“Бобур видеофилмидаги Маъмуржон Тўхтасинов ижро этган “Яхшилиғ” қўшиғини маза қилиб тингламаган санъат шайдоси бўлмаса керак. Аслида Бобур ғазалини қўшиқ қилиш учун ҳам маълум маънода жасорат, шоир ҳайратидан кам бўлмаган ҳайрат ва пок қалб керак. “Ким кўрибди эй кўнгил, аҳли жаҳондир яхшилиғ” дея куйлаганида давралар бу қўшиққа беихтиёр жўр бўлар, эшитувчини сеҳрлаб оларди. Бу сеҳр ортида алмаштириб бўлмайдиган овоз, мукаммал ижро бор. Ширали овози, бетакрор қўшиқлари билан ҳалқимиз қалбидан жой олган Ўзбекистон халқ артисти Маъмуржон Тўхтасинов бугун орамизда бўлмаса-да, унинг дилтортар наволари ҳамон яшаб келмоқда.
Санъаткорнинг фарзанди Умиджон Тўхтасинов ҳам отаси изидан бораётган ижодкорлардан. У билан бўлган суҳбатимизда Маъмуржон Тўхтасинов ҳақидаги хотираларни ёдга олдик.
— Отангизнинг кимгадир қилган катта яхшилиги ёки хайриясини эслай оласизми?
— У киши бундай ишни айтишни, шунинг орқасидан обрў орттиришни асло истамасди. Ана шундай мард феъл-атвори бор эди. 8 йил ёнида бирга эл хизматида борган бўлсак, бирор марта “мана шу жойда бепул хизмат қилдик” демаган. Кимгадир ёрдам берган бўлса “буни ҳеч ким билмасин” деб бизга ҳам қаттиқ тайинларди, ўзи ҳам ҳеч кимга айтмасди.
— Маъмуржон аканинг қайси жиҳатларини алоҳида таъкидлаган бўлардингиз?
— Ҳозир баъзи санъаткорлар мухлисларнинг молу давлати, мансабига қараб муомала қилади. Отам эса, ҳеч нарсани моддийлик билан ўлчамасди. Ҳаммага бир хил муомала қиларди. Дунёқараши кенг, оилапарвар инсон эди. Ҳеч қачон кибрга берилмасди. Кимгадир ёқса-ёқмаса тўғрисўз эди. Бирор нарса ўзига ёқмаса тўғрисини айтиб қўя қоларди.
— Санъаткор сифатида сизга бирор таъқиқ қўйганми?
— Бировга ваъда беришдан олдин ўйлагин, дерди. Ўзи ҳам ҳеч қачон бирор жойга кеч бормаган. Ваъда берган жойларини ҳеч қачон бошқа таклифга алмаштирмасди. Ҳатто, бир сафар мухлисларидан бири битта машинанинг калитини ўртага ташлаб “ака, бизникига боринг”, деганида ҳам мен бошқа одамга лафз қилиб қўйганман, деганига гувоҳ бўлганман. Агар Тошкентга келиш учун ваъда бериб қўйган бўлса, албатта, бир кун олдин келарди. Йўлда ҳамма нарса бўлиши мумкин, мен лафзсиз одам бўлиб қолмай дерди. У кишининг фаолиятида, ўрнига бошқа бировни юбориш ёки ваъда берилган жойдан қолиш ҳолатлари бирор марта кузатилмаган.
— Сиздан бошқа фарзандлари ҳам санъат йўлини танлаганми?
— Укам Уйғунжон ҳам санъат йўлида, Яна бир укам Ўткирбек эса, консерваторияда таҳсил олаяпти. Отам, “агар ашулани яхши айтсанглар айтинглар, бўлмаса, бошқа иш қилинглар”, деб кўп такрорларди. Ҳаммамиз ҳам у кишига муносиб фарзанд бўлиш учун интилаяпмиз.
— Кимдир фалончининг фарзанди деган гапни унчалик ёқтирмайди. Сиз-чи?
— Яқинда бир ижодкорнинг фарзанди, мен отамдан ҳам ўтиб кетаман, мени унинг фарзанди деб қарашларини истамайман деди. Бу гапдан сўнг ўйланиб қолдим. Мен отамнинг фарзанди эканлигимдан фахрланаман. Қани эди, у киши қилган ишнинг юздан бирини қила олсам. Бу ҳам, катта гап.
— Отангизнинг қўшиқларини қайта ижро этиш ниятингиз борми?
— “Бировга қилсанг яхшилик, ҳам айтади, ҳам қайтади” номли қўшиғини ижро этдим. У кишининг қўшиқларини ижро этиш учун ҳам журъат керак. Агар ўзидек ижро этолмасангиз, мухлисларни норози қилиб қўйишингиз мумкин.
— Энг кўп такрорлайдиган насиҳати...
— Номард бўлиб яшаманглар. Мардлик инсонни азиз қилади, деб уқтирарди.
— Нега Маъмуржон ака пойтахтга келиб ижод қилмаган? Ахир бу йерда имконият кўпроқ эдику.
— Бундан бир неча йил олдин суҳбатларнинг бирида отамга шу саволни беришганида, у киши “мен ота-онамни сўнгги йўлга кузатиш чоғида ёнларида бўлмасам, фарзандлик бурчимни бажаролмасам ўзимни кечиролмайман” дея жавоб берганди. Бу шунчаки баландпарвоз гап эмас. У нафақат яхши санъаткор, балки инсон, ота ва фарзанд сифатида ҳам ҳавас қилса арзирли одам эди. Мен санъаткорман деб оилани эсдан чиқариб қўймасди.
— Билишимизча, сиз отангиз ишлатган телефон рақамини ўчирмай, ўша рақамдан фойдаланар экансиз. Демак, отангиз сиз учун ҳамон тирик.
— Мухлислари отам дунёдан ўтганидан кейин ҳам, салкам икки йил вафот этганига ишонишмади. Мен ўғлиман десам ҳам, биз адашиб тушибмиз шекилли дейишди. Демак, отам нафақат бизнинг, балки мухлисларининг ҳам юрагида қолган экан.
Хулоса ўрнида: Ҳозирда баъзи санъаткорлар ҳақида гап кетганда, “фалончи лафзи йўқни айтяпсизми?” деган кинояларни эшитиб қоламиз. Халқ орасида айтилган жойга бораман деб, ваъда бериб, кейин эса ўз сўзнинг устидан чиқолмай обрўсини йўқотган санъаткорлар ҳам йўқ эмас. Ҳа айтгандек, бир куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлардан бири хатто телевидение камералари қаршисида тап тортмай “мен бепул тўйга борадиган даражада обрўси паст ҳонанда эмасман” деганди. Шундан буён бу ҳонандани хатто исмини ҳам эшитгим келмайди. Шу гапи билан фақат пулга сотиладиган ва сотиб олинадиган “санъати”нинг обрўсини нархлаб берганди. Марҳум санъаткорнинг лафзга, айтган гапига содиқлиги ҳақидаги хотираларни эшитиб эса, ёш ижодкорларнинг обрў қозониш мақсадида нима қилишлари кераклигини англагандекман. Ҳатто, машина учун ҳам сўзидан қайтмаган санъаткордан ўрнак олса арзийди.
Зуҳра РЎЗИеВА