Саломатлик

Мияга салбий таъсир этувчи омиллар

Замонавий ҳаётда одамнинг боши гангиб қолиши хеч гап эмас. Шундай экан, бошни асраш керак. Бунинг учун эса мияга салбий таъсир этувчи омиллардан сақланиш керак.

Уйқуга тўймаслик. Бу ҳолат глобал муаммога айланиб бормоқда. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти маълумотига кўра сўнгги 100 йил ичида одамлар ўртача 20%га камроқ ухлаяпти. Ҳаддан ташқари уйқуга тўймаслик оқибатида, бедорлик ҳолатида миянинг турли қисмлари суст уйқу фазасига ўтади. Бу пайтда одам битта нуқтада қотиб, паришон бўлиб қолади, аниқ ҳаракат қилиш қийинлашади. Мунтазам тўйиб ухламаслик натижасида мия хужайралари ўла бошлайди.

Нонушта қилмаслик. Эрталаб нонушта қилмаслик кун давомида одамнинг иш самарадорлиги ва тетиклигига салбий таъсир этади. Бу организмга зарур қувватни истеъмол қилмаслик натижасигина эмас, балки нонушта қилмаслик туфайли қондаги қанд миқдорининг камайиши оқибатидир. Бу эса мияга озиқ моддалар тушишини камайтиради ва қийинлаштиради.

Ортиқча қанд. Миянинг самарали ишлаши учун ширинлик, аччиқ шоколад зарурлигини таъкидладик. Бироқ қанд моддасининг ҳаддан ортиғи оқсил ва озиқ моддалар сингиши билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқаради. Қанд миқдори кам бўлганда организмда қандай ўзгаришлар рўй берса, ҳаддан ортиқ бўлганда ҳам худди шундай ўзгаришлар рўй беради. Яъни озиқ моддалар мияга ўтмайди.

Руҳий зиқлик. Кучли руҳий-ҳиссий зўриқиш нейронлар ўртасидаги алоқанинг узилишига сабаб бўлиб, воқеалар кетма-кетлиги, сабаб-натижа алоқадорлигини тушунишни қийинлаштиради. Кучли асабий зўриқиш хеч бир иш унмаётгандек туюлиши шу билан боғлиқ. Йиғилиб қолган зиқлик хотирани ёмонлаштириб, ақлий салоҳиятни пасайтиради.

Чекиш. Чекишнинг организмга салбий таъсири ҳақида гапирганда ҳаёлга биринчи бўлиб қорайган ўпка тасвири ва тишларнинг ҳунук кўриниши келади. Аммо сигаретнинг бош мияга қандай таъсир қилиши тўғрисида кам гапирилади: никотин томирларни торайтиради. Бу мияда озиқ моддаларнинг етишмаслиги билан бирга алцгеймер касаллиги хавфини бир неча баравар оширади.

Қуёш. Қуёш нури етишмаслиги одамнинг билим олиш қобилиятига бевосита таъсир кўрсатади. Биринчидан, қуёш нуридан олинадиган ултрабинафша нурлар қон айланиши (кислород ва озиқ моддалар келиши)ни тартибга солади. Иккинчидан, қуёш нури серотонин – одамнинг кайфиятини кўтарадиган гормон ажралишига ёрдам беради.

Сув. Сув етишмаслиги мия ҳажмини кичрайтиради. Бу эса унинг ишлаш функциясини анчагина пасайтириб, ахборотни эслаб қолишни жуда қийинлаштиради. Бир суткада ўртача 2 литр сув ичиш тавсия этилади.

Антидепрессантлар ва уйқу дори. Ривожланаётган давлатларда кучли таъсир қилувчи дориларга ўчлик – долзарб муаммо. Зеро у ерларда дориларни топиш анча осон. Айрим уйқу дори ва оммалашган антидепрессантлар хотирани ёмонлаштириб, ақли заифликни келтириб чиқариши мумкин.

Ахборот кўплиги. Одам ўзлаштирадиган ахборот йил сайин шиддат билан кенгаймоқда. Бу мияни чиниқтириб, унинг фаоллигини сақлайдигандек туюлади. Аслида эса мия бунга қаршилик билан жавоб беради. Натижада мия ахборотни қабул қилмай қўяди, хотирада эса узилишлар кузатилиши мумкин.

Кўп вазифалилик. Ахборот оламининг бошқа салбий таъсири: одам бирданига бир неча ахборот оқимини қабул қилади. Натижада уларнинг биронтаси етарли даражада қабул қилинмайди, онг эса бундай иш тарзига ўрганиб қолади. Ахборот юзаки қабул қилинади, битта иш билан юзаки шуғулланиш қийинлашаверади. Манба: Beka.uz