Саломатлик

Миллий терма жамоа Австрияда тайёрланмоқда

2018 йили Россияда яшил майдонларида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун саралашининг учинчи босқичига тайёргарлик кўраётган футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси навбатдаги ўқув-машғулот йиғинига киришди. Самвел Бабаян бошчилигидаги миллий терма жамоанинг ушбу йиғини  6 – 21 июль кунлари Австрияда бўлиб ўтади. Бу ҳақида Ўзбекистон футбол федерациясининг расмий сайти хабар қилди.

Эътиборлиси шундаки, миллий терма жамоа мураббийлар штаби Австриядаги йиғинга маҳаллий чемпионатда тўп сураётган футболчиларни олиб кетишга қарор қилган. Улар орасида янги номларни ҳам учратиш мумкин. Жумладан, "Пахтакор"дан Жамшид Болтабоев, "Бухоро" клубидан Руслан Мелзиддинов, Саламат Қуттибоев, шунингдек "Нефтчи"нинг иқтидорли хужумчиси Муродбек Бобожонов ҳам мазкур йиғинда иштирок этмоқда.  Шунингдек, Шохруз Норхонов, Зафар Полвонов, Достон Турсунов ва бошқа футболчилар 24 июль куни ўтказиладиган Ироқ билан баҳсдан олдин терма жамоа сафига қўшилишади

Хабарларга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси мазкур йиғин доирасида 14 июль куни Германия Бундеслигаси вакили  “Боруссия“ Д, 17 июлда Россия премьер лигаси аъзоси “Уфа”  ва 22 июль куни  яна бир немис клуби “Карлсруэ” га қарши синов назорат баҳсларини ўтказишади.

Мазкур хориж йиғинига легионер футболчилар чақирилмаган.

Дарвозабонлар: Игнатий Нестеров (“Локомотив”), Элдор Суюнов (“Насаф)

Ҳимоячилар: Даврон Хошимов (“Пахтакор”), Ислом Тўхтахўжаев (“Локомотив”), Камолиддин Тожиев (“Пахтакор”), Акромжон Комилов (“Бунёдкор”),  Руслан Мельзитдинов (“Бухоро”), Александр Мерзляков (“Бухоро”), Акмал Шораҳмедов (“Бунёдкор”)

Ярим ҳимоячилар: Азимжон Аҳмедов (“Пахтакор”), Жавоҳир Соҳибов (“Пахтакор”), Отабек Шукуров (“Бунёдкор”), Саламат Қутибоев (“Бухоро”), Жамшид Болтабоев (“Пахтакор”), Станислав Андреев (“Пахтакор”) Жамшид Искандеров (“Пахтакор”) Жасур Ҳасанов (“Локомотив”), Достон Ҳамдамов (“Бунёдкор”), Элдор Шомуродов (“Бунёдкор”), Шерзод Каримов (“Пахтакор”)

Ҳужумчилар: Марат Бикмаев (“Локомотив”), Муродбек Бобожонов (“Нефтчи”)

Эслатиб ўтамиз, айни вақтда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ЖЧ-2018 учинчи саралаш босқичи олдидан Ироқ ҳамда Яман терма жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувлари ўтказиш борасида келишуви бор. Ироқ билан ўтказиладиган назорат учрашуви 24 июль куни, Тошкетдаги “Бунёдкор” стадионида ўтказилиши режалаштирилган.

Яманга қарши кечадиган назорат ўйини эса 24 августга белгиланган. Ушбу ўйин ҳам “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтади. Ҳар икки учаршув Тошкент вақти билан 19:00да бошланади.