсонларга яхшилик соғиниш
Али вақти чегараланган бўлишига қарамасдан инсонпарварлик, хайр-саховат мақсадлари йўлида жаҳон бўйлаб кезди. Ҳатто у 1990 йилда Ироққа бориб, мамлакат раҳбари билан музокара олиб боради ва америкалик тутқун аскарларни озод қилишга эришади. 2002 йилда Муҳаммад Али Афғонистон бўйлаб Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг "Тинчлик элчиси" сифатида саёҳат қилади.
Бахтиёр умр сири
"Мен доимо одамларга улар бир неча финжон муҳаббат, бир қошиқ сабр, бир чой қошиқ сахийлик, яна бир озгина ғамхўрликни аралаштириб, сўнг унга бахтиёрлик ва хоҳиш уйғунлиги ҳамда тоза эътиқодни қўшсалар ва одамларни мана шу неъматлар билан сийласалар, улардан бахтли одам бўлмаслигини айтгим келади."